"Лестер" - Англия Кубоги соҳиби!
"Челси" ҳамда "Лестер" ўртасидаги Англия Кубоги финали баҳси ўз ниҳоясига етди. Учрашув Тилеманснинг ягона суперголи эвазига "Лестер"нинг ғалабаси билан якунланди ва "тулкилар" Англия Кубогини қўлга киритди!
Ўта қизғин кечган баҳсда Брендан Рожерс шогирдлари анчайин иродали ўйин намойиш этди, гарчи 89-дақиқада Бен Чиллуэл ҳисобни тенглаштирган бўлсада, гол офсайд қайд этилганлиги сабаб инобатга олинмади. Ягона гол ўйин тақдирини ҳал қилди. "Тулкилар" мавсумни титул билан якунлайдиган бўлди!
Ғалаба билан барча "Лестер" мухлисларини табриклаб қоламиз.
- 90+5'
Учрашув якунланди! "Лестер" Англия Кубоги соҳибига айланди. Эътиборингиз учун раҳмат!
- 90+4'
Бурчак тўпидан "Лестер" унумли фойдалана олмади.
- 90+3'
"Челси" бор кучини олдинга ташламоқда. Сўнгги дақиқалар, қонга-қон, жонга-жон! Мухлислар ҳам тобора баландроқ овозда жамоаларни қўлламоқда.
- 90+'
Учрашув асосий вақтига 5 дақиқа қўшиб берилди.
- 90'
Гол инобатга олинмади. Чиллуэл офсайдда қолиб кетган экан...
- 89'
Гол инкор қилиниши мумкин, бош ҳакам ВАРга мурожаат қилади.
- 89'
ГОООООООООООООООООООООООООООЛЛЛЛ!!!! Бен Чиллуэл собиқ жамоасига гол урди ва ҳисобни тенглаштирди! Фантастика!
- 86'
Бурчакдан узатилган тўп ўта баланддан кетди. Ноаниқ уриниш.
- 84'
Айосе Перез майдонни тарк этди, Чудури ўйинга қўшилди.
- 83'
Рожерс хам захираларни ишга солди: Люк Томас ўрнига Уэс Морган ўйинга қўшилди.
- 82'
Тухельдан ўзгариш: толиққан Вернер ўрнига Оливье Жиру майдонга ташланди!
- 79'
Бурчак тўпидан сўнг "Лестер" ҳимоячилари ажойиб ҳаракат қилишди, "Челси" позицион ҳужумни давом эттиради.
- 77'
Сесар Аспиликуэта ўрнига Каллум Ҳадсон-Одои ўйинни якунлаб қўядиган бўлди.
- 76'
Жоржиньо ўрнига Кай Хаверц ўйинни кучайтириш учун майдонга тушди.
- 72'
"Аристократлар" бу сафар ҳам бурчак тўпидан унумли фойдалана олмади.
- 70'
"Лестер"да ҳам ўзгариш: Ихеаначо ўрнига Меддисон ўйинга қўшилди.
- 68'
"Челси"да 2 ўзгариш: Зиеш ва Алонсо ўрнига Пулишич ҳамда Чиллуэл ўйинга қўшилди.
- 66'
"Челси" бурчак тўпидан сўнг хавфли вазият ярата олмади.
- 63'
ГОООООООООООООООООООЛЛЛ!!! Люк Томаснинг пасидан сўнг Юри Тилеманс пушка зарбаси билан тўпни дарвозага михлаб қўйди! 1-0! Ҳисоб очилди!
- 61'
Бурчакдан тўпни Тилеманс ўйинга киритиб беради.
- 60'
Олбрайтоннинг паси омадсиз чиқди.
- 59'
Тьяго Силва узун пас билан жамоадошларини олдинга ташлади, бироқ тўпга унинг жамоадошлари эга чиқа олмади.
- 56'
"Лестер" бурчак тўпидан сўнг хавфли вазият юзага келтира олмади.
- 55'
Кастань жарима майдончаси ичига тўпни узатди, ҳимоячилар тўпни узоқлаштирди.
- 53'
Маркос Алонсонинг бош билан берган зарбасини Шмейхель бартараф этди.
- 52'
"Челси" ажойиб жамоавий ўйин намойиш этмоқда. Назорат кучли.
- 50'
Олбрайтоннинг зарбасини Кепа қийинчиликсиз бартараф этди.
- 47'
Вернернинг паси ўта кучли чиқди, Маунт уни эгаллай олмади.
- 46'
Иккинчи бўлим бошланди.
- 45'
Футболчилар майдонга қайтишмоқда. Биз ҳам қайтамиз.
- 45+3'
Биринчи бўлим якунланди! Танаффус.
- 45+2'
Маунтнинг ҳаракатлари эвазига лондонликлар бурчак тўпига эга чиқишди.
- 45+1'
Варди ажойиб имкониятни қўлдан чиқарди! Бош билан йўлланган зарба ноаниқ кетди.
- 45+'
2 дақиқа вақт қўшиб берилди.
- 45'
Бурчак тўпидан сўнг хавфли вазият юзага келмади.
- 44'
Тимо Вернер Фофанани алдаб ўтиб дарвозага зарба йўллади, бироқ ноаниқ кетди.
- 43'
Чағлар Сеюнжу жарима майдончаси ичида тўпни боши билан дарвозага йўналтирди, бироқ тўп устуннинг ёнгинасидан ўтиб кетди.
- 40'
Вернер қоидани бузди, сариқ карточка!
- 39'
Жарима майдончаси чизиғи устидан Вернер йўллаган зарба блокланди.
- 38'
"Челси" аъзолари қисқа паслар билан ўйинни давом эттиришмоқда.
- 36'
Уэсли Фофана қўли билан ўйнагани боис сариқ карточка олди.
- 36'
Тимоти Кастань рақибини чалиб йиқитгани боис оғзаки тарзда огоҳлантирилди.
- 34'
Мейсон Маунт заргарона паслари билан ўйинни безамоқда.
- 33'
Жонни Эванс ўйинни давом эттира олмайди. Унинг ўрнига Рожерс Олбрайтонни ўйинга қўшди.
- 31'
Жонни Эвансга тиббий ёрдам зарур. Шифокорлар майдонга чиқишмоқда.
- 29'
"Челси" бурчак тўпидан сўнг хавфли вазият юзага келтирди, палапартиш вазиятдан сўнг "Лестер" бир амаллаб бу ерни ёриб чиқди.
- 28'
Кантенинг зарбасидан сўнг ҳимоячилар тўпни бурчакка чиқариб юборди.
- 26'
Юри Тилеманснинг ўткир бурчакдан берган зарбаси блокланди.
- 24'
Бурчак тўпидан сўнг Шмейхель тўпни эгаллаб олди.
- 23'
Мейсон Маунтнинг жарима майдончаси чизиғи устидан берган зарбаси рикошетдан сўнг майдонни тарк этди.
- 21'
Сеюнжу жарима майдончаси ичида чалқанчасига зарба берди, бироқ тўп юқорилаб кетди.
- 20'
Тьяго Силва қўли билан ўйнади. Кейинги сафар бу учун унга карточка кўрсатилиши мумкин.
- 18'
"Челси" бутун жамоа бўлиб қисқа паслар билан ўйнамоқда.
- 16'
Жейми Варди жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилиб олди ва зарба берди, бироқ тўп Жеймсга тегиб қайтди.
- 15'
Нголо Канте жарима майдончаси ташқарисидан туриб дарвозага зарба йўллади, бироқ ноаниқ.
- 12'
Юри Тилеманс рақиб ҳужумини чиройли тарзда тўхтатиб қолди.
- 11'
Ҳаким Зиеш жарима майдончаси ичига ёриб кирмоқчи бўлди, бироқ Каспер Шмейхель тўпга ундан олдинроқ етиб келди.
- 8'
"Челси" бурчак тўпидан сўнг бу сафар ҳам хавфли вазият юзага келтира олмади.
- 6'
Бурчак тўпидан сўнг хавфли вазият юзага келмади.
- 4'
"Челси" жарима зарбаси ишлаб олди. Вернер уни ижро этади.
- 2'
Илк дақиқаларни "Челси" штурм билан бошлади.
- 1'
Учрашув бошланди!
Фикрлар