«Ливерпуль» - «Барселона». На куч ва на умид...(Эркинжон Ғайбуллаев блоги)
Ads

Биринчи учрашувдаги йирик ҳисоб ўйин «Барса»нинг устунлигида ўтгандек таассурот уйғотади. Аслида, «Ливерпуль» ўйинда кўп жабҳаларда рақибларидан устун бўлди. Аммо вазиятларни якунлашдаги камчилик, «Барса» ўйинчиларининг ҳотиржамлиги ҳисобни мана шундай бўлишида катта омил бўлди.

Англия клуби Каталонияда битта гол урган бўлганида ҳам, ҳозир улардаги умид учқунларининг шуъласи анчагина баланд бўлар эди. «Барса»дек клуб 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганида кейинги босқични фақатгина орзу қилиш мумкин, назаримизда.

Ҳозир «Ливерпуль»ни тинчлантириши мумкин бўлган ҳолат бу, улар ўртасидаги учрашувлар тарихидир. Шу кунгача бўлган учрашувларнинг 4тасида «қизиллар» ғалаба қозонган, уч учрашувда «Барса»нинг қўли баланд келган ва шунча бора жамоалар дурангга имзо чекишган.

«Ливерпуль»нинг яна бир камчилиги улар «Энфилд»да «Барселона» билан ўйнашга қийналишади. «Мерсисайдликлар» сўнгги икки учрашувда уйларида мағлуб бўлишган. 2007 йили «Ливе» уйида 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйган. Ҳайратланарлиси, улар жавоб ўйинида 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финал йўлланмасини нақд қилишган.

2001 йил гуруҳ ўйинларида АПЛ клуби 1:3 ҳисобида мағлубиятни қабул қилиб олган.

2016 йили Халқаро Чемпионлар кубоги мусобақаси доирасидаги «Уэмбли»да бўлган ўйинда «Барселона»ни 4:0 ҳисобида «ер тишлатган». «Ливерпуль» мухлислари айнан мана шу натижа такрорланишини чин юракдан хоҳлашмоқда.

Ҳозирда «Барселона»нинг асосий эътибори Чемпионлар Лигасидаги учрашувларга қаратилган. Испания чемпионлигини нақд қилиб улгурган испанлар «Сельта»га (2:0) қарши учрашувни расмиятчилик учун ўтказиб қўйишди. Иккинчи таркиб билан ўйнаган «Барса» мағлубиятдан заррача афсуслангани йўқ

 «Ливерпуль» «Сельта»нинг ғалабасидан ҳурсанд бўлган бўлиши мумкин. Аммо бу ҳеч нарсани англатмаслигини ҳамма тушиниб турибди. «Барса» ундан олдинги мағлубиятини январда  «Севилья» дан Испания кубоги доирасидаги учрашувда қабул қилиб олган эди. Жавоб ўйинида эса бу «қилмишлари» учун уларни жуда қаттиқ ҳафа қилишди-6:1.

«Ливерпуль» ҳам жуда ажойиб мавсумни ўтказмоқда. Афсуски, Англияда бундай ўйнаётган жамоалар сони битта эмас.

«Манчестер Сити» «қизиллар» билан чемпионлик пойгасини сўнгги тургача давом эттирмоқчи. «Ливерпуль» икки фронтдаги курашда ҳам жисмонан ҳам руҳан қийналмоқда. Масалан «Ньюкасл» (3:2) билан бўлган учрашувдаги ғалаба учун жамоа жуда катта куч йўқотди.

Фарқни ўзингиз кўриб олинг. «Барселона» ўтган ҳафтадаги ўйинни машғулотдек ўтказди, унинг рақиби эса «жангдан» яраланиб чиққан аскардек. Ўйиндаги ҳисоб ҳам, руҳий ва жисмоний устунлик ҳам Испания клуби томонида.

 «Ливерпуль» жамоаси таҳминан қуйидаги кўринишда майдонга тушади: Алиссон, Александр-Арнольд, Матип, ван Дейк, Робертсон, Хендерсон, Фабиньо, Вейналдум, Шакири, Ориги, Мане.

«Барселона»дa таҳминий таркиб қуйидагича: тер Штеген, Роберто, Пике, Лангле, Альба, Видаль, Ракитич, Бускетс, Коутиньо, Суарес, Месси.

Минг афсуслар бўлсинки, «Ливерпуль» ҳужумдаги етакчиларидан фойдалана олмайди. Фирмино ва Салоҳнинг йўқлиги Клоппни қаттиқ тушкунликка тушириб қўйди:

-Икки футболчимиз ҳам бизга ёрдам бера олмайди. Салоҳнинг боши «чайқалган». У ўзини яхши ҳис қилмоқда, аммо тиббий кўрик ўйнаш мумкин эмаслигини кўрсатмоқда. У ўйинга тушишни хоҳламоқда. Лекин биз учун унинг соғлиги биринчи ўринда.

Тарих такрорланмоқда. Ўтган йили ҳам айнан Чемпионлар Лигасининг ҳал қилувчи ўйинида Салоҳ жароҳат олган эди. Мана шундай ҳолатга дуч келмаслик учун «Барса» чемпионатдаги ўйинни «қурбон» қилди. «Ливерпуль» эса чемпионатида бундай қила олмас эди. Балки АПЛдаги ўйинда етакчиларни асраш тўғрироқ бўлармиди…

Мана шунақа гаплар. Айтганча, бугун ван Дейк ҳам майдонга туша олмаслиги мумкин. У кечаги машғулотларни ўтказиб юборган. Инглиз клуби бугунги ўйинда бирорта ҳам тўп ўтказиб юборишга ҳақи йўқ! Ван Дейк билан учта тўп ўтказиб юборган жамоа, усиз қандай ҳимояланиши ҳозирча бизга қоронғу.

«Ливерпуль» нимага умид қилса бўлади? Бугун «Барса» йирик ҳисобдаги ғалабага қарамай, босим билан ўйнаши мумкин. Чунки ўтган йили ўз майдонида «Рома»ни 4:1 ҳисобида енгган Каталония клуби Италияда 3:0 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этгани қўрқинчли тушдек ҳамманинг ёдида. 

«Ливерпуль» ўз кучи, мухлислар қўллаб-қувватлаши ва характерига ишониши мумкин. Қолган барча футбол қонуниятлари «Барса» тарафида.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Zari Inn
08/05/2019 10:15
BU avtor barsachi bo'lsa kerak. Mana qizillar Barsani sezmay o'tishdi. Na Messi VA Na ter Shtegen qutqara olmadi. Chunki bu Liverpool, chunki bu Klopp)))