"Локомотив" - "Қизилқум" ўйини яна бир кунга сурилди. Сабаби эса...
"Бунёдкор" стадиони чимини миллий жамоанинг КХДР термасига қарши учрашуви учун сақлаш мақсадида мазкур беллашув 24 август куни "Дўстлик" стадионида ўтказилиши маълум қилинганди.
Бироқ шундан кейин Лига ҳамда "Спорт" телеканалига боғлиқ бўлмаган ўзгаришлар рўй берди. Хабарингиз бор, айни вақтда Ўзбекистон футзал бўйича жаҳон чемпионатини ўтказишга пухта ҳозирлик кўрмоқда. Мусобақа телетрансляцияси муҳим аҳамият касб этади ва буни амалга оширишга тайёргарлик кўриш жараёнида телерадиокомпаниянинг ҳиссаси бор.
Суперлига учрашувида эса ВАР техникасининг фаолият олиб бориши муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун беллашув суратга туширилиши лозим. Шундан келиб чиқиб, "Спорт" ҳамда Лига ўзаро келишган ҳолда ҳар икки клуб билан музокара олиб борди ва якунда учрашувни яна 1 кунга суришга қарор қилди.
Шунингдек, "Қизилқум" клубининг U21 жамоаси аъзолари Тошкентга келиши учун аллақачон чипталар харид қилинганидан келиб чиқиб, ўринбосарлар ўртасидаги учрашув санасига ўзгартириш киритилмади. Келишувга кўра, асосий ва U21 жамоалари ўйини 25 август куни параллел равишда бўлиб ўтади. Асосий беллашув 18:00 да старт олади.
Лига мавжуд ҳолат учун футбол жамоатчилигидан узр сўрайди. Айни вақтда биз Суперлига учрашувларини белгиланган тартибда ўтказиш учун барча воситани ишга солиб келмоқдамиз. Бироқ Лигага таалуқли бўлмаган бошқа масалалар ҳам борки, охир-оқибат улар билан ҳисоблашишимиз лозим. Умид қиламизки, жамоатчилик вазиятни тўғри тушунади.
ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар