"Локомотив" бош мураббийи: "Ғалаба осонликча қўлга киритилмади"

Суперлиганинг 1-тури доирасида “Олимпик”ка қарши ўйиндан кейин “Локомотив” бош мураббийи Александр Стоймирович фикрларини билдирди.

"Жамоамни ғалаба билан табриклайман. Улар бугун максимал равишда ҳаракат қилишди. Ундан ташқари, мураббийлар штаби ҳамда раҳбариятни ҳам ғалаба билан табриклаб қоламан. Ўйин ҳақида нима дейиш мумкин. Жамоага янги келган футболчиларнинг катта қисми маҳаллий футболчилардир.

Ўтган ўйинда биз ўйин амалиёти борасида кичик муаммоларга дуч келдик. Янги футболчилар аста-секинлик билан жамоанинг қонун-қоидалари, талабларини, тактикасини тушуниб боришмоқда. Лекин баъзида руҳий муаммоларга дуч келяпмиз. Чунки улар ўз жамоаларидан кейин расмий ўйинларда қатнашганича йўқ. Бироқ мен уларга ишонаман, чунки биз барчасини ҳисобга олган ҳолда селекция ишларини олиб борганмиз.

Легионерлардан Иван Булатович Загребнинг “Локомотив”ида тўпиғидан икки марта жароҳат олган. Мана бугун у ўзининг катта потенциалини кўрсатишни бошлади, яхши ҳолатини тиклаб бормоқда. Ундан ташқари, шуни айтишим керакки, жамоа сардорисиз иккита ўйин ўтказдик. Санжар Турсунов ўтган мавсум сўнгги турда “Насаф” билан ўйиндаги қизил карточкаси сабабли иккита ўйинни ўтказиб юборди. Кейинги турда “Пахтакор” билан ўйинга у сафга қайтади. Бу жамоа учун руҳий томондан ҳам катта плюс. Чунки Санжар жамоа ичида катта таъсирга эга футболчи эканлигини яхши биламиз. Шу сабабли бошқа футболчилар у борлигида ўзини хотиржам тутиб, ишончли ўйнай олишади.
“Олимпик” ҳақида нима дейиш мумкин… Ёш ва тартибли жамоа. Темур Кападзенинг жамоадаги фаолиятини қаттиқ ҳурмат қиламан. 3 йилдан буён жамоасини юқори даражада ўйнатмоқда. Шу сабабли ғалаба осонликча келмади. Улар ҳаттоки 10 киши бўлиб қолганида ҳам жамоавийлик ва автоматизация ҳисобига ҳимояланиш қийин кечди.

Бу динамик ўйиннинг сўнгги дақиқаларида биз очилиб кетдик, 100 фоизлик имкониятларга эга бўлдик, каттароқ ҳисобда ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Ғалабадан мамнунман, бу биз учун катта қадам бўлди. Чунки “Локомотив” Про-лигадан қайтди, шу сабабли ғалабаларни бирданига яратиб олиш осон бўлмайди. Барчасига аста-секинлик билан эришамиз", - деди Стоймирович.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!