"Локомотив"да ёшнинг аҳамияти йўқ
“Локомотив” - “Сурхон“ ўртоқлик учрашувидан сўнг ”темирйўлчилар” ярим ҳимоячиси Камрон Сайдазимов клуб матбуот хизматига қисқача интервью берди.
- Икки ойдан ошиқроқ давом этган карантиндан кейин иккинчи синов-назорат ўйинида майдонга тушдик. Бу Суперлига 4-турига тайёргарлик доирасида сўнгги ўйин бўлди. “Сурхон” - яхши шаклланган жамоа. Ўйин қийин кечди, бошида 2та гол уриб олдик. Шундан кейин 10 дақиқача қийналдик. Aммо кўп ўтмай тизгин яна қўлимизга ўтди.
- Мураббий бугун сизни асосий таркибга қўйди. Ҳиссиёт бошқача бўлдими?
- Ҳа, шундай. Чунки жамоага келганимдан бери илк марта асосий таркибда майдонга тушдим. Гарчи ўртоқлик ўйини бўлса-да, “Локомотив” таркибида ўйнаш босим юклайди.
- Карантиндан кейин жамоанинг ҳолати қандай? 15 июнь куни бирданига ўйнаб кетиш қийин бўлмайдими?
- Тўғри, қийин бўлади, лекин машғулотларда астойдил ишлаб тайёр бўлиб олишга ҳаракат қиляпмиз. Чемпионат бошланганда ким қандай ҳолатда эканлиги кўринади. Худо хоҳласа, биз мавсумнинг давомига тайёрмиз деб ўйлайман.
- Бугунги ўйин қанчалик оғир ўтди?
- Иккита гол урган бўлсак-да, рақиб бизга етарлича қаршилик кўрсатди. Чемпионликни мақсад қилиб қўйганимиз учун барча ўйинларда ютишга ҳаракат қиляпмиз.
- Ўз ўйинингизни қандай баҳолайсиз?
- Бошида ҳаяжондан чиқиб кетиш бироз қийин бўлди. Aммо жамоага мослашиб кетишимга ишонаман. Бугун ўз ўйинимни кўрсата олдим деб ўйлайман.
- Расмий учрашувларда асосий таркибга кириш имконияти қандай?
- Aсосий таркибга кириш учун ҳаммада имконият бор. Жамоамизда ёшнинг аҳамияти йўқ. Ким машғулотларда ўзини кўрсатса, мураббий унга ишонч билдиради ва асосий таркибга қўяди.
Фикрлар