"Локомотив"га янги бош мураббий тайинланди!
Бугун "Локомотив" ПФК раҳбарияти ва мураббийлар штаби ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишда жамоанинг Суперлига ва Ўзбекистон Кубогидаги иштироки муҳокама қилиниб, кейинги йил учун режалар белгилаб олинди.
Учрашув чоғида клуб раҳбарияти янги мавсумдан асосий жамоани ёш иқтидорли мутахассис Денис Коростиченко бошқаришини маълум қилди. Хабарингиз бор, португалиялик мураббий Микаель Секейра "Локомотив"ни тарк этганидан сўнг, 27 ноябрь куни Қаршида "Насаф" билан кечган баҳсда "темирйўлчилар"ни Денис Коростиченко бошқариб, мавсумнинг охирги ўйинида жамоа 3:1 ҳисобида зафар қучди.
2019 йил "Локомотив" U21 жамоасида Тимур Кападзега ёрдам берган Коростиченко ёшларимизнинг Ўзбекистон чемпиони бўлишида муносиб ҳисса қўшди. 2020 йилнинг иккинчи ярмида Тимур Кападзе "Локомотив" асосий жамоасини қабул қилиб олгач, мураббийлар штабига яна Коростиченкони таклиф этди. Йил охирида Тимур Тоҳирович янги тузилган "Олимпик" жамоасига йўл олди. Денис Коростиченко эса "Локомотив"да қолиб, Микаель Секейра бошчилигидаги мураббийлар штабидан жой олди.
"Локомотив" клуби матбуот хизмати
Фикрлар