Мадриддаги сўнгги рақс ёхуд Роналдунинг қайтиши ҳаммага фойда
SPORTS.uz Роналдунинг Туринни тарк этиши борасида фикр юритади.
Икки томон ҳам фойда кўради
Роналду ЕЧЛда ҳеч нарсага қодир бўлмаган жамоада узоқ қолмаслиги аниқ. Шу боис, «Юве»нинг «Порту»дан ўта олмагани Кришнинг кетиши ҳақидаги миш-мишларга сабаб бўлди.
Бу воқеа икки томонга ҳам фойда бўлиши мумкин. Сабаби, Турин клуби португалияликни айнан ЕЧЛда ғалаба қозониш мақсадида жамоага таклиф этган эди. Ачинарлиси шундаки, Роналду билан биргаликда «Юве» бир-биридан кучсиз жамоаларга мағлуб бўлиб плей-оффни тарк этди. «Аякс», «Лион», «Порту» бир қарашда Италия чемпиони учун муаммо туғдирмаслиги керак эди.
Тан олиш лозим, бу жамоалар билан ўйинларда ҳеч ким Роналдуни айблай олмайди. Ҳар сафар клуб мураббий ёки бошқа факторлар сабабли турнирни эрта тарк этди. «Криш» ЕЧЛда гол киритиш борасида мутлақ етакчи бўлишига қарамай, жамоавий ўйинсиз у ҳам ҳеч нарсага қодир эмас. Шу уч йил ичида клубда 3 мураббий фаолият олиб борди. Аллегри, Сарри ва Пирло. Андреа омадсизликка учраган бўлса-да, ўзи бошлаган иш ҳадемай катта наф келтириши ҳақида тинмай сўзламоқда.
«Кўҳна Синьора» учун ҳам Роналдунинг кетиши тўғри қарор бўлиб кўринаётгани аниқ. Сабаби, у «Юве»ни кучли қилишни уддалай олмади. Унинг майдонда бўлиши тактик мураббийларга ноқулайлик туғдиргани етмаганидек, маоши ҳам жуда катта. КР7 га ҳам бундай атмосферада фаолият олиб бориш манзур келмагани аниқ. Сабаби, «Юве»нинг ҳар бир омадсизлигидан сўнг, барча уни айбдор қилиб кўрсатмоқда.
«Ювентус» 85 миллиондан қутилмоқчи
Қаҳрамонимизнинг шартномаси 2022 йилга қадар тузилган. 36 ёшли футболчи учун ҳозир ҳеч ким 100 миллион таклиф этмаслиги аниқ. Сўнгги маълумотларга қараганда, «Ювентус» 29 миллион евро эвазига Роналдуни қўйиб юборишга тайёр. Бу камтарин сумма бироқ, Кришнинг йиллик маошини унутмаслик лозим. Португалияликка Турин клуби солиқлар билан бирга йилига 55 миллион евро тўлайди. Бундай оғир паллада Роналдунинг маоши ҳам «зебралар»га малол келиши мумкин. Кришнинг кетиши бюджет учун 55 миллион еврога тенг енгиллик берибгина қолмай, қўшимча 29 миллион даромад ҳам олиб келади. Агар Роналду бу мавсум сўнггида сотиб юборилмаса, катта эҳтимол билан келаси йил уни эркин агент сифатида қўйиб юборишга тўғри келади. Бу ҳар жабҳада «Ювентус» учун молиявий йўқотиш.
Майамига кетишга эрта, Мадрид кутмоқда!
2018 йилда Флорентина Перес Роналдуни «Юве»га сотди ва Гарет Бэйлни асосий юлдузга айлантирди. Бу қарор ўзини оқламагач, клуб президенти Роналдуни олиб қолмагани учун хафа бўлган Зиданни ортга қайтарди. Бир йилдан сўнг, «Криш» билан ҳам алоқаларни тиклади. Ҳужумчи ҳатто «эл-класико»га ташриф буюрди ва кийиниш хонасига ҳам кирди.
Испаниянинг АС нашри журналисти – Хосеп Педрерол берган маълумотларга қараганда, Жорже Мендеш ва Флорентина Перес норасмий тарзда учрашган. Роналдунинг ўзи эса, яна Мадрид клуби либосида тўп суриш орзусида.
Бунга ишониш мумкин. Сабаби айнан «Сантьяго Бернабеу»да «Криш»нинг юлдузли онлари ўтган. Ўзининг 4 «Олтин тўп»ини ҳам шу аренада қўлга киритган. ЕЧЛдаги ғалабалар ҳам «Реал» либосида қўлга киритилган. Боз устига, ҳозир унга таклиф билан чиқадиган Европа клублари деярли йўқ. Криш МЛСда 40 ёшдан кейин фаолият олиб бориши мумкин. Бу орадаги 4 йилни кучли бешликда ўтказиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Кўплаб мухлислар учун Роналдунинг ортга қайтиши фантастикадек кўриниши мумкин, бироқ бундан «Реал» ҳам манфаатдор. 3 йил давомида мухлислар КриРони соғиниб қолган. Келаси мавсумдан мухлислар ареналарга қайтади. «Реал» Роналду билан қайтса, чипталар ва футболкалар савдоси бир зумда ўз ўрнига қайтади. Боз устига, таркибдаги ёш йигитларга етакчи керак. Кришнинг қайтиши янги совринлар учун қўйилган тамал тоши бўлиб хизмат қилиши аниқ.
Бундан ташқари, Роналдунинг қайтиши «Реал»нинг халқаро имижига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Португалияликнинг таркибда бўлиши Килиан Мбаппе ёки Эрлинг Холандга бемалол оғиз солиш имкониятини яратади. Шунингдек, кетишга қарор қилган Серхио Рамос ҳам Криш учун яна икки йил Мадридда қолиши турган гап. Сабаби, «Реал» туғма чемпионни ортга қайтармоқда.
Умуман олганда, Роналдунинг Мадридга йўл олишидан 3 томон ҳам наф кўради. «Юве» ортиқча харажатдан қутилади, Роналду ЕЧЛ учун кураш олиб боради, «Қироллик клуби» яна аввалги мавқейини тиклайди.
Бу трансфердан ҳамма наф кўради, аммо у амалга ошадими?
Воқеалар ривожини SPORTS.uzда кузатиб боринг.
Фикрлар