Маҳмуд Мурадов UFC билан иккинчи жанг бўйича шартнома имзолади
Аралаш жанг санъати (MMA) бўйича ўрта (-84 кг) вазн тоифасида октагонга чиқиб келаётган ўзбекистонлик Маҳмуд Мурадов (23-6, 14 КО) UFCдаги иккинчи жанги бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, Маҳмуд Мурадов ММАнинг энг нуфузли турнири бўлган UFCдаги иккинчи жангини ўтказиш бўйича келишувга эришган. Ҳозирча жанг қачон бўлиб ўтиши аниқ эмас. Манбаларга кўра, бу UFC кечаси 2020 йилнинг бошида бўлиб ўтади. Бўлажак рақиб ҳақида ҳам тез орада маълумот берилади.
Эслатиб ўтамиз, Маҳмуд Мурадов UFCдаги дебют жангини 28 сентябрь куни ўтказганди. Дания пойтахти Копенҳагенда UFC Fight Night 160 турнири доирасида у италиялик Алессио ди Кирикога (12-4, 9 КО) қарши октагонга чиқиб, уч раунд якунларига кўра, очколар ҳисобида ғалаба қозонганди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, Маҳмуд Мурадов UFC билан тўртта жангга шартнома имзолаган. Жангдаги натижаларга қараб бу муддат яна узайтирилиши мумкин бўлади. У мазкур нуфузли турнирда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган илк ўзбекистонлик спортчи сифатида тарихда қолди.
Фикрлар