Максим Шацких: "Барчасини кўриб чиқдик – тоза пенальти берилмади"
Ўзбекистон кубоги 1/8 финали доирасидаги "Динамо" - "Пахтакор" (3:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида Максим Шацких иштирок этиб, мағлубият сабаблари ва ҳакамлик тизимидаги тушунарсиз қарорлар ҳақида гапирди.
- Самарқанд жамоасини табриклайман, қойил, ғалаба қозонишди. Шунчаки мен учун баъзи нарсалар қизиқ, ўтган йили ҳам, бу йил ҳам такрорланишда давом этмоқда. Тушунмайман, ҳакамлар бундай ўйинларни бошқаришмоқда, аммо уларда ҳаттоки ўзаро алоқа воситаси учун бўлган қулоқчинлар ҳам йўқ. XXI аср, аммо ҳакам менга "ВАР йўқ, шу учун "наушник"лар ҳам йўқ", деб тушунтиряпти. Бош ҳакам ниманидир кўрмай қолиши, вазият захира ёки қанот ҳакамига яхшироқ кўринган бўлиши мумкин-ку, тўғрими? Бу нарса йўқлиги мен учун ҳайратланарли.
Тушунарлики, бизнинг ўйинларимизда ВАР қачон бўлади, қачонки у кимгадир керак бўлса. Бундай ўйинларда эса йўқ. ВАРсиз эса нималар рўй бераётганини кўряпмиз.
Барчасини ҳозир кўриб чиқдик – тоза пенальти берилмади, Азиз 3-голни киритганда ҳам тоза гол эди, аммо энди буни қандай исботлай оламиз? Ҳеч қандай! Ҳакамлар ҳақида гапиришни истамасдим, хоҳламайман ҳам. Чунки буни ҳеч қандай фойдаси йўқ. Аммо бундай қилиш мумкин эмас.
Ҳа, биз мағлубият учун айбдормиз, бу фақатгина ўзимизнинг айбимиз. Биринчи таймни тўлиқ бой бердик, Самарқанд клуби етарлича яхши жамоа экан, улар яхши ўйнашди. Бугун таркибда анча вақтдан буён кўрмоқчи бўлганларни кўриб олдик. Энди хулоса чиқарамиз.
Шунчаки, ҳозирги асримизда ҳакамларнинг майдондаги оддийгина алоқа воситаларсиз ишлаши мен учун тушунарсиз.
- Биринчи бўлимда Про лига клубидан 0:3 ҳисобидаги мағлубиятга учраш – бу нима эди?
- Бу – футбол, унда бундай воқеалар учраб туради. 4та зарба ва 3та гол уришди. Бўлиб туради. Бугун бизнинг кунимиз эмасди. Исталган зарба дарвозамизга кириб кетаверди. Дарвозабоннинг хатоси, тушунарсиз вазиятлар. Эҳтимол, бугун ўйинга тўғри ёндашув билан чиқмагандирмиз. Йигитларга етказишга уриндик, афсуски, балки уларга етиб бормагандир. Тушуниш лозим – ҳозирда ҳеч кимни майдонга шунчаки тушиб, ютиб бўлмайди! На савия, на даража бўйича ҳам. Майдонга тушдингми, биринчи сонияданоқ максимал куч билан ишлаш керак, ишлаш керак, ишлаш керак. Ғалаба қозонишнинг бошқа йўли йўқ. Бу биринчи лига жамоасига қарши бўладими ёки Суперлига клубими фарқи йўқ. Бу бизнинг муаммо, тез орада буни тўғрилаймиз. Ҳеч қиси йўқ, бу фожиа эмас, барчасидан ўтамиз. Олдинда бизни 2-давра ўйинлари ва Осиё Чемпионлар лигаси кутмоқда.
- "Пахтакор"нинг янги трансферлари бугун иш бермади, вазият аввалгидек – ўша Черан майдонга тушгач, ўзгарди. Ҳожимат Эркинов ҳам биз билган Ҳожимат эмасдек кўринди. Бу ҳақда нималар дея оласиз?
- Сиз бу гапларни қаердан олдингиз билмайман, кимни сотиб олишни, қандай кучайишни, улар қандай ўйнашигача сиз эмас, биз баҳо берамиз. Биз ўтган ярим мавсум учун трансфер сиёсатимиздан қониқдик. Барчаси учун вақт керак. Ҳожимат учун ҳам вақт керак. У аввалги клубида қандай ишлаган, ҳозир қандай ҳолатда энди билиб оламиз. У ҳаракат қилмоқда, ўйнашни истамоқда, аммо ҳали биз кутган даражада эмас. Ўйлайманки, вақт ўтиб барчаси изига тушади.
- Бу баҳс "Пахтакор" учун мавсумдаги энг оғир ўйинми?
- Йўқ, шунчаки ўзимизни қийнаб қўйдик. Нимаси оғир бўлсин?! Бугун омад рақибга кулди – 4та зарба ва 3та гол. Футболда бўлиб туради. Унутманг, буюк жамоалар ҳам мағлубиятга учрайди, буюклар ҳам! Шундай экан, ҳечқиси йўқ, хатолар устида ишлаймиз", - деди Шацких.
Фикрлар