Максим Шацких: "Шунчаки, оддий ғалаба қозониш қизиқ эмасдек"
Cоcа-Cоlа Суперлига 10-турида ўз майдонида “Бухоро”ни мағлуб этган “Пахтакор” клуби бош мураббийи Максим Шацких муаммолар, ҳужум ва ҳимоя чизиғидаги камчиликлар, рақобат ва жамоа қайси чизиқларга ўйинчи қидираётгани ҳақида гапирди.
“Негадир, ўзимизга шундай муаммолар туғдиришни ёқтирамиз. Доим шунақа, олдин муаммо яратиб, кейин тўғирлаш ёқади шекилли. Умуман олганда, мухлисларимиз уйга хурсанд бўлиб кетишди дея оламан. Ғалаба қозондик, ўйин охирида пенальтини қайтардик, қизил карточка – барчасини кўришди. Бу нуқтаи назардан уларга ёқадиган ўйин бўлди. Шунчаки, оддий ғалаба қозониш қизиқ эмасдек, олдин ўзимизга муаммолар яратиб, кейин қийналаяпмиз. Бугун уч очко олдик ва бундан хурсандмиз”, - деди мураббий.
“Агар футболчида ҳужумчи ҳислатлари бўлмаса, фойдасиз. Ҳужумчи – бу бошқа амплуа. Унда йиртқич инстинкти, голедорлик қобилияти бўлмаса, бу чизиққа кимни қўйманг – фойдасиз. Ҳозирда бизда ҳужумда футболчи йўқ. Банашак жароҳатланган. Достон Ҳамдамовни ҳужумда тажрибаси йўқ. Бошқа вариантимиз йўқ эди. Бизда, шунчаки ҳозир ҳужумчи йўқ”.
“Ҳозир жамоадаги ҳамма позицияга футболчи керак. Ҳимоячи, вингер, ҳужумчи – барча позицияга футболчи керак. Барча позицияларга футболчи излаяпмиз”.
“Ҳимоядаги хатолар бизни қийнаётгани рост. Бу борада ишлаяпмиз, машғулотларда изланаяпмиз, аммо, консетрация йўқотаяпмиз. Бу борада доим гапираяпмиз. Бугун ҳимояда ёмон ўйнамадик. Балки футболчилар хаддан ташқари ўзларига ишониб юборишаётгандир, билмайман. Юқори темпда ўйнайдиган жамоалар билан ўйинда яхши ўйнаяпмиз, аммо, даражаси бироз пастроқ жамоалар билан қийналаяпмиз”.
“Аббос Файзуллаевдан бошқа ёшларимиз бор. Уларга ҳам қаттиқ ишонамиз. Терма жамоа сафидан қайтишини кутаяпмиз. Умуман олганда, жамоада рақобат бўлиши керак. Бусиз ривожланиш бўлмайди. Ҳеч ким, ҳеч бир жамоа рақобациз ривожланмайди”.
Фикрлар