Мана буни қаҳрамонлик деса бўлади! Ляказеттнинг "Лион"га бўлган муҳаббати ҳақида
Хабарингиз бор, франциялик форвард Александр Ляказетт "Арсенал"даги 5 мавсумидан сўнг ўз юртига қайтди. У "Лион" билан 2025 йилга қадар шартнома имзолади. Александр айнан шу жамоа сафида етишиб чиққан ҳамда 2010-2017 йиллар оралиғида мазкур клуб шарафини ҳимоя қилган. 2017 йилда Александрни "канонирлар" 40 миллион евро эвазига ўз сафига қўшиб олганди.
Ўзи учун суюкли бўлган жамоага қайтган Ляказетт карьерасидаги ўзгаришлар ҳақида фикр билдирди. У "Лион"га қайтиш учун ҳатто маошини ҳам камайтиришга рози бўлган.
Ўзгаришлар ҳақида: Мен олдинга силжидим. Кўпроқ тажриба орттирганимни ҳам таъкидлаш лозим. Ўйинимга тўхталадиган бўлсам, бу борада ҳам кўп томонлама ўсишга эришдим. Мазкур жамоани ва уларнинг қадриятларини яхши биламан. Сўнгги пайтларда менда бироз пасайиш кузатилди. Умид қиламанки, футболчилар ва мухлислар ўртасида боғликлик топишга ёрдамлашаман ҳамда жамоа муваффақиятларига ўз ҳиссамни қўшаман. Айниқса, "Лион"ни юқори ўринларга қайтариш учун бор кучимни бераман. Урилган голлар бунга эришишимизга кўмаклашади. Янги мавсум ҳеч бўлмаганда 2-ўрин учун курашишимиз лозим.
Мураббий ва футболчилар билан алоқалар ҳақида: Мен Петер Бос билан гаплашдим. У менга ўтган ҳафта қўнғироқ қилганди. Мурабибй мендан нима кутаётгани, клуб лойиҳаси ва у тарғиб қилаётган футбол борасида тушунча берди. Шундай бўлса-да, суҳбат қисқа бўлди. Сабаби, биз бу мавзуларга мавсум бошлангунга қадар яна тўхталишга келишиб олдик. Антони Лопеш билан олти ой давомида тинимсиз мулоқот қилдик. У қарор қабул қилганим ҳақида сўради. Жефф Рен-Аделаид ҳам (Айни вақтда "Ренн" шарафини ҳимоя қилаётган "Лион"нинг собиқ футболчиси) қайтишим кераклиги ҳақида кўп гапирди.
Маошининг камайиши ҳақида: Наздимда, клубга бўлган муҳаббатнинг ўзи етарли. Айтганимдек, жамоа лойиҳаси мен учун муҳим ва биринчи ўринда туради. Шунингдек, "Лион"нинг ўз амбициялари мавжуд. Шу қарорга келдим ва бундан хурсандман. Қайтишимдан аввал менда босим мавжуд эди. Бироқ энди ҳаммаси яхши. Ҳаётда ҳар бир инсон босимни ҳис қилади. Бу табиий ҳол. Ўйлайманки, энди зиммамга катта вазифа юклатилди. Бу ҳам мен учун бир синов", - деди Ляказетт.
Шахсий фикрим: Ҳамон яхши даражада ўйнаб бера оладиган ва у қадар ҳам ёши катта бўлмаган Ляказеттнинг собиқ жамоасига қайтишини қисман қаҳрамонлик деса бўлади. Сабаби, унга Европанинг бошқа номдор жамоаларидан ҳам етарлича таклифлар мавжуд эди. Шунингдек, МЛС ёки Осиёга бориб, катта маошга эга бўлиши ҳам мумкин эди. Ўзи етишиб чиққан жамоасига бўлган муҳаббат уни яна шу ерларга етаклаб келди. Ҳа, айнан бир клубга бўлган муҳаббат! Айни вақтда замонамизнинг айрим юлдузларига етишмаётган жиҳат ҳам шу эмасми?
Қайд этиш лозим, 31 ёшли форвард "Арсенал" сафида умумий ҳисобда 158 учрашувда иштирок этиб, 54 та гол уришга муваффақ бўлган. Лондон клуби билан у 2 маротаба Англия суперкубогида зафар қучган, шунингдек, бир бора Англия кубоги бош совринини қўлга киритган.
Худайқулов Карим таржимаси
Фикрлар