
“Манчестер Сити” афсонаси Ҳусановнинг кетишига қарши!
Европа лигаларида мавсум ҳал қилувчи паллага кирган. Чемпионлик, сорвинли ўринлар, Еврокубоклар йўлланмалари учун кураш қизғин кечмоқда.
Шу билан бирга клублар ёзги трансферларга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Бу келаси мавсум учун тайёргарликнинг илк босқичи ҳисобланади. Деярли барча жамоалар керакли нуқталарни моҳир футболчилар билан кучайтириш илинжида трансфер бозорига оралайди.
Англия Премьер-лигасида кетма-кет тўрт маротаба ғолиб чиққан ягона клуб – “Манчестер Сити” бу мавсум чемпионлик унвонини “Ливерпуль” топширди. “Шаҳарликлар” бош мураббийи Хосеп Гвардиола келаси мавсум ўз жамоасини яна футбол чўққисига кўтармоқчи. Аслида испаниялик мутахассис янги таркиб шакллантиришни январь ойидан бошлаган ва унинг режаси асосида клуб Абдуқодир Ҳусанов, Витор Рейс, Нико Гонсалес ва Умар Мармушни трансфер қилганди.
Табиийки, манчестерликлар ҳам ёзда ҳам таркибда ўзгаришлар қилади.
Ирландия терма жамоаси ва “Манчестер Сити”нинг афсонавий ўйинчиларидан Ричард Данн sportsmole.co.uk порталига ҳозирги жамоа таркибининг ўзига хос жиҳатларини таҳлил қилиб берди.
45 ёшли экспертнинг фикрига қараганда, “Манчестер Сити” ёзда ҳимоя чизиғини ислоҳ қилишга ҳеч қандай ҳожат йўқ, мудофаа чизиғи тўлиқ шаклланган ва айниқса, жамоага бошқа марказий ҳимоячилар керак эмас.
- Январь ойида Англия суперклуби ўзбекистонлик Абдуқодир Ҳусанов ва бразилиялик Витор Рейсни ўз сафига қўшиб олиб, марказий ҳимояни мустаҳкамлаб олди. Бу икки ўйинчидан ташқари жамоада португалиялик Рубен Диаш, хорватиялик Йошко Гвардиол, швейцариялик Мануэль Аканжи, нидерландиялик Натан Аке ва англиялик Жон Стоунз каби марказий ҳимоячилар бор. Бирой жорий мавсумда уларнинг аксарияти жароҳатлар туфайли жамоага ёрдам бера олгани йўқ.
Бу тажрибали футболчилар Абдуқодир Ҳусановнинг жамоага мослашишига ёрдам бериши керак. Улар орасида Жон Стоунзнинг клуб билан ҳамкорлиги келаси мавсум охирида, Аканжи, Диаш ва Акенинг шартномаси 2027 йилнинг ёзида тугайди.
Айнан мана шу ҳолатни инобатга олиб, Ричард Данн клуб раҳбариятини бу тажрибали ўйинчиларни таркибда сақлаб қолишга чақирди. Чунки улар ёш ўйинчиларга ўз тажрибаларини ўргатишлари лозим.
Шунингдек, Ричард Данн 21 ёшли Абдуқодир Ҳусановни алоҳида мақтаб ўтди ва ўзбек ҳимоячиси жамоага керак бўлишини айтиб ўтди.
- Абдуқодир Ҳусанов жамоага келганидан бери анча ўсишга эришди, деб ўйлайман. Витор Рейснинг ўйинларини Ҳусановга қараганда камроқ кўрдик, лекин у ҳам яхши ўйинчи сифатида таассурот қолдирди.
Ўйлашимча, жамоада ёши катта ўйинчилар бор ва клуб улардан қутилишга ҳаракат қиляпти. Бироқ уларнинг ўрнини тез тўлдириб бўлмайди.
Агар мураббийлар Жон Стоунз ва Мануэль Аканжини юқори спорт формасига чиқара олса, уларнинг қандай зўр ўйинчи экани намоён бўлади. Улардан зўрлар камлигини ҳамма билади. Агар жамоангизда бешта тажрибали ва икки нафар ёш марказий ҳимоячи (Ҳусанов ва Рейс) бўлса, бу таркибни сақлаб қолиш клуб учун энг оптимал вариант, - деди Ричард Данн.
Бундан ташқари таниқли эксперт “Манчестер Сити”дек гранд клубда авлодлар алмашинуви пухта ўйланган тарзда, шошма-шошарлик қилмасдан бир маромда амалга оширилиши кераклигини, бу ўйин сифати йўқолмаслигини кафолатлашини таъкидлади, - деб ёзмоқда sportsmole.co.uk портали журналисти Бен Наптон.
Таъкидлаш жоизки, 20 январь куни “Манчестер Сити” билан узоқ муддатли шартнома имзолаган Абдуқодир Ҳусанов Англиядаги фаолиятини жуда яхши бошлаган бўлса-да, кейинги ўйинларда майдонга туширилмаяпти.
Бир неча нуфузли манбалар Хосеп Гвардиола ўзбек футболчисини бошқа жамоага ижарага жўнатиши мумкинлигини, Ҳусановнинг хизматлари бир неча клубларга таклиф қилингани, айрим клублар, хусусан, “Барселона” Абдуқодирни олиш вариантини кўриб чиқаётгани, ўзбекистонлик легионерга чорловлар бўлаётганини ёзмоқда.
Фикрлар