
Шомуродов мухлисларига катта хушхабар!
“Рома”ни Клаудио Раньери қабул қилиб олганидан кейин Элдор Шомуродовнинг клубдаги мавқеи кескин ўзгарди. Мавсум давомида икки маротаба Римдан кетиши кутилган ўзбек футболчиси мавсумнинг ҳал қилувчи палласида жамоанинг ишонган суянчиғига айланиб қолди.
“Рома” Италия чемпионатида қаторасига 18 та учрашувда мағлубиятга учрагани йўқ. Муҳим очколарнинг қўлга киритилишида легионеримизнинг ўйини, голлари ва ассистлари “бўрилар”га муваффақиятларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мағлубиятсиз серия самарасида “Рома” чемпионат якунланишига тўрт тур қолганида Европа Чемпионлар лигасига даъвогарлик қилаётган жамоалар қаторида турибди.
Камтарлик қилаётган Коаудио Раньери эса, шогирдлари қитъанинг энг нуфузли мусобақасига йўлланма ола билмаса-да, ҳеч бўлмаганда Европа лигаси ёки Конференциялар лигаси каб турнирларда қатнашиши мумкинлигини умид қилишини айтди.
“Рома” мутасаддилари одатга кўра, клубнинг ўтган ойдаги фаолиятини сарҳисоб қилиб чиқди. “Рома”нинг апрель ойидаги энг яхши ўйинчисини аниқлаш масаласини клуб раҳбарияти расмий сайтда сўровнома ташкил қилиш орқали мухлислар ихтиёрига қолдирди.
Сўровномада аргентиналик Матиас Суле ва дарвозабон Миле Свиларни катта устунлик билан ортда қолдирган Элдор Шомуродов жамоанинг апрель ойидаги энг яхши ўйинчиси, деб эътироф этилди.
“Рома” клуби Шомуродовнинг муваффақиятини расман эътироф этди ва эълон қилди. Албатта, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари ҳисобланган Элдорнинг “топ-5” чемпионат қаторига кирувчи А Сериядаги муваффақиятлари ўзбекистонлик футбол ишқибозлари қалбини ғурур-ифтихорга тўлдиради.
Эслатиб ўтиш керакки, тажрибали легионеримиз февраль ойида ҳам жамоасининг энг яхши футолчиси, деб топилган эди.
Элдор Шомуродов апрель ойида пойтахтлик “бўрилар” сафида тўртта учрашувда иштирок этиб, жамоасининг ижобий натижаларни қўлга киритишига катта ҳисса қўшди. “Рома” апрель ойида тўқнаш келган тўртта рақибдан учтаси чемпионлик, совринли ўринлар ва Европа Чемпионлар лигаси йўлланмалари учун курашаётган Италиянинг энг қудратли клубларидан “Ювентус”, “Лацио” ва “Интер” бўлди.
Ҳамюртимиз мураккаб тўртта учрашув иккита гол ва битта ассист муаллифи бўлди. Хусусан, Элдор Шомуродовнинг аниқ зарбаси “Ювентус”га қарши учрашувда римликларни мағлубиятдан қутқариб қолди.
“Верона” билан бўлган тўқнашувда легионеримизнинг ягона голи жамоасига уч очко келтириб, “Рома”ни Чемпионлар лигаси йўлланмаси даъвогарлари қаторида олиб қолди.
Амалдаги чемпион – “Интер”га қарши беллашувда Шомуродов жамоадоши Матиас Суленинг гол уриши учун тўпни қулай нуқтага етказиб берди. Айнан ўша пас ягона гол учун кифоя қилди. “Интер”нинг мағлубиятидан фойдаланиб, А Серия пешқадамига айланган “Наполи” голли вазият яратган Элдорга раҳмат айтиши керак.
Таъкидлаш жоизки, жорий мавсум 2021 йилнинг ёзида пойтахтга кўчиб ўтган Шомуродов учун “Рома”даги энг муваффақиятлиси ҳисобланади. Ҳозирча, 29 ёшли ҳужумчимиз А Серия, Италия кубоги ва Европа лигаси турнирларида жами 33 та учрашувда иштирок этиб, еттита гол ва тўртта ассист муаллифи бўлди.
“Рома” раҳбарияти яқинда ўзбек футболчиси билан амалдаги шартномани 2027 йилнинг ярмигача узайтиргани ҳам Элдор Шомуродов мухлислари томонидан катта хашхабар сифатида қабул қилинган эди.
Comments