«Манчестер Сити» ҳали Родри билан янги шартнома бўйича келишмади
«Манчестер Сити» клуби ва ярим ҳимоячи Родри ўртасида шартномани узайтириш бўйича музокаралар давом этмоқда. Бироқ ҳозирча янги битим имзоланишига яқинлашилгани йўқ. Инсайдер Фабрицио Романо маълумотларига кўра, инглиз клуби испаниялик футболчига таклифни ҳали май ойидаёқ йўллаган, шундан бери эса тарафлар позициясида сезиларли яқинлашув кузатилмаган.
Янги шартнома шартлари очиқланмаган, аммо гап нафақат молиявий томон, балки футболчининг шахсий истак ва талаблари ҳақида ҳам бориши мумкин.
Ҳозирги амалдаги келишув 2027 йил ёзигача мўлжалланган. Шу билан бирга, Родри яна бир мавсум «шаҳарликлар» сафида қолиб, шундан сўнг клубни эркин агент сифатида тарк этиши эҳтимоли ҳам инкор этилмаяпти.
29 ёшли испаниялик футболчи 2019 йилдан буён «Манчестер Сити» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У шунда мадридлик «Атлетико» таркибидан 70 миллион евро эвазига кўчиб ўтган эди. Ўтган мавсумда Родри барча мусобақалар доирасида 37 та ўйин ўтказиб, 2 та гол урди ва 1 та голли узатма муаллифига айланди.

Фикрлар