“Манчестер Сити“ “Ланс“нинг “Йиртқич монстрини“ сотиб олиш учун нега 34 миллион фунт сарфлади?

TIGGO 2 PRO

Таниқли "GOAL.com" нашрида ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов ҳақида катта материал эълон қилинди. Эътиборли томони шундаки, мақолада Абдуқодирнинг кучли томонлари ва нима учун “Сити“ сотиб олишга қарор қилгани чуқур таҳлил қилинган. Мақолани SPORTS.uz сайти кузатувчилари учун таржима қилдик!

20 ёшли футболчи Пеп Гвардиоланинг қишки трансфер ойнасидаги илк танлови бўлгани бежиз эмас. Амалдаги Англия чемпионлари мудофаа чизиғини кучайтиришга бел боғлаган. Сэр Алекс Фергюссоннинг айтган машҳур жумласи бор: “Ҳужум чизиғи сизга ўйинда ғалаба тақдим этади, ҳимоя чизиғи эса титул ютиб беради!” Бу сўзлар “Манчестер Сити“дек кучли ҳужумчиларга эга жамоа мисолида ҳам яққол кўзга ташланади. Мисол учун, клуб Гвардиола даврида 6 маротаба АПЛда зафар қучган. Ўша мавсумларнинг барчасида “шаҳарликлар“ чемпионатдаги энг яхши мудофаа чизиғига эга эди. Айнан орқа чизиқдаги оғриқли муаммо амалдаги чемпионларнинг бугун чинакам бош оғриғига айланиб улгурган.

Бугунги кунда “Сити“ лигада энг яхши мудофаа чизиқлари рўйхатида аянчли — 9-поғонани забт этмоқда. 22 ўйинда 29 бор ўз дарвозасидан тўп олиб чиққани сўзимизга исбот бўла олади. Ҳатто, элитада жон сақлаб қолиш учун жанг қилаётган “Эвертон“ ҳам “Сити“дан камроқ тўп ўтказиб юборган. Эътиборли томони шундаки, “Сити“ мамлакат чемпионлигини қўлга киритган 2017/18, 2018/19 ва 2021/22 йилги мавсумда 38 ўйинда 29 маротаба гол ўтказиб юбормаган эди.

Ҳозир клуб мудофаа чизиғида етарлича йўқотишлар бор. Кайл Уокер жисмоний формасини тиклай олгани йўқ. Рубен Диаш, Натан Аке ва Жон Стоунзлар эса жароҳат сабабли мавсумнинг катта қисмини ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Ёш масаласида ҳам “шаҳарликлар“нинг энг қария линияси ҳимоя ҳисобланади. Уокер, Стоунз, Аке ва Аканжи мавсум сўнгида 30 ёшни қарши олади.

Бундан келиб чиқсак, “Сити“ қишдаёқ ҳимоя чизиғини кучайтиришга ҳаракат қилиши табиий эди. Шу боис, клуб тезкор, агрессив бўлган “Ланс“нинг марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановга эътибор қаратди. Футболчи клуб раҳбарларининг эътибор марказига тушгани боис, ортиқча муаммосиз 34 миллион фунт стерлинг тўлаб уни таркибга қўшиб олишди.

"GOAL" нашри Англия премьер-лигасидаги илк ўзбекистонлик футболчи ҳақида ҳис-ҳаяжон билан сўзлаб беради!

Ҳусанов футболдаги илк қадамларини Ўзбекистоннинг “Бунёдкор“ академиясида бошлаган. Бу пайтга келиб, унинг отаси ва собиқ терма жамоа аъзоси Ҳикмат Ҳошимов ўз фаолиятини якунлаган эди. Қаҳрамонимиз отаси сингари “Бунёдкор“ либосини киймоқчи эди, аммо унга озғин ва кичик жуссали бўлгани боис рад жавоби берилди. Натижада, футболчи 18 ёшида “Бунёдкор“ академиясини тарк этиб, “Энергетик БГУ“ клуби билан шартнома имзолади. Тез орада жамоанинг асосий футболчисига айланди.

Олдинга ташланган қадам!

Беларусга кўчиб ўтгач, оз фурсатдан сўнг унинг карьерасида катта бурилиш бўлган воқеа содир бўлди. Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси ўз уйида ўтган Осиё чемпионатида ғолиб чиқди. Ҳусанов қўриқлаган ҳимоя чизиғи ўз ишини бутун турнир давомида аъло даражада уддалади. Умумий ҳисобда ёшлар терма жамоаси бор йўғи битта гол ўтказиб юборди холос. Мусобақа якунлангач, таниқли нашр — "CIES Football Observatory" талқинига кўра, дунёнинг энг келажаги порлоқ ҳимоячиларидан бири деб эълон қилди.

Орадан 2 ой ўтиб, Абдуқодир олдинга қадам ташлашни уддалади. 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Аргентинада ўтган Жаҳон чемпионатида тўлиқ иштирок этди. Унинг терма жамоаси плей-оффнинг 1/8 босқичида Исроилга сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юбориб мағлуб бўлди, аммо Ҳусановни “Ланс“ скаутлари пайқаб қолди. Натижада, “Энергетик БГУ“ уни 100 минг евро эвазига Франция клубига трансфер қилди.

Ишлар қандай кечди?

2023 йилда Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистоннинг энг яхши футболчисини аниқлаш номинациясида 2-поғонани забт этди. У клуб сафида дебют мавсумда 11 маротаба майдонга тушди. ЕЧЛда эса “Арсенал“ билан тўқнаш келди. Шунингдек, қаҳрамонимиз Ўзбекистон терма жамоаси ва Олимпия терма жамоаси сафида ҳам тўп тепди. Парижда бўлган турнирда у Испания Олимпия жамоаси билан тўқнаш келди.

Кейинги мавсумда унинг карьерасидаги чинакам тепага кўтарилиш содир бўлди. “Ланс“нинг асосий ҳимоячиси Кевин Дансо “Рома“га ўтиш арафасида бўлгани боис, Ҳусанов унинг ўрнини эгаллади. Дансо тиббий кўрикдан ўтиш чоғида юрагида аниқланган муаммо сабабли ортга қайтишга мажбур бўлди. Футболчига соғлиқдаги муаммолар сабабли машғулотлар ўтказмаслик ва футболдан узоқ турушни шифокорлар маслаҳат берди. Австриялик футболчининг йўқлигидан Абдуқодир максимум фойдаланди. Октябрь ойида Дансо жамоага қайтди, аммо бу пайтга келиб Абдуқодир аллақаcон асосий таркибдаги ўрнини суғурталаб бўлган эди.

Дансо секин-аста формасини тиклади ва “Ланс“нинг асосий учлигига кирди, аммо Ҳусановга шерик сифатида. Градит ва Медина асосий таркибдаги сўнгги марказий ҳимоячи ўрни учун кураша бошлади. “Ланс“ чемпионатда 7-поғонада бораётганига қарамай, улар мудофаа чизиғи бўйича Франциянинг энг яхши 3-жамоаси саналади. Клуб Франция чемпионатида бор йўғи 18 та гол ўтказиб юборган холос.
Унинг кучли томонлари нимада?

Ҳусанов ўзининг жисмоний бақувватлиги ва курашлардан қочмайдиган характери билан яққол кўзга ташланиб туради. “Ланс“ дарвозабони Брис Санба уни “мени қўрқувга соладиган монстр“ деб атаган эди. Ўзбекистонлик журналист — Нарзулла Сайдуллаев: “Ўзбекистонда поезд урди нима, Абдуқодир урди нима“, деган атам борлигини маълум қилган эди.

Ҳимоячининг тезлик бобида ҳам ҳайрон қолдирадиган имкониятга эга. Ўтган йилнинг сўнгги ойларидан бири у соатига 37 км тезлик билан ҳаракат қилиб, “Реймс“ аъзоси Жунио Итога етиб олган кадри кўпчиликни ҳайрон қолдирди.

Ваҳоланки, бу омил унинг асосий кучли томони эмас. Темп, агрессия ва куч. Шунингдек, футболчи юқори тактик интеллект эгаси эканлигини ҳам эътироф этиш жоиз. Шунингдек, унинг тўп билан аъло даражада муносабатда бўлиши ва ақл билан ҳужумлар бошлай олиши ҳам асосий кучли томонларидан бири саналади. Футболчи ҳақида “Ланс“ бош мураббийи — Уилл Стилл шундай дейди:
“У жуда хотиржам, кучли ва тезкор, аммо кўп гапириб ўтирмайди. Мен келган пайт Дансо кетиш арафасида эди, клуб спорт директори хавотир олмаслигимни, Қодир бор ва у тайёрлигини айтган эди. Кейинроқ, Жан-Луи Лека ҳақ эканлигини тез орада билиб олдим.Ҳусановнинг потенциали катта.

Кучайтириш мумкин бўлган фазалар!

Ҳусанов қарор қабул қилиш ва пасларни яхшилаш борасида “Сити“ талабига мос келиш учун ўсиши керак. Шунингдек, тил масаласидаги барьерни ҳам қисқа фурсатда енгиб ўтиш талаб этилади. У “Сити“нинг бошқа футболчилари сингари жуда камгап. Ички муҳитга киришиб кетиши учун доимий мулоқотда бўлиши талаб этилади.

Янги Рубен Диашми?

Футболчининг агрессив ўйини Рубен Диашни эслатиб юборади, аммо иккинчи қаватдаги курашлардаги фаоллиги ҳам бор. 20 ёшли ҳимоячининг айрим ўйин элементларида кўпчилик тўп учун курашда қўрқмаслиги ва тўқнашувлардан қочмаслиги борасида Немания Видични ҳам кўради.

Катта эҳтимол билан, Абдуқодир ярим мавсум давомида иккинчи даражадаги ролни ижро этади. Агар жароҳатлар “Сити“ни безовта қилса, у АПЛ ва ЕЧЛда муаммога ечим бўлиш ўрнида кўриладиган биринчи рақамли даъвогар.



 

Ойбек Юлдошев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!