“Манчестер Юнайтед”да директорлар тўқнашуви: Эшуорт Аморим туфайли ҳайдалди
“Манчестер Юнайтед” спорт директори Дэн Эшуорт клубда беш ой ишлаганидан кейин лавозимидан озод этилди.
Европа матбуотининг ёзишича, клубнинг қолган мутасаддилари Дэнга муҳим масалаларда қарор қабул қилиш имкониятини бермаган ва уни бу жараёндан узоқ тутишган.
Бунинг ортидан Дэн Эшуортнинг ижрочи директор Омар Беррада билан муносабати бузилган. Икки директор жамоага кимни бош мураббий қилиб тайинлаш борасида ўзаро келиша олмай қолган.
Маълум бўлишича, Беррада жамоага Рубен Аморимни олиб келишда асосий вазифани бажарган. Жамоадаги кадрлар масаласига масъул бўлган Дэн Эшуорт бош мураббийликни Англия терма жамоасининг собиқ устози Гарет Саутгейтга топширмоқчи бўлган.
Бундан ташқари, Эшуорт ёзда аввалги мураббий Эрик тен Хаг билан янги шартнома тузиш ташаббускорларидан бўлган эди.
Фикрлар