Асосий мазмунга ўтиш

Манчестерга келсанг, тарихдаги энг қиммат мураббийга айланасан

Зоҳир Тошхўжаев
Изоҳлар: 0

Катта клубдан таклиф

«Манчестер Юнайтед» Фабиан Хюрцелерни Майкл Кэррикнинг эҳтимолий ўринбосарлари рўйхатига киритди. Бироқ ҳозирда «Брайтон»ни бошқараётган мураббийни таклиф қилиш манкунианликларга рекорд даражадаги маблағга тушиши мумкин. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.

Ёзда 33 ёшли германиялик мутахассис «Брайтон» билан шартномасини 2029 йилгача узайтирди. Унинг шартномасида белгиланган товон пули кўрсатилмаган. Шу сабабли Хюрцелерни ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлган клуб «Брайтон» раҳбарияти билан бевосита музокара олиб боришига тўғри келади.

Мураббийлар учун тўланган товон пули бўйича аввалги рекордлар Грэм Поттер ва Юлиан Нагельсман иштирокидаги битимларга тегишли. «Челси» Поттер учун «Брайтон»га 21,5 миллион фунт стерлинг тўлаган бўлса, «Бавария» Нагельсманни «РБ Лейпциг»дан олиш учун 21,7 миллион фунт сарфлаган.

Нашр маълумотларига кўра, агар Хюрцелер клубни тарк этса, «Брайтон» ундан ҳам каттароқ товон пули талаб қилиши мумкин.

Германиялик мураббийга бўлган қизиқиш унинг жамоаси эришаётган натижалар билан ҳам боғлиқ. Премьер-лиганинг етти туридан кейин «Брайтон» учинчи ўринда бормоқда ва чемпионатдаги бошқа жамоалардан кўпроқ гол урган.

Шу билан бирга, «Манчестер Юнайтед»нинг эҳтимолий таклифи Хюрцелер албатта ҳозирги клубини тарк этади, дегани эмас. Уни тайинлаш манкунианликлар Кэррик билан хайрлашган тақдирда кўриб чиқиладиган вариантлардан бири бўлиб қолмоқда.

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Facebook'даги саҳифасига аъзо бўлинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ