
Мақсуд Каримов бугун "Насаф"даги сўнгги учрашувини ўтказди (ФОТО)
“Насаф” футбол клубида шундай футболчилар борки, жамоа таркибида кўп йиллар тўп тепиб, жамоа ютуқларига улкан ҳисса қўшган, мухлислар меҳрини қозонган ва ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган ҳамда эл назарига тушган. Шундайлардан бири клубининг тажрибали ҳимоячиси Мақсуд Каримовдир.
Хоразмлик футболчи 2008 йилдан буён "аждарлар" шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Мақсуд Каримов дастлаб 2006-2007 йилларда “Хоразм”, “Вобкент” жамоаларида тўп сурган. 2008 йилда эса “Насаф” таркибига келиб қўшилган.
У "Насаф" таркибида ОФК Кубоги соҳиби, 2 карра кумуш медали соҳиби, 6 карра бронза медали соҳиби, беш марта Ўзбекистон Кубоги финалчиси, 2015 йили Ўзбекистон Кубоги соҳиби ва 2016 йили Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби ва Осиё чемпионлар лигасида 5 мавсум иштирок этди.
Мақсул Каримов миллий чемпионат ўйинларида 274 марта майдонга тушди ва “Насаф” таркибида ҳимоячи сифатида 200дан ошиқ ўйин ўтказди.
У шунингдек 2010 ва 2011 йилларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида ҳам 4та ўйин ўтказган ва 159 дақиқа майдонда ҳаракат қилган.
Қаршиликлар расмий сайти тарқатган хабарга кўра Мақсуд Каримов бугун жамоадаги сўнгги учрашувини ўтказган. “Насаф” – АГМК баҳсидан сўнг тажрибали футболчига эҳтиром кўрсатилди.
Фикрлар