Марчелло Липпини ҳайрон қолдирган Усмон Тошев

Хабарингиз бор, Тожикистон миллий терма жамоасини сиз-у, бизга яхши таниш бўлган мутахассис Усмон Тошев бошқариб келмоқда. Бунга қадар у Тожикистон олимпия терма жамоасига устозлик қилган бўлса, энди ўз-ўзидан миллий жамоа бошқарувини ўз қўлига олган. Айни пайтда Усмон Қудратович бошчилигида иш қизғин давом этмоқда.

Липпи билан суҳбат

Яқинда Тожикистон Тошев бошчилигида сафарда Марчелло Липпи бошқарувидаги Хитойга қарши ўртоқлик учрашувида иштирок этди. Ушбу беллашувда хитойликлар томонидан киритилган ягона гол мезбонларга ғалаба келтирди. Сафардан қайтиб келган Усмон Тошев эса аввало Хитойга қарши учрашув ва Марчелло Липпи билан суҳбат ҳақида гапирди.

- Хитойга қилган сафаримиз яхши ўтди. Ўйин ҳам ажойиб тарзда кечди. Тўғри, биз Хитой терма жамоасига 0:1 ҳисобида ютқаздик. Аммо интернетга кириб «Ютуб» тармоғи орқали Хитой – Тожикистон учрашувини кўрсангиз, ўйин қандай ўтганини кўрасиз. Биласизми, ўйиндан сўнг Хитой терма жамоаси бош мураббийи Марчелло Липпи билан гаплашганимизда, тожикларнинг бундай ўйин кўрсатишини кутмагандим, тўғриси, қойил қолдим. Гарчи ҳисобда биз ютган бўлсак-да, ўйин бўйича сизлар бизни ютдинглар, деган фикрларни айтиб ўтди. Липпи матбуот анжуманида ҳам 1:0 ҳисобидаги ғалаба бизга ҳеч нима бермади, аммо бугунги ўйин бизнинг кўзимизни очди, деди. Албатта, жаҳондаги топ-мураббийдан бундай сўзларни эшитиш ёқимли. Тўғри, биз учрашувни у қадар яхши бошлай олмадик ва дастлабки 15 дақиқада футболчиларимиз ҳаяжон туфайли ўйинларини кўрсата олишмади. Лекин шундан кейин то учрашув охиригача тажовузкор ўйин кўрсатдик. Биласизми, биз ютқазган бўлсак-да, ўйинимиз ҳаммага маъқул келди. Тожикистон футболи раҳбарлари ва мухлислари ўйиндан қониқиш ҳосил қилишгани туфайли менга шундай гапларни ёзишяптики, ҳали бунақасини эшитмагандим. Хорижда ишлаётган дўстларим ҳам бу ўйинни «Ютуб» орқали кўришибди ва менга қўнғироқ қилиб яхши ўйин билан табриклашди. Бир сўз билан айтганда, ишларимиз режа асосида давом этяпти. Лекин Хитойдан қайтишимизда муаммоларга тўқнаш келдик. Бунинг натижасида 48 соат йўлда қолиб кетдик. Гуанчжоуда катта дўл ёғди. Натижада ўша ерда маълум вақт қолиб кетишимизга тўғри келди. Кейин бошқа шаҳарга борганимизда у ерда 12 соат қолиб кетдик. Хуллас, шундай қилиб уйга қайтиб келдик. Энди Тошкентда дарсларим бор. Мураббийларнинг 3-модулини ўтказамиз. Шундан кейин яна Тожикистонга жўнаб кетаман. Раҳбарият бизга янги топшириқларни беряпти. Энди улар бизни Европадаги йиғинга жўнатишмоқчи. Чунки улар ҳам жамоамизда ўсиш борлигини кўришяпти.

Усмон Тошев2

Кейинги режалар хусусида

Ҳозирча Усмон Тошев ва Тожикистон терма жамоаси режа асосида ўртоқлик ўйинларини ўтказиб келишмоқда. Хитойга қарши учрашувдан кейин эса тожиклар қисқа муддатли таътилга чиқишган. Аммо олдинда ҳали яна бир қатор ўртоқлик учрашувлари ҳам бор. Бу ҳақида бош мураббий кейинги режалари ҳақида тўхталар экан, жумладан шундай деди:

- Режаларимизга келсак, энди биз Ҳиндистонга сафар уюштирамиз. Бу ҳақида икки ой олдин келишиб қўйгандик. У ерда Ҳиндистон, Сурия, КХДР ва Тожикистон терма жамоалари иштирокида «International Cup» халқаро турнир бўлиб ўтади. Ўша кичик турнирдан кейин боя айтганимдек, Европага кетамиз. Бу сафаримизни август ойига режалаштиряпмиз ва ўзимизга маъқул жойни танлаганимиздан кейин ўша ерда 14 кун шуғулланамиз. Яна шуни ҳам айтмоқчиманки, Европага кетишимиздан олдин балки яна битта ўртоқлик учрашувини ўтказишимиз ҳам мумкин. Бу борада Хитой яна бир бор ўйин ўтказиш таклифи билан чиқмоқда. Қолаверса, Иордания ҳам биз билан ўртоқлик учрашувини уюштиришни хоҳламоқда. Биз бу борада ўйлаяпмиз. Чунки Тожикистонда ички чемпионат баҳслари ҳам бор ва буни ҳам инобатга олишимиз керак. Агар чемпионат ўйинларини тўхтатиб турсак, унда ўйинлар яна қолиб кетади. Умуман олганда, июль ва август ойлари биз учун тиғиз тақвим асосида ўтади. Сентябрь ойидан эса жаҳон чемпионати учун саралаш баҳслари бошланади. Муҳими, ўша паллага келиб тайёр ҳолатда бўлишимиз керак.

ЖЧ саралашидаги бўлажак рақиблар ҳақида

Албатта, Тожикистон терма жамоаси ҳам бошқа термалар қатори ЖЧ-2022 саралаш баҳсларига тайёргарлик кўришмоқда. Маълумки, Ўзбекистон терма жамоаси ҳам сентябрь ойида бошланадиган саралаш баҳсларига ҳозирлик кўрмоқда ва улар қуръа ташлашдан олдин иккинчи саватчадан жой олишган. Тожикистон эса бу борада учинчи саватчага киритилган. Вазият шундайки, қуръа иккала жамоани бир гуруҳга тўғрилаб қўйиши ҳам мумкин.

- Биз Ўзбекистон билан тўқнаш келишни хоҳлаймизми-йўқми, барибир улар билан рўбаро келишимиз мумкин, - дея мавзуни давом эттирди, Тошев. - Бизнинг саватчадан рейтингда пастроқ бўлган терма жамоалар жой олишган. Ўзбекистон эса иккинчи саватчада. Шунинг учун бир гуруҳдан жой олишимизнинг эҳтимоли катта. Лекин бизга гуруҳда қандай жамоалар тушишининг у қадар катта фарқи йўқ. Ёки бизга кучсиз жамоалар тушиши борасида ҳам айтиш мумкин. Аммо ўзимиз сустроқ жамоалар орасидамиз. Лекин биз ўз кучимизни кўрсатишга мажбурмиз. Истасак-истамасак гуруҳимизда кучли терма жамоалар бўлади. Ўзбекистон ҳам мен айтаётган кучли рақиблардан биттаси. Нима ҳам қилардик, қандай рақиб тушишидан қатъий назар ўйнашимиз керак. Бу Ўзбекистонми, Эронми ёки Япония бўладими, фарқи йўқ. Лекин мураббий сифатида шуни айтмоқчиманки, бизга қанча кўп кучли жамоалар тўқнаш келса, ўзимиз учун шунча яхши бўлади. Агар кейинги босқичга чиқа олмасак ҳам бундай ўйинлар биз учун катта дарс бўлади. Лекин имкони қадар ўз олдимизга қўйилган вазифани бажариб, кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз. Ҳар ҳолда бизнинг ҳам кучимиз ва фикримиз бор. Терма жамоадаги йигитлар футбол ўйнашга жуда чанқоқ. Асосийси, уларнинг ўзларида ишонч ортиб боряпти. Албатта, бизга осон бўлмаслигини ҳам биламиз. Масалан, Ўзбекистон кучли жамоа. Уларнинг Сурия билан ўйинини ҳам кўрдим. Агар Ўзбекистон билан ўйнасак бундан хурсанд бўламан. Ишонаманки, Ўзбекистон терма жамоаси янада кучайиб бораверади.

Усмон Тошев прес конф22

Мақсад

Кўриб турганингиздек, Тошев вазиятга реал баҳо бермоқда ва Ўзбекистон билан бир гуруҳдан жой олиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаяпти. Тожикистон Усмон Қудратович бошчилигида ЖЧ-2022 саралаш баҳсларида қандай натижа кўрсатиши ҳам биз учун қизиқ. Ҳар ҳолда бу термани ўзбекистонлик мутахассис бошқармоқда. Шу ўринда унинг олдига қандай мақсад қўйилиши ҳақида сўраганимизда қуйидагича фикр билдирди.

- Ҳозирча олдимизга аниқ вазифа қўйилмаган. Чунки бизда ҳозирча таркибни шакллантириш жараёни кетмоқда. Боиси 11 нафар асосий ўйинчиларни аниқлаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Лекин шуни аниқ биламанки, ҳар қандай ҳолатда ҳам бизга гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилади. Ҳар қандай жамоа ҳам қандайдир мақсад учун курашади. Агар сизда вазифа бўлмаса унда футбол ўйнашдан маъно йўқ.

Муҳсин Муҳаммадиев хусусида

Дарвоқе, ўтган ҳафтада тожикистонлик таниқли мураббий Муҳсин Муҳаммадиев «Бухоро» клуби бош мураббийи этиб тайинланди. Ўз вақтида Тожикистон миллий терма жамоасини бошқарган мураббий Усмон Тошев билан дўстона муносабатларга эга. Ўз навбатида ўзимизнинг мутахассис Муҳаммадиев ҳақида ижобий фикрларини айтиб ўтди.

- Муҳсин Муҳаммадиевнинг чемпионатимизга келганини ижобий баҳолайман. Мен Муҳсинни жуда яхши биламан. У билан дўстмиз ва тез-тез мулоқот қилиб турамиз. Душанбеда у билан анча аввал кўришгандим ва ўшанда унинг «Бухоро» билан музокара олиб бораётганидан хабардор эдим. Тўғриси, унинг «Бухоро»да иш бошлашини билардим. Кейин эса уни бу лавозимга тайинлангани билан табрикладим. Муҳаммадиев футболимизга яқин инсон ва жуда хушчақчақ. Таниқли бўлса-да, ўзини сира катта тутмайди, жуда камтар. Агар раҳбарият уни қўллаб-қувватласа жамоани ўзи истаган даражада тайёрлай олади.

Усмон Тошев

ЎФАдаги ўзгаришларга муносабат

Ўзбекистон футболи ассоциациясида юз берган ўзгаришларга мутахассислар ўз муносабатларини билдиришмоқда. Табиийки, Усмон Тошев ҳам бундай ўзгаришларга бефарқ эмасди. Шу боис Умид Аҳмаджоновнинг ўрнига тайинланган Равшан Эрматов борасида ҳам ўз мулоҳазаларини билдирди.

- Биласизми, вазиятга умумий қарайдиган бўлсак, ҳар бир қарорни раҳбарият обдон ўйлаб кейин чиқаради. Шунга асосан Равшан Эрматов ЎФАнинг биринчи вице-президенти бўлди. Алим Арифов эса унинг маслаҳатчисига айланди. Аваз Мақсумов эса бош котиб бўлди. Айтмоқчиманки, бу ўйлаб қилинган қарор. Чунки буларнинг ҳаммаси футболнинг ичида юрибди. Равшаннинг бу лавозимда ишлашга рози бўлганидан хурсанд бўлдим. У бизнинг Хитой билан ўйинимизда ҳакамлик қилганди. Ўша ерда у билан гаплашгандик. Эрматов ҳозирги замон футболида нима қилиш кераклигини ва нима зарурлигини билади. Лекин унинг олдида катта иш ва вазифалар турибди. Фақат унга эркинлик бериб, ишига тўсқинлиқ қилмаслик лозим. Европа ва Осиё футболини жуда яхши тушунади. Унинг дунё футболи бўйича яқинлари ва танишлари кўп. Ишончим комилки, у кимдан қандай маслаҳат сўрашни билади. Айтмоқчиманки, бу яхши қарор бўлди. Эрматовнинг ЎФАда иш бошлаши футболимиз учун катта плюс. Ҳали кўрасиз, футболимизда янада яхши ҳолатлар бўлади. Аммо эндиликда у ҳакамликни давом эттирадими ёки йўқми, бунисини билмадим. Лекин шуни биламанки, Тожикистон футбол федерациясида бош котиб бўлиб ишлайдиган Давлатманд исмли мутахассис ҳалқаро ўйинларда назоратчи ва комиссар бўлиб ишлайди. Ҳакамлик масаласида қандай қарор чиқаришни Равшаннинг ўзи билади. Аваз Мақсумовнинг ЎФА бош котибига тайинланиши ҳам яхши қарор бўлди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ibratjon Hikmatjon
22/06/2019 15:20
Nimasi bilan qoyil.....
&
Shavkat_boy
22/06/2019 13:57
Omad yaxshi murabiy