Марказий ўйинлар водийда ёхуд Суперлиганинг 20-турида бизни нималар кутмоқда?
Бугун Суперлиганинг 20-турига старт берилади. Ўйинлар уч кун давомида бўлиб ўтади.
Марказий учрашувлар водийда – Андижон ва Наманганда бўлиб ўтади. Кубок финалчиларини жуда муҳим ўйинлар кутяпти. “Андижон” водий дербисида “Нефтчи”ни қабул қилса, “Навбаҳор” медаллар учун курашда “Сўғдиёна” билан ўз уйида ўйнайди.
25 сентябрь
17:30. “Пахтакор” – “Олимпик”
Чемпионатни бир текисда ўтказа олмаётган “Пахтакор” ва “Олимпик” бу сафар ўзаро тўқнаш келадилар. Ўтган турда Олмалиқда “Металлург”га аламли тарзда ютқазган “Пахтакор” “Олимпик” билан учрашувга бош мураббийсиз тайёрланди. Максим Шацкихнинг истеъфоси ҳақида кўп гапириляпти. Гарчи ҳали тасдиқланмаган бўлса-да, унинг машғулотларда кўриниш бермагани тахминлар ўзини оқлашидан дарак бераётгандек. Чемпионликдан умидини узган “Шерлар”ни кучли учликка кириши ҳам сўроқ остида қоляпти. Босимсиз ўйнаётган “Олимпик” Коростиченко бошчилигида ҳали ғалаба қозонгани йўқ. Яхши ўйин гувоҳига айланамиз.
20:30. “Андижон” – “Нефтчи”
Турнинг марказий ўйини “Бобур арена”да бўлиб ўтади. Бу сафарги водий дербиси “ёнади”. “Андижон”ни кетма-кет иккита дерби кутяпти. Ўзбекистон Кубоги финали олдидан “Бургутлар” яна бир жиддий имтиҳондан ўтадилар. Стадионда фантастик муҳит бўлиши шубҳасиз. Иккинчи даврада ҳали ғалаба қозонмаган “Андижон” Кубок финали олдидан мухлисларини ғалаба билан қувонтиришни мақсад қилишган. Майдонда қаттиқ жанг кечиши табиий. Бу ўйинни кўрганлар асло зерикишмайди.
26 сентябрь
18:30. “Динамо” – “Сурхон”
Ўтган турда сафарда “Олимпик”ни йирик ҳисобда ютиб қайтган “Динамо” Самарқандда номинал мезбон сифатида “Бунёдкор”га мағлуб бўлган “Сурхон”ни қабул қилади. Бу гал термизликлар Самарқандда чинакам меҳмон жамоа сифатида ўйнайди. Иккала жамоа ўйини бир-бирига ўхшаб кетади. Жамоалар мусобақа жадвалида ёнма-ён боришяпти. Агар “Динамо” уйида ютадиган бўлса, “Сурхон”ни бир очкога ортда қолдиради. Ҳозирча эса имкониятлар тенг.
18:30. “Навбаҳор” – “Сўғдиёна”
Турнинг яна бир марказий учрашуви Наманганда бўлиб ўтади. Совринли ўринлар учун курашда “Навбаҳор” рақибини енгиши шарт. Ўз навбатида “Сўғдиёна” ҳам кучли учликдаги ўрнини сақлаб қолиш ва 2-ўринга кўтарилиш учун ҳам Намангандан ғалаба билан қайтиш илинжида. Бу ўйин ҳам барчанинг эътиборида. “Сўғдиёна” олдинлари ҳам Наманганда ўз мақсадига эришган ва шу боис жиззахликлар қандай ютишни билади.
27 сентябрь
17:00. “Қизилқум” – “Металлург”
Ниҳоят, ўтган турда “Металлург” чемпионатдаги биринчи ғалабасини қўлга киритди. Иштаҳа овқат пайтида келади деганларидек, бекободликларда ҳам энди шу нарса рўй берса ажабланмаймиз. “Қизилқум”га барқарорлик етишмаяпти. Аммо ўтган турда “Нефтчи”га қарши баҳсда ирода ва характер кўрсатиб 2:0 ҳисобидаги мағлубиятни 2:2 га айлантиришни уддасидан чиқдилар. Бу жуфтликда балки биргина гол ўйин тақдирини ҳал қилиши ҳам мумкин.
19:15. ОКМК – “Локомотив”
“Насаф”га ютқазиб қайтган ОКМК ҳеч бўлмаганда 2-ўрнини сақлаб қолиш учун ҳам бу ёғига янада жиддий эътибор қаратади. Бу йўлда олдида турган рақиби – “Локомотив”ни мағлуб этиши лозим. Жон сақлаб қолиш учун курашаётган “Темирйўлчилар” бу сафар ҳам рақибига жанг таклиф қилиши табиий. Учрашувда тажриба кўп нарсани ҳал қилади.
28 сентябрь
17:00. “Бунёдкор” – “Насаф”
Иккинчи даврада анча “жонланиб” қолган “Бунёдкор”ни бу турда оғир ўйин кутмоқда. Чемпионлик учун асосий даъвогар ва чемпионларга хос ўйин намойиш қилаётган “Насаф” “Бунёдкор” меҳмони бўлади. Рўзиқул Бердиев жамоасини тўхтатиб бўлмай қолди. Кўрамиз, бу иш “Бунёдкор”нинг қўлидан келармикан?
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар