Марко Милич: "Локомотив"ни мағлуб этганимиз тарихий ғалаба
Тожикистоннинг «Истиқлол» жамоаси Осиё Чемпионлар лигасининг плей-офф доирасидаги иккинчи саралаш босқичида Тошкентда «Локомотив» устидан ғалаба қозониб, Андрей Фёдоров жамоасини мусобақадан чиқариб юборди. Энди эса «Истиқлол»ни 28 январда Саудия Арабистонида «Ал Аҳли»га қарши жиддий учрашув кутмоқда ва ғолиб жамоа чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига чиқади. «Локо»га қарши учрашувда «Истиқлол»нинг асосий таркибида сербиялик ҳимоячи Марко Милич тўп сурди ва унинг бошчилигидаги мудофаа чизиғи вакиллари мезбонлар учун деярли имконият қолдиришмади. Ёдингизда бўлса, Милич ўтган мавсумда «Қўқон-1912» таркибида 23 та учрашувда тўп сурган. Энди эса «Истиқлол» билан Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида ўйнаяпти.
- Тан олиш керак, «Локомотив»нинг ўз майдонида ютқазишини кутмагандик. «Истиқлол»нинг ғалабаси эса сенсация сифатида баҳоланяпти. Сиз ҳам шу фикрга қўшиласизми?
- Биласизми, «Локомотив»ни мағлубиятга учратганимиз Тожикистонда тарихий ғалаба ҳисобланади. Ўтган йили «Қўқон-1912» сафида «Локомотив»га қарши ўйнаганман. Шунинг учун бу рақибнинг қандай ўйин кўрсатишини билардим. Шуни инобатга олиб мураббийимиз ҳам мендан рақиб ҳақида бир-иккита маълумотларни сўраганди. Шунга қараб ҳам бош мураббийимиз тактика танлади деб ўйлайман. Умуман айтганда, биз тўғри тактика қўллаганимиз учун ғалаба қозондик.
- Тўғри айтасиз, сиз ўтган йили «Қўқон-1912» таркибида «Локомотив»га қарши ўйнагансиз. Шундай экан, уларнинг ожиз нуқтаси қаерда?
- «Локомотив»нинг кучсиз томоними? Уларнинг ҳимоя чизиғи кучсиз.
- Энди эса «Истиқлол»ни олдинда «Локомотив»дан кўра ўта мураккаб учрашув кутиб турибди. Саудияда «Ал Аҳли»ни қандай мағлуб этмоқчисизлар?
- Тўғрисини айтадиган бўлсам, «Ал Аҳли» жамоаси ҳақида ҳеч нима билмайман. Шу боис бўлажак рақибнинг қандай ўйин кўрсатишидан ҳам бехабарман. Албатта, ушбу ўйингача вақтимиз бўлди ва биз жиддий тайёргарлик кўрдик. Эндиликда мураббийларимиз бўлажак рақибни ўрганишяпти. Шуни унутмаслик керакки, бу – футбол ва унда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
- Ўтган йили «Қўқон-1912»да тўп сурганингизни мухлислар яхши билишади. Айтинг-чи, собиқ жамоангиз билан «Истиқлол»нинг даражалари сезиляптими?
- «Истиқлол» - бу фақат чемпионлик учун курашадиган клуб. Шунингдек, уларнинг таркибидаги 5-6 нафар футболчи Тожикистон миллий терма жамоасида ҳам тўп суришади. Менимча, «Истиқлол» кучлироқ. Албатта, Қўқонда ҳам яхши жамоа бор. Айниқса, «Қўқон-1912»нинг икки йил олдинги таркиби кучлироқ бўлган.
- Аммо Тожикистон чемпионатининг савияси бизникичалик эмас…
- Мен ҳали ички чемпионатида ўйнаганим йўқ. Ҳозирча «Истиқлол» таркибида фақат Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида «Локомотив»га қарши майдонга тушдим холос. Лекин кўпчилик Ўзбекистон чемпионатини Тожикистонникидан кучли деб айтишяпти. Қани кўрамиз-да, аввал у ерда ўйнаб кўрайчи, кейин фикримни айтаман.
- Сизга яна бошқа клубларимиздан ҳам таклифлар бўлганмиди?
- Ҳа, Ўзбекистонда мен учун икки-учта таклифлар бор эди. Аммо ўзимни янги чемпионатда синаб кўрмоқчи эдим. Ростини айтадиган бўлсам, Тожикистонда доим чемпионлик учун курашадиган ва айнан ушбу руҳ остида ўйнайдиган жамоага қизиқиб келдим.
- Янги клубга мослашув қандай кетмоқда? У ердаги муҳит ва футболга эътибор қандай экан?
- Муносабатлар қониқарли. У ерда ҳам яхши ўйинчилар йиғилган. Очиғи, у ерда ўзимни худди ўз уйимдагидек ҳис қиляпман. Ваҳоланки, бу ерга келганимга ҳали кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамасдан, ўзимни жуда эркин ва қулай ҳис қиляпман. Мени яхши кутиб олишгани учун барчага раҳмат айтмоқчиман.
Фикрлар