Марко Обрадович: "Рўзиқул Бердиев менга шартнома имзолашни таклиф қилганди, лекин..."

“Нефтчи” клубининг Суперлигага чиқишида сербиялик ҳужумчи Марко Обрадович ҳам катта ҳисса қўшди.

У ўзининг тўпурарлик салоҳиятини намойиш этиб, ўз голлари билан жамоасининг ғалбаларини таъминлади.

30 ёшли ҳужумчи ўзидан яхши таассурот қолдирди. Куни кеча ушбу футболчи Sports.uz мухбирининг бир қатор саволларига жавоб берди.

- Марко, сизни “Нефтчи”нинг Суперлигага қайтгани билан табриклайман. Айтинг-чи, “Нефтчи”ни танлаган пайтингизда Суперлига эмас, балки про лигада ўйнашингиз мумкинлиги сизни иккилантирмаганми?

- Табрик учун раҳмат. “Нефтчи”ни танлашдан олдин менда бир қанча вариантлар бор эди. Аммо айнан фарғоналиклар таклифи мени кўпроқ ўзига тортди. Чунки клубнинг аниқ мақсади бор эди. Албатта, якуний қарор қабул қилиш олдидан Суперлигада эмас, балки про лигада ўйнашим мумкинлиги мени бироз иккилантирган. Лекин жамоа олдига қўйилган аниқ вазифа ва мақсадлар бу борадаги иккиланишни йўққа чиқарган. Айтишим керакки, олдинги қишда менда “Насаф” фойдасига қарор қабул қилиш имконияти ҳам бўлганди. Шахсан Рўзиқул Бердиевнинг ўзи мени бошқарувидаги клубга чорлаган, шартнома имзолашни таклиф этганди. Бироқ якунда мен Қозоғистон жамоаси фойдасига қарор қабул қилганман. Қозоқ Суперлигасида тўп суриш мени кўпроқ ўзига тортганди. Айтишим жоизки, айрим ҳолларни инобатга олмаганда доим Суперлигада ўйнаганман. Фақат Бельгия ва Россияда қуйи лигада тўп суришимга тўғри келган. Нима дейишим мумкин, ҳар ерда тўп суриш осон эмас. Бу ерга келдим, Илҳом Мўминжонов билан гаплашдим. Бу киши билан 2017 йили “Навбаҳор”га таклиф қилганда танишгандим. “Нефтчи”нинг катта клуб эканлигини билардим. “Нефтчи” таркибида сербиялик футболчилар бор бўлиб, улар билан олдиндан танишман. Асосийси, вилоят ҳокими футболни жуда яхши кўради. Қувонарлиси, биз ўз олдимизга қўйилган вазифани бажаришга эришдик.

обрадович6_1

- Про лигада тўпурарсиз. Айтинг-чи, ушбу биринчиликда рақиблар дарвозасини ишғол этиш осонми?

- Йўқ, про лигада гол киритиш осон эмас. Бу биринчиликда ҳамма жамоалар яхши. Уларнинг таркибида ўйин бошидан охирига қадар тинимсиз тер тўкадиган футболчилар тўп суради. Ўз-ўзидан бу лигада гол киритиш ҳужумчиларга қийинчилик туғдирмасдан қолмайди. Албатта, про лигада тўпурар бўлиб турганим мени хурсанд қилади. Энг муҳими, голларим жамоамга фойда келтирса бўлгани.

- Про лига билан Суперлигани бир-бирига таққослаб кўрдингизми? Суперлига доирасидаги баҳсларни кузатиб келяпсизми?

- Лигаларни бир-бирига таққослаш қийин. Ҳар бир чемпионатнинг ўзига яраша афзаллик ва қийинчилик томонлари бўлади. Саволингизнинг иккинчи қисмига ўтсам, “Пахтакор”нинг бошқа рақиблардан анча устун эканлигини кўряпман. Эътиборлиси, бу клуб энг яқин таъқибчисини очколар борасида катта фарқ билан ортда қолдиряпти. Суперлигадаги бошқа иштирокчилар эса бир-бирларини бемалол ютишлари мумкин. Про лигада ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилмоқда. Биз аксарият учрашувларни ғалаба билан тамомлаган ҳолда Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш вазифасини муддатидан олдин уддалай олдик. Бу кишини хурсанд қилмасдан қолмайди, албатта. Про лигада чиндан ҳам тўп суриш осон эмас. Мисол учун, сўнгги поғонада бораётган “Шўртан”ни осонлик билан енгишнинг иложи йўқ.

обрадович1

- Айтишларига қараганда, хизматингизга Суперлига иштирокчиларидан қизиқиш бўлаётган экан. Сир бўлмаса, сизга қизиқаётган клублар кимлар эканлигини айтиб бера оласизми?

- Айни пайтда менга қизиқиш билан қараётган клублар йўқ. Юқорида айтганимдек, олдин Илҳом Мўминжонов “Навбаҳор”да ишлаган маҳалда мени қўл остидаги шогирдлари қаторида кўришни хоҳлаганди. “Насаф” ҳақида ҳам боя гапириб ўтдим. Айнан “Навбаҳор” билан “Насаф” менга аниқ таклифлар билан мурожаат қилганди. Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги “Насаф”нинг катта клуб эканлигини, Қаршининг футбол шаҳри ҳисобланишини кейинчалик билганман. Аммо ўшанда мен қарор қабул қилиб бўлгандим. Ҳозирча бу хусусида гапиришга эрта. Чунки биринчилик поёнига етгани йўқ. Боз устига кейинги йили жамоаларнинг бюджети қанча бўлишини ҳеч ким билмайди. Негаки, аксарият клублар давлат ихтиёрида. Ҳозирча “Нефтчи”даман, хизматимга бошқа жамоадан қизиқиш билдирилганича йўқ. Бутун фикру зикрим шу жамоа билан боғлиқ бўлиб, машғулотларда максимум даражада ишлаяпман. Трансфер ойнаси очилишига эса ҳали анча бор. Унга қадар эса ишлашда давом этавераман. Кейин нима бўлишини вақт кўрсатади.

- Адашмасам, “Нефтчи” билан бир йиллик шартнома тузгансиз ва у ниҳоясига етяпти. Клуб сизга янги шартнома таклиф қилдими?

- Бу саволингизга қисман юқорида жавоб бериб ўтдим. Шунинг учун яна айтилган гапларни такрорлаш тўғри бўлмаса керак. Аввало, жорий мавсумни охирига етказиб олайлик, энг асосийси, соғлигим жойида бўлсин. Шунда қолган ишлар ўз-ўзидан юришаверади. Албатта, бундан кейин ҳам “Нефтчи”да қолиш вариантим йўқ эмас. Лекин бу хусусида музокара ўтказишга ҳали бор.

обрадович7

- Суперлига йўлланмаси қўлга киритилгани учун футболчиларга қандай бонус ваъда қилинган?

- Бонус ҳақида билмайман. Ҳаммаси индивидуал даражада ҳал қилинса керак.

- Бизда сербиялик легионерлар бошқаларга нисбатан кўпроқ. Уларнинг орасида дўстларингиз борми?

- Кўпчиликни яхши танийман. “Нефтчи”даги мураббий Александр Стожмирович, Дарко Станоевич, Александр Ешични олдин ҳам билардим. Шунингдек, “Насаф”да тўп сураётган Адриан Калудерович билан 2014 йилдан бери бир-биримизни яхши таниймиз. Яна шу клубдаги Марко Станоевични ҳам биламан. “Пахтакор”даги Драган Черанни айтишим мумкин. Кўпчилигини анча-мунча яхши биламан.

обрадович3

- Фаолиятингиз қандай шаклланган? Илгари ҳам чемпионат тўпурари бўлганмисиз?

- Футболга кириб келишим “Земун”дан бошланган. Кейинчалик “Партизан”нинг ўсмирлар жамоасида ўйнаганман. У ерда энг яхши тўпурарга айландим. Сўнгра, мени турли ёш тоифалардаги терма жамоаларга жалб эта бошлашган. Кейинчалик фаолиятимни Бельгияда давом эттириб, юқорида айтганимдек, у ерда қуйи лигада ўйнаб ҳисобимга 10 та гол ёзиб қўйганча клубнинг юқорига кўтарилишига ёрдамлашганман. Кейин Босния чемпионатида тўрт ярим йил тўп сурдим. У ерда 116 учрашувда майдонга тушиб ҳисобимга 40 та гол ёзиб қўйганча ёмон натижа қайд этганим йўқ. Тақдир шамоли сўнгра мени Россия томони учирди. Фаолиятим давомида Беларусь, Қозоғистон каби чемпионатларда ўйнадим. Кўпроқ элитада жон сақлаш учун кураш олиб борадиган клублар сафида ўйнашимга тўғри келди.

- Агар Рўзиқул Бердиев сизни яна “Насаф”га чақирадиган бўлса, бу сафар қандай йўл тутасиз?

- Агар Рўзиқул Бердиев чақирадиган бўлса, албатта ўйлаб кўраман. Бироқ ҳозирча бундай таклифни олганимча йўқ. Эртага нима бўлишини ҳеч ким олдиндан билмайди. Агар “Насаф”дан таклиф олсам, албатта бу клубга кўчиб ўтган бўлардим. Чунки унинг катта клуб ҳисобланишини кейинчалик билдим. Биласизми, илгари Ўзбекистонга келишдан бироз ҳадиксираб Қозоғистон вариантини танлагандим. Лекин Ўзбекистондаги шарт-шароитлар Қозоғистондагига нисбатан анча яхшилигини кўряпман. Бу ерда майдонлар ҳолати анча яхши. Ишлар муайян тизим асосида ва энг асосийси, юқори даражада ташкил қилинади. ВАР тизими йўлга қўйилган. Ўзбекистонда сунъий қопламали майдонни деярли кўрмадим. Қозоғистонда эса бундай майдонлар анча кўп эди. Ўзбекистондаги майдонларда жароҳат олиш эҳтимоли камроқ бўлади. Ҳатто, про лигада иштирокчиларига қарашли майдонлар ҳолати ҳам ҳавас қилса арзийдиган даражада. Шунинг ҳисобига футболчи ўзининг энг яхши ўйинини намойиш эта олиши мумкин. Гарчи про лига бўлса ҳам ушбу биринчиликда рақиблар анча жиддий. Уларнинг устидан осонликча ғалаба қозониб бўлмайди.     

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!