"Машъал" ўйинчиларини трансфер қилмоқчи! Клуб Суперлигада қолмаса Хомяков кетадими? Бош директор "А" ва "В" режалар ҳақида гапирди
Суперлигада қолиш учун интрига юқори чўққисига чиқди. Чемпионат тугашига икки тур қолди. Ҳали қайси клублар элита билан хайрлашиши тўлиқ ойдинлашмаган. Катта эҳтимол барчаси охирги турда ҳал бўладиганга ўхшаяпти.
Муборакнинг “Машъал” жамоаси ҳам бу сафар лигада қолиш учун курашадиган жамоалар қаторига тушиб қолди. Таркиби асосан ёшлардан ва африкалик легионерлардан ташкил топган клубга барқарор ўйин кўрсатиш қийинроқ кечяпти. 24-турда “Машъал”да очколарини кўпайтириб олиш учун яхши имконият бор эди. Охирги ўринда бораётган “Турон”ни мағлуб этганида бироз енгилроқ нафас олаётган бўларди. Аммо ўз майдонида дебютант билан дуранг ўйнаб қўйди.
- Муборакдаги “Машъал” билан “Турон” ўртасидаги ўйин жамоалар учун олти очколик аҳамиятга эга эди. Ғалаба жуда зарур бўлган баҳсда 0:0 ҳисоби қайд этилди. Бу дуранг кўпроқ кимга фойда бўлди?
- Бу дуранг кўпроқ “Турон”га фойда берди. Бу орқали “Турон”да ҳам имкониятлар пайдо бўляпти. Назарий жиҳатдан ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам “Турон”да имконият пайдо бўляпти. Дейлик, “Металлург” кейинги турда “Турон” билан ўйнайди. Ҳамма нарса бўлиши мумкин, тўғрими? Кейин охирида “Андижон”ни қабул қилади. Бу ўйинда ҳам исталган натижа кузатилиши табиий. Шунингдек, андижонликлар унгача ўз майдонида “Навбаҳор”ни қабул қилади. Қандай ҳисоб бўлишини ҳеч ким билмайди. Суперлигадан кимлар чиқиб кетиши охирги тургача аниқ бўлмайди. Аммо кейинги турда кўп нарсага ойдинлик киритиб бериши ҳам мумкин.
- “Машъал” нима учун ўз майдонида ютиши керак бўлган баҳсдан фойдалана олмади?
- Қаердадир ўзимиз айбдормиз. Чунки яхши ўйнамагандирмиз. Ёки кучимиз етмагандир, яна қаердадир хато қилгандирмиз. Айб ўзимизда, бошқа яна нима дейман?
- Демак, жамоангизни икки очко йўқотди деб ҳисоблайсизми?
- Қаердадир ҳа. Чунки биринчи таймда ҳам, иккинчи таймда ҳам имкониятларимиз бор эди. Афсус, гол уролмадик.
- “Машъал” нима учун лигада қолиш учун курашадиган жамоалар қаторига тушиб қолди?
- Сабаби кўп. Омадга ҳам боғлиқ. Қандай бошласанагиз, шундай тугатасиз дейишади-ку. Йил бошида балки хато қилгандирмиз. Шунинг эвазига оғир мавсумни ўтказяпмиз. Пухта тайёргарлик кўра олмаганмиз.
- Иккита тур қолди. “Машъал”нинг ҳисобида 20 очко бор. Суперлигада қолиш имкониятини қандай баҳолаяпсиз? Бу борада раҳбар сифатида сизда хавотир кучлими?
- Хавотир бор. Лекин “А” ва “В” режа бор. Биз иккала режага ҳам тайёрмиз. Аммо охиригача курашамиз, нима учун курашмаймиз? Биз ҳар доим ҳаракат қилганмиз.
- Айнан кейинги мавсум учун қандай режаларингиз бор?
- Барча режаларимиз тайёр. Айтяпман-ку, режамиз икки хил. Ҳаммасига тайёрмиз. Ҳаёт давом этаверади, биз эса максимал даражада ишлашда давом этаверамиз.
- Демак, жамоа про-лигага тушиб кетса, бунинг учун ҳам алоҳида режа бор эканда-а?
- Ҳа, шундай.
- У ҳолда “Машъал”да яна трансферларни кўрамизми?
- Қолишимиз ёки қолмаслигимизга қарамасдан трансферлар бўлади, клубда. Харид қилиш эмас, балки сотиш ҳақида. Ёш иқтидорларни қидириб топиш ва сотиш бизнинг иш режамиз.
- Қайси футболчиларни сотиш мўлжалланяпти?
- Бу лойиҳамиз ҳақида кўп гапиряпмиз. Агар кимнидир айтсам, униси эмас, бошқасини сотишимиз ҳам мумкин. 3-4 та ўйинчимиз устида ишлаяпмиз. Балки четга сотишимиз қийин бўлар, аммо ички бозорда ишлаб турибмиз.
- “Машъал” Суперлига билан хайрлашса, бу бош мураббий Александр Хомяковга бўлган ишончни ўзгартирадими?
- У билан уч йиллик шартномамиз бор. Ишончни ўзгартирмайди, у лойиҳамизнинг бир қисми. Яна қайтараман: қолиш учун охиригача курашамиз. Интрига қизиқарли кечяпти. Кимдир тушиб кетиши аниқ бўлиб қолганида унчалик қизиқ туюлмасди. Ҳозир эса аксинча. Жамоа ва футболчилар учун мана шундай интрига бўлгани яхши. Кўпроқ тобланади. Ўйлайманки, бунинг жамоамизга фойдаси кўпроқ тегади. Мавсум якуни биз учун қандай тугашидан қатъий назар бу биз учун дарс бўлади. Ўз кучимиз билан кучлилар орасида қолишга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар