Мавлуд Тифиев мағлубиятга учради. Аслидачи...?

Хабарингиз бор, 3 май куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида RCC ҳамда One Championship промоушенлари ҳамкорликда ажойиб жанг кечаси ташкил қилган эди. Ушбу турнирда К-1 ҳамда профессионал муайтай устаси Мавлуд Тифиев ўз жангини ўтказди. У мезбонлар вакили Владимир Кузьмин билан профессионал кикбоксинг йўналишида жанг қилди ва очколар ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган эди.

Биз мазкур жангга оид воқеликлар юзасидан унга ҳамроҳлик қилган Ўзбекистон К-1 федерацияси Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Ҳожиакбар Ҳакимовнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Жанг жуда қизиқарли ўтди. Ҳа, мағлубият бўлди. Бироқ жангни томоша қилганлар бу қарорга қўшилмасликлари аниқ, назаримда... Рефери бизга келиб, 1 ва 2-раундларни олганимизни, учинчи раундда ҳам икки ён ҳакам Мавлудни ғалабасини қайд этганини, ғолибни эълон қилиш жараёнида эса, ўзи ҳам ҳайрон қолганини айтди.

Мавлуд 50 дан ортиқ профессионал жангларда иштирок этган ва 40 дан ортиқ ғалабаси мавжуд. Демоқчиманки, оддий спортчи эмас! Шундай экан, рақиб ҳам шунчаки бўлмасди. Албатта, кучли бўлиши аниқ эди. Владимир Кузьмин ўз вазн тоифасида Россиянинг биринчи рақамли жангчиси ва "One Championship промоушенига йўл" турнирининг ғолиби эди. Шунинг учун ҳам мезбонлик фактори роль ўйнади. Апелляция беришимиз мумкин эди. Аммо бунинг нафи йўқлигини англаб турардик. Шунинг учун бир оғиз эътироз билдирмадик. Аксинча ташкилотчиларнинг ўзлари келиб, Мавлудга реванш жанги ташкиллаштириб беришларини маълум қилди.

Бу гапларни шунчаки мағлубиятни ҳаспўшлаш учун айтмадим, шунчаки, бор воқеликни тушунтирмоқдаман. Барчаси Аллоҳдан! Бу янада мотивация беради ва навбатдаги жангларда фақат нокаут, муддатидан аввал ғалаба қозониш учун ҳаракат қилинади.

Шу ўринда, яна бир янгиликни айтиб ўтишим мумкинки, Ўзбекистонда "One Championship промоушенига йўл" турнирини ташкил қилиш борасида музокаралар олиб бормоқдамиз. Агар, молиявий жиҳатларимизни ҳал қила олсак, ушбу нуфузли турнирни Тошкентда ўтказамиз. Ва яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтардимки, тез орада бизнинг спортчилар жаҳоннинг машҳур промоушенларида жанг қилади.

Ссс

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!