"Мени бежизга таклиф қилишмади, шекилли, у ердан кўп хотиралар қолди, китоб қилиб ёзса бўлади" - Бобур Йўлдошев

Иқтидорли ҳимоячилардан бири Бобур Йўлдошев куни кеча “Бунёдкор” клуби билан шартнома имзолади. Бунга қадар Бангладеш чемпионатида фаолият олиб борган легионер яна Суперлигага қайтишга қарор қилди.

Йўлдошев “Бунёдкор” аъзосига айлангач, Sports.uz сайтига бу борадаги дастлабки интервьюсини берди.

- Бобуржон сиз энди "Бунёдкор" футболчисига айландингиз. Суперлигага қайтишингизни кўпроқ ким хоҳлади?

- Кўпроқ ўзим, албатта. Чунки охирги қарорни ўзим қабул қиламан.

- Нима учун айнан "Бунёдкор"?

- Ҳар томонлама менга тўғи келди. Шунинг учун “Бунёдкор”ни танладим. Албатта, бу клубни ўзига яраша обрўси ва номи бор. Бу ҳам “Бунёдкор”ни танлашимга туртки бўлди.

- Маълумки, биринчи даврада бу клуб ўз имконияти даражасида қатнаша олмади. Ҳозиргача ўз дарвозасидан энг кўп гол ўтказган жамоа бўлиб турибди - 24 та. Ҳимоячи сифатида бунга нима дейсиз?

- Ҳа, деярли ҳамма ўйинларини кўриб чиқдим. Мени бежизга таклиф қилишмади, шекилли. Қўлдан келганича яхшилашга ҳаракат қиламиз. Бундай ҳол барча жамоа билан содир бўлиши мумкин. Бу камчилик устида ишлашимиз керак.

- Сизни ва Жўрабековни бежизга таклиф қилишмади. Боиси, ҳимояни мустаҳкамлаш асосий вазифа. Чиндан ҳам жамоанинг ҳимояси анча заифми?

- Йўқ, бундай демаган бўлардим. Ҳозирги футболда керак бўлганда ҳамма ҳимояланиши керак бўлади. Ҳимоячиларгина эмас, ҳамма позицияларда бир-бирига ёрдам берса, шунда албатта ижобий натижа бўлади, деб ўйлайман.

- Бангладеш клубидан кетишингиз нима билан боғлиқ бўлди?

- Кўпроқ мураббий алмашгани билан боғлиқ. Улар мени кутиб туришимни сўрашди. Лекин уларни кутиб вақт йўқотишни хоҳламадим.

- Янги клубда қайси рақамни танладингиз ва нима учун?

- Ҳали танламадим. Насиб бўлса, жамоа йиғилганидан кейин ўйлаб кўрамиз.

- “Бунёдкор” сира бундай вазиятга тушиб қолмаган. Клубдаги асосий вазифангиз нима?

- Асосий вазифа ҳимояни мустаҳкамлаш, жамоага ёрдам бериш ва Суперлигада сақлаб қолиш.

- Бангладешда легионер сифатида тўп сурдингиз. У ердан қандай хотиралар қолди?

- Ҳа, жуда кўп хотиралар. Бемалол битта китоб қилса бўлади.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!