Месси юқорилади, Фернандеш “топ-10”да: “Олтин тўп”га даъвогарларнинг янгиланган рейтинги

Қуйида ушбу рейтинг ва унинг таҳлилини эътиборингизга ҳавола этамиз.

20. Чиро Иммобиле («Лацио»). Аввалги ўрни: 20

«Милан»дан учралган мағлубият амалда «Лацио»ни чемпионлик пойгасидан чиққанини англатади. Бу ҳолатда Иммобиленинг «Олтин тўп» учун курашдаги ягона илинжи энг яхши тўпурар унвони. «Олтин бутса» учун курашда Чиро Левандовскидан 5 та голга ортда қолмоқда. Италиялик форвард максимум 8 та ўйинда майдонга туша олади. Унда ажойиб имконият бор.

*Йосип Иличич ва Трент Александр-Арнольд “топ-20”дан чиқиб кетди.

Иммобиле

19. Тимо Вернер («РБ Лейпциг»). Аввалги ўрни: 18

«РБ Лейпциг» ва Вернер учун мавсум аллақачон якунланган. Немис футболчиси «Челси» аъзоси сифатида таништирилади. Катта эҳтимол билан келгуси рейтингимизда биз Вернерни кўрмаймиз.

Вернер

18. Жордан Хендерсон («Ливерпуль»). Аввалги ўрни: 12

Чемпионлик ортидан «Манчестер Сити»дан қақшатқич мағлубият қабул қилиб олган мерсисайдликлар сўнгги учрашувда «Астон Вилла»ни мағлуб этишди. Аммо бу ғалабада Хендерсоннинг ўрни у қадар катта бўлмади. Англиядаги энг яхши футболчи унвони ҳам насиб этмайдиган кўринади.

Хендерсон

17. Альфонсо Дэвис («Бавария»). Аввалги ўрни: 17

«Бавария» требл томон кетмоқда. «Байер» Германия кубоги финалида осонликча таслим этилди. Альфонсо катта қаҳрамонлик кўрсатгани йўқ. Аммо канадалик ёш иқтидор эгаси учун ушбу мавсум ажойиб ўтди. Чемпионлар Лигасида улкан мўжиза намойиш этмаган тақдирда, айни мана шу поғоналар унинг жорий мавсумдаги реал потенциали.

Дэвис

16. Садио Мане («Ливерпуль»). Аввалги ўрни: 13

«Манчестер Сити»дан учралган мағлубият «Ливерпуль»нинг исталган футболчиси учун рейтингларда пастлашни англатади. Мане янада қуйироқдан жой олган бўлиши ҳам мумкин эди. Сенегаллик футболчининг бахтига Наби Кейта ажойиб паси билан уни гол муаллифига айлантирди.
Садио Англияда энг яхши дея эътироф этилиш учун асосий номзодлардан бири. «Олтин тўп» ҳақида эса бундай дея олмаймиз.

Мане

15. Кай Хаверц («Байер»). Аввалги ўрни: 11

Хаверцнинг мавсуми индивидуал томондан яхши ўтди. У жами 17 та гол уришга эришди. Леверкузенликлар ўзлари хоҳлаган натижаларга бир қадам ета олмади. Сўнгги турдаги ғалабага қарамай, ЕЧЛ зонасига чиқа олмади. Кубок финалида мағлубиятга учради. Хаверц клубга кетишни хоҳлашини айтиб бўлган эмиш…

Хаврец

14. Пауло Дибала («Ювентус»). Аввалги ўрни: “топ-20” га янги қўшилди

Дибала А Серия рестартидан кейин тинмай гол урмоқда. Италия кубоги финалидаги муваффақиятсиз пенальти аргентиналик форвардга яхши таъсир қилгандек. У голларини юқори маҳорат билан рақиб дарвозасига жойлаётгани ҳам эътиборга молик.

Дибала

13. Жейдон Санчо («Боруссия» Дортмунд). Аввалги ўрни: 10

Санчонинг «Олтин тўп»ни ютиш имкониятлари аллақачон тугаб бўлган. Вазиятга реал кўз билан қарасак, у ёмон мавсум ўтказмади. Келгуси йилда уни янада юқорироқда кўришимиз мумкин. Ҳар ҳолда, трансфер нархи 100 млн фунт стерлингга баҳоланаётган футболчи учун Европанинг манаман деган клублари ундан ҳам кўпини беришга тайёр.

Санчо

12. Серхио Рамос («Реал»). Аввалги ўрни: “топ-20”га янги қўшилди

Икки марта 1:0 ҳисобидаги ғалаба ва иккаласида ҳам Рамоснинг пенальтидан гол киритиши «Реал»ни чемпионлик томон қанча яқинлаштирган бўлса, «Олтин тўп» учун курашда ҳам испаниялик ҳимоячининг имкониятлари анча кўтарилди.

Рамос

11. Серж Гнабри («Бавария»). Аввалги ўрни: 15

Гнабри Германия футболи мавсумини кубок финалидаги голи билан ажойиб тарзда якунланди. Энди у ва бошқа мюнхенликлар ЕЧЛни кутишига тўғри келади.
Олтин дубль эффекти ўлароқ, немис вингери рейтингда анча юқорилади.

Гнабри

10. Бруну Фернандеш («Манчестер Юнайтед»). Аввалги ўрни: 14

Бруну ҳақида кўп ва хўб гапирдик. У ўзига нисбатан ишлатилган барча мақтовларга муносиб ўйин намойиш этмоқда.
Унинг меҳнатлари мева бера бошлади: «қизил иблислар» АПЛда кучли тўртлик учун жиддий кураш бошлади.

Фернандеш

9. Киллиан Мбаппе (ПСЖ). Аввалги ўрни: 9

Мбаппе рейтингда ҳали бери пастлаш ниятида эмасга ўхшайди. Унинг ижтимоий тармоғидаги суратлардан бошқа жойда кўриниш берганини билмадик. Париж клубининг Чемпионлар Лигаси чорак финалини нақд қилганлиги у ва қуйироқда сўз юритиладиган Неймарни ушбу рейтинг ўнталигида ушлаб турибди.

Мбаппе

8. Эрлинг Холанд («Боруссия» Дортмунд). Аввалги ўрни: 8

Холанднинг ўрни ЕЧЛ қайтмагунча ўзгариши даргумон. Миллий биринчиликларда эса кўп нарса ҳал қилиб бўлинган. Холанд учун эса «Олтин тўп» учун кураш ҳам якунига етиб улгурди. Энди унинг интиҳода қайси ўринни эгаллаши қизиқарли, холос.

Холанд

7. Неймар (ПСЖ). Аввалги ўрни: 7

У ҳақида нимадир, дейиш ҳам қийин. Балки, ушбу ёзда орзиқиб кутилган Чемпионлар Лигаси чорак финалини ҳам ташлаб, Барселонага қайтиб кетар. Бразилиялик футболчининг ўрни ҳам ҳозирча дахлсиз.

Неймар

6. Карим Бензема («Реал»). Аввалги ўрни: 6

Сўнгги иккита ўйинда ҳам Бензема гол ура олмади. Аммо «Реал» ғалаба қозониб, чемпионлик томон шаҳдам қадамларини давом эттирмоқда.
Бундай бўлмаган тақдирда ҳам, Каримнинг «ўйиндан ташқари ҳолатдаги» Неймар, Холанд ва Мбаппедан пастга тушиши нореал нарса.

Бензема

5. Томас Мюллер («Бавария»). Аввалги ўрни: 5

Германиялик футболчида аллақачон 6 та Германия кубоги олтин медали бор. Демак, навбатдаги олтин медаль учун кечган ўйинда гол ҳам, пас ҳам амалга оширмаган Мюллернинг рейтингда юқориламаганини табиий ҳолат, деб баҳоласак бўлаверади.

Мюллер

4. Кевин Де Брюйне («Манчестер Сити»). Аввалги ўрни: 3

Футболда сабаб ва тафсилотлар эмас, натижа гапиради. Бельгиялик «Саутгемптон»га қарши учрашувда захирадан майдонга тушгач, қўлидан келганча жамоаси ўйинини ўзгартиришга интилгани бошқа масала. Воқелик шуки, «Сити» ютқазди, бунинг учун Месси айбдор эмас…

Де Брюйне

3. Лионель Месси («Барселона»). Аввалги ўрни: 4

«Атлетико»га қарши баҳсдаги дуранг, амалда, «Барса»ни чемпионлик пойгасида анча узоққа итариб ташлади. Аммо Месси ва жамоадошлари «Вильярреал» устидан шу қадар ажойиб ғалабани қўлга киритишдики, бу уларнинг келажакдаги ёрқин футболи учун умид уйғотмоқда. Айниқса, Чемпионлар Лигаси яқин бўлиб турган шундай бир пайтда…

Месси_1

2. Криштиану Роналду («Ювентус»). Аввалги ўрни: 2

Криштиану ҳам Италия кубоги финалидан сўнг мунтазам ажойиб ўйин намойиш этиб келмоқда. У ушбу мавсумда ҳам одатдагидек «Олтин тўп» ва «Олтин бутса» учун курашда асосий даъвогарлардан. Олдиндаги рақибини қувиб ўтиш учун етарли имконият ҳам бор.

Роналду

1. Роберт Левандовски («Бавария»). Аввалги ўрни: 1

Финалдаги 2 та гол билан Левандовскининг даҳшатли статистикаси янада қўрқинчли тус олди. Барча мусобақаларда 43 та учрашувда майдонга тушган футболчи 51 марта рақибларини ранжитган. Агар ЕЧЛда ҳам шу кайфиятда ҳаракат қила олса, катта эҳтимол билан «Олтин тўп» Польшага кетади.

Левандовски

Изоҳ: Ушбу рейтингда айни пайтда давом этаётган тур ўйинлари инобатга олинмаган. Ушбу тур беллашувларини ҳам ўз ичига олувчи рейтингни келгуси ҳафта эътиборингизга ҳавола этамиз.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)