Мессининг МЛСдаги дебюти нега қолдирилди?

Америкалик мухлислар “Интер Майами” сафига кўчиб ўтган Лионель Мессининг МЛСдаги дебютини кутаётган эди.

Бу воқеа 20 августга белгиланган “Интер Майами” ва “Шарлотт” ўртасидаги учрашувда юз бериши керак эди.

Бироқ, ҳар икки жамоа Лигалар кубоги доирасида чорак финал ўйинида ўзаро тўқнаш келиб қолди. Бу баҳс 11 августга белгиланган. Қайси жамоа ғолиб чиқишидан қатъи назар, 20 август куни чемпионат доирасидаги “Интер Майами” ва “Шарлотт” баҳсини ўтказиб бўлмайди.

Чунки  ғолиб жамоа Лигалар кубогининг ярим финалига чиқади ва яна ғолиб чиқса, финалда ўйнайди, ютқазган тақдирда 19 август куни учинчи ўрин учун бўладиган беллашувда қатнашади. Бундан келиб чиқиб, чорак финал ғолиби 20 май куни майдонга тушолмайди.

Чемпионат доирасидаги “Интер Майами” ва “Шарлотт” беллашуви бошқа муддатга қолдирилди.

Мессининг мухлислари аргентиналик юлдузнинг чемпионат доирасидаги дебютини  26 август куни кўриши мумкин. Шу санада “Интер Майами” сафар учрашуувида “Нью-Йорк Ред Буллз” билан беллашади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!