"Металлург" етакчисининг хайрлашув учрашувига хориж жамоаси келади

Бекобод футболининг ёрқин юлдузи – Зоҳид Абдуллаевнинг хайрлашув учрашуви муддати ва рақиб жамоа номи маълум бўлди. Шу йилнинг 11 июнь санасида Бекободга Тожикистон Республикасининг номдор клубларидан бири – “Хўжанд” ташриф буюради. Халқаро ўртоқлик учрашуви соат 19:00 да бошланиши режалаштирилмоқда.

“Хўжанд” жамоасига 1976 йилда асос солинган. Клубнинг асосий вазифаси мамлакат бош жамоаси “Помир” (Душанбе)га иқтидорли ўйинчиларни етиштириб бериш бўлган. Тожикистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг табиийки унда қатнашаётган клубларнинг ҳам мақсад вазифалари ўзгарди. “Хўжанд” футбол клуби Тожикситон миллий чемпионатининг энг кучли клубларидан бирига айланди. Бугунги кунда унданда кўпроқ совриндор бўлган битта жамоа бор – бу “Регар ТадАЗ” (Турсунзода). Турсунзодаликлар миллий чемпионатларда 16 марта совриндор бўлган (7 олтин, 7 кумуш, 2 бронза). Хўжандликлар эса шоҳсупага 14 марта кўтарилган – 9 та кумуш, 5 та бронза. Айни пайтдаги энг кучли клуб, мамлакатнинг ўн карра чемпиони – “Истиқлол” (Душанбе) шоҳсупага 12 марта чиққан (10 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза).

абдуллаев_1

“Хўжанд” жамоасини сўнгги уч мавсумда сербиялик Никола Лазаревич майдонга бошлаб тушди. Бу йилдан Лазаревич “Қизилқум” (Навоий) рулига ўтгач, “Хўжанд” ФКга Рустам Хўжаев бош мураббий этиб тайинланди. 2022 йилги мавсум жуда муваффақиятли ўтяпти деб бўлмайди. 8 та учрашувнинг 2 тасида хўжандликлар ғалаба қозонишган бўлишса, 2 тасида имкониятни бой беришди. 4 та ўйинда рақиблар билан очколарни бўлиб олишди. 10 очко жамғарган "Хўжанд" 10 та жамоа орасида 5-ўринни эгаллаб турибди.

Жамоа таркибида бир қатор легионер ўйинчилар бор. Белорусдан 2 нафар (Андрей Левковец, Игнатий Сидор), Россиядан 1 нафар (Сергей Цканян), Ўзбекистондан 3 нафар (Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев, Самандар Очилов, Фирдавс Абдусалимов). Жамоа ютуқлари орасида 4 марта Тожикистон Республикаси Кубогини қўлга киритганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш мумкин. Бу йил мавсум арафасида хўжандликлар мамлакат Суперкубоги учун “Истиқлол”га қарши майдонга чиқди ва 0:1 ҳисобида имкониятни бой беришди.

“Металлург” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!