"Металлург" футбол академияси халқаро турнирда қатнашади

Анъанага мувофиқ июль ойининг бошида “Металлург” футбол академияси тарбияланувчилар Испанияга навбатдаги сафарни уюштиришади.  “El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation” болалар ва ўсмирлар футбол академияси низомига мувофиқ энг намунали ўқувчилардан ташкил топган делегация одатдагидек, “Қироллик клуби” билан яқиндан танишиш, Мадрид академиясидаги шароитларни ўрганиш имкониятига эга бўлишади.

Бу йилги сафардан аввалгиларидан бошқа бир жиҳати билан фарқ қилади. Бугун шу хусусда батафсил маълумот бермоқчимиз. Олдинги йиллардан фарқли жиҳати бу галги сафарда “Металлург” футбол академияси ёшлари йирик халқаро турнирда қатнашиши кўзда тутилган. Турнир Сан Себастьян шаҳрида ташкил этилиб, унда жаҳоннинг энг нуфузли футбол академияларининг 860 та жамоаси қатнашяпти. Ҳам қизлар, ҳам ўғил болалар ўртасида ташкиллаштирилаётган мусобақада барча қитъалардан – 26 мамлакатдан жамоалар иштирок этади. Бу йилги мусобақа ҳисоб бўйича 31-си саналади.

Шуниси эътиборга моликки, турнир ташкилотчилари Осиё қитъаси вакиллари – “Металлург” ФК вакилларини ТОП саккизталик қаторида эътироф этишмоқда. Булар – Португалиянинг “Спортинг”, “Бенфика”, Испаниянинг “Реал Сосьедад”, “Мадрид CFF” Англиянинг “Ньюкасл”, Гондураснинг “Олимпия”, АҚШнинг “Орландо сити” ҳамда мезбонлар жамоасидир.

Бир ҳафта мобайнида ўтадиган турнирда қизлар олтита, ўғил болалар эса ўн битта ёш тоифасида ғолиблик учун баҳс олиб боришади. Мусобақа ФИФА болалар мусобақаси Регламентига мувофиқ ўтказилиб, қатнашчилар ихтиёрига 50 та табиий майдон ажратилган. Ўзбекистон делегацияси таркиби 52 кишидан иборат. “Металлург” футбол академияси Испания сафарига тўртта ёш тоифасида кетяпти. Турнирда эса U-12 ҳамда U-17 ёш тоифасидаги жамоалари иштирок этади. Қолган икки ёш тоифамиз қатнашчи жамоаларимизга бевосита мухлислик қилишлари баробарида бир қатор ўртоқлик учрашувларида майдонга чиқишлари, мунтазам машғулотлар олиб боришлари кўзда тутилган. Бу тадбирларнинг барчаси Сан Себастьян футбол академияси раҳбарияти томонидан келишувга мувофиқ холисони тарзда уюштириб берилади.

Куни кеча “Donosti Cup – 2023” турнирига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди ва “Металлург” ёшларининг рақиблари номи маълум бўлди. Унга кўра U-12 жамоамиз V гуруҳида “Beti Ona CD” (Баскония, Испания), “LSA Tarragona” (Каталония, Испания), “Salesianos Guadalajara EFCD” (Толедо, Испания) жамоаларига қарши баҳс олиб боради. U-17 ёш тоифасидаги “Металлург” жамоасининг рақиблари эса “Bordeaux Aquitaine FC” (Франция), “Orereta Kafea CD” (Баскония, Испания), “Trintxerpe KE” (Баскония, Испания) жамоалари бўлди. Гуруҳ ғолиблари плеф-оффда совринли ўринлар учун олимпия тизимида курашни давом эттиришади.

“Металлург” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!