“Металлург” футболчилари норматив топширишди
Мавсум аввалида барча клублар ўйинчилари икки марта тест-синовларидан ўтказилганди. Мавсум оралиғида, ҳал қилувчи босқич олдидан Шамиль Исеев бошчилигидаги ЎФАнинг Техник ривожлантириш бошқармаси илмий-методик гуруҳи мутахассислари Суперлига жамоалари ўйинчиларини учинчи марта назоратдан ўтказди. Бекободнинг “Металлург” жамоаси вакиллари ҳам бундан мустасно эмас.
Иккинчи даврадан кейин Тошкент вилояти вакиллари Қибрай ўқув машғулот масканида 30 метрга югуриш, турган жойидан узунликка сакраш, 7х50 метрга югуриш ҳамда “yo-yo” тести бўйича назоратдан ўтишганди.
Баъзи футболчиларимизнинг терма жамоаларга жалб этилганлиги, айримлари жароҳати боис тест назоратидан қолиб кетганди. Бугун Қибрай ўқув машғулот масканига ЎФА техник ривожлантириш бошқармаси вакиллари яна ташриф буюришди ва “Металлург” ПФКнинг назоратдан ўтмаган ўйинчиларини “имтиҳондан” ўтказишди. Бу ҳақда Бекобод клуби матбуот хизмати хабар бермоқда.
Осиё ўйинларида қатнашган Забихилло Ўринбоев, Аббосжон Отахонов, жароҳат боис анчадан буён жамоага ёрдам беролмай, даволаниш билан банд бўлган Жасур Ҳасанов, Зафар Тўраев сингари футболчиларнинг бу галги кўрик натижалари тез орада маълум қилинади.
Ўз навбатида “Насаф”га қарши назорат учрашувидан кейин кичик таътилга чиққан “Металлург” футболчилари бугундан эътиборан яна Қибрайда Суперлиганинг 23-туридан ўрин эгаллаган “Локомотив”га қарши тайёргарлик машғулотларини давом эттиришяпти.
Фикрлар