"Металлург"нинг "Мавсум-2023"даги саргузаштлари

Мамлакат XXXII миллий чемпионати тарих саҳифаларидан жой олганига ҳали бир ҳафта бўлмади-ку, Суперлига баҳсларига кўникиб қолган мухлислар уни соғина бошлашди. Қишки бўшлиқни ортда қолган мавсум сарҳисоби, янги мавсум тадориги, клубда амалга оширилаётган ишлар, трансфер янгиликлари билан тўлдириб турамиз.

2023 йилги футбол мавсумини кўпчилик турлича талқин этмоқда. Кимдир чемпионат муросасиз, қизиқарли курашларга бой бўлди, деяпти. Буни чемпионлик учун курашнинг охирги тургача ҳал бўлмаганлиги ёки Суперлигада жон сақлаш учун курашган жамоаларнинг ҳар бир ўйинни қизитиб берганлиги билан исботлашмоқда. Баъзи мутахассисларнинг наздида эса шунчаки аксарият клубларнинг кучи тенглашган, шунинг эвазига кескин рақобат кузатилди. Биз бу мулоҳазаларни таҳлил этиш фикридан йироқмиз. Шунчаки, “Металлург” мисолида унинг сарҳисобига назар ташламоқчимиз. Бекободликлар учун мавсум қандай ўтди? Мухлисларнинг жамоа иштирокидан кўнгли тўлдими? Шу ва бошқа саволларга эса рақамлар мисолида жавоб ахтарамиз.

Ўтган йилги ўрни банд этилди

2023 йилги мавсум “Металлург” мухлислари учун осон кечмади. Чемпионатнинг қаторасига иккита йирик мағлубият билан бошланиши мутасаддиларни ҳам, мухлисларни ҳам ўйлантириб қўйганди. Тезда тегишли чоралар кўрилди. Жамоа бошқарувида ислоҳотлар амалга оширилди. Янги бош мураббийнинг жамоага кўникиб кетиши учун вақт керак бўлди. Клуб ичидаги муҳит мўътадил кўриниш олгач, трансфер сиёсатида йўл қўйилган нуқсонлар тўғрилашга киришилди. Иккинчи даврадан “Металлург” карвони равон ҳаракатлана бошлади. Лигада энг кўп гол ўтказаётган жамоанинг ҳимоя қўрғони мустаҳкамланди. Саъйи ҳаракатлар натижаси бўй кўрсатди. Жамоа мусобақа жадвалида ўнталикка кириб олди ва мавсумни хотиржам руҳда якунлади. 2022 йилги ўрнини яна банд этди. Мавсум охирида мураббийлар ишидан қониқиш ҳосил қилган клуб мутасаддилари черногориялик мураббий билан шартномани 2026 йилгача узайтиришга қарор қилди. Жамоа олдига янги вазифалар, марралар қўйилди...

“Металлург” 2023 йилги мавсумда 26 учрашувнинг 8 тасида ғалаба қозонди, 6 та ўйинда битимга имзо чекди. 12 та ўйинда имконият бой берилди. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи 26:35, 30 очко жамғарилди.

металлург9

Сафар ўйинлари кўпайди...

Бу йилги мавсумда бекободликлар ўз майдонида 5 та ғалаба, 4 та дуранг, 4 та мағлубият билан, 39 очконинг 19 тасини қўлга киритди. Голлар фарқи – 15:14. Сафар натижи эса: 3 ғалаба, 2 дуранг, 8 мағлубият, тўплар нисбати – 11:21, 11 очко.

Келтирилган рақамларга қараб, “Металлург” уйда яхшироқ ўйнабди-да, деган хулосага келиш мумкин. Аммо “Металлург” амалда сафарда кўпроқ тўп сурди. Август ойидан кейин ЎзПФЛнинг талаби билан Бекободдаги “Металлург” марказий стадиони таъмирлаш учун “ёпилди”. “Металлург” рақибларини Олмалиқ шаҳридаги ОКМК стадионида қабул қила бошлади. 26-турдаги уй учрашувини эса умуман рақиб майдонида ўтказди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, “Металлург” 9 та учрашувни уйда, 16 та учрашувни сафарда ўтказган бўлиб чиқади.

Қизиқарли ФАКТ: Ортда қолган мавсумда “Металлург” тўртта жамоа – “Нефтчи”, “Пахтакор”, “Насаф” ва “Сурхон”дан очко ололмади. Ўз навбатида учта рақиб – “Қизилқум”, ОКМК ва “Олимпик”ка очко бермади. “Турон” билан эса ҳар иккала ўйинда дурангга имзо чекди.

Жамоа гвардиячилари

Бу йилги мавсумни испаниялик мураббийлар штаби билан бошлаб, черногорияликлар билан якунлаган “Металлург” асосий таркиб ўйинларида 32 футболчи хизматига таянди. Энг кўп майдонга чиққан футболчи Шаҳзодбек Ғофурбеков бўлди. У 25 та учрашувда майдонга тушди. шулардан 24 тасини бошланғич таркибда бошлаган бўлса, битта ўйинда заҳирадан қўшилди. Аброрбек Тошқўзиев ва Керим Паличлар 24 та баҳсни асосий таркибда ўтказди. Рўйхатда тўртинчи ўринда қолган Забихилло Ўринбоев ҳисобида 23 та ўйин бор. 23-тургача узлуксиз барча ўйинларда жамоадошларини ўз ортидан эргаштириб келган сардор Қаршидаги учрашувда  жароҳат олмаганида мавсумнинг барча баҳсларида майдонга тушармиди?

мет-сўғд_3

Майдонда бўлиш – дақиқалар ҳисобидан келиб чиққанимизда эса пешқадамлик Керим Паличга тегишли – 2159 дақиқа. Аброрбек Тошқўзиев ҳамда Шаҳзодбек Ғофурбековлар ҳам икки минг дақиқалик давондан ошиб ўтишди. Уларнинг кўрсаткичи мос равишда – 2089 ва 2086 дақиқа.

Жамоа тўпурарлари

Суперлигада “Металлург” рақиблари дарвозасига 26 та гол киритди. Мавсум давомида 12  нафар ўйинчи ўз исми шарифини стадион таблоларига ёздириб қўйди. Жамоа тўпурари Забиҳилло Ўринбоев бўлди. У рақиблар дарвозасини 7 марта ишғол этди. Голларидан бирини 11 метрлик жарима зарбасидан киритди. Иккинчи даврадан жамоага келиб қўшилган 2020 йилги клуб “бомбардири” Шаҳзодбек Убайдуллаев ўз ҳисобига тўртта гол ёзди. “Металлург”нинг универсал ўйинчиларидан бири Ҳусниддин Ғофуров ҳам 4 марта муваффақият қозонди. У 2 та пенальтини аниқ амалга оширганлигини ҳам қайд этиш лозим. Биринчи даврадан кейин “Олимпик”га ижарага берилган Иброҳим Ибрагимов рақиблар дарвозасига 2 та гол урди. Шунингдек, U20 жаҳон чемпионатида ўз исми шарифини тарихга муҳрлаб келган бекободлик истеъдодли ҳужумчи Шаҳзоджон Неъматжонов ҳам 2 марта муваффақият қозонди. Ёшлар терма жамоамиз йиғинлари, мундиал билан банд бўлган, жаҳон чемпионатидан жароҳат билан қайтган Шаҳзод 2 та голни 7 та учрашувда урди. Агарда мавсумни асосий таркибда тўлиқ ўтказганида Неъматжоновнинг фойдаси бундан-да салмоқли ва баракали бўлиши мумкин эди.

Жамоанинг қолган голлари 7 нафар футболчи ҳисобига ёзилди.

Жарималар жафоси

“Металлург” 2023 йилги мавсумни жуда интизомли ўтказди, дейиш қийин. Учрашувни бошқариб борган ҳакамлар бекободлик футболчилар қаршисида жами 51 марта сариқ карточкани кўтаришди. Шулардан бир нафари битта учрашувда иккита сариқ карточка олиб, майдондан четлатилганди. Тўғридан тўғри қизил олган футболчилар эса 4 нафар: булар – Владислав Касминин, Иброҳим Ибрагимов, Ҳусниддин Ғофуров, Искандар Шайқулов. Фақатгина Шаҳзодбек Ғофурбеков битта ўйинда икки марта огоҳлантириб, майдонни вақтли тарк этганди.

веско8

Клуб ўринбосарларда ўсиш бор

Асосий таркибга яқин ўринбосарларни етиштириб берувчи U-21 ҳамда U-19 чемпионатларида қатнашган ёшларнинг натижалари кишини хурсанд этади. “Металлург” футбол клуби қошида “Реал” (Мадрид) академияси билан ҳамкорлик қилувчи “Эл Голасо” футбол академиясининг очилиши ўз самарасини бера бошлади.

Хусусан, “Металлург U-21” жамоаси кетма кет иккинчи мавсумни тўртинчи ўринда якунлаяпти. Ўтган йили Баҳром Умаров бошчилигида, бу йил эса Абдували Мўминов етакчилигидаги клуб ёшлари бутун мавсум ҳужумкор футбол намойиш этиб, мухлислар олқишига сазовор бўлди. Энг асосийси, бош жамоага муносиб ўринбосарлар етишиб келаётганлиги кўзга ташланмоқда. Фикримиз исботи ўлароқ бош мураббий Веско Стешевич асосий таркибига U21 жамоасидан кўплаб ўйинчиларни жалб этди: булар – Самандар Муратбоев, Алишер Хайруллаев, Носир Абдусаломов, Сарвар Абдуҳамидов, Зафарбек Раҳимжонов,Рўзибоев Файзуллаевлардир...Уларнинг барчаси Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига ҳам жалб этилаётганлиги бежиз эмас.

Яна битта маълумот: 2005 йилда туғилган бекободлик истеъдодли ҳужумчи Беҳруз Абдуллаев мавсумни “Металлург U19” сафида бошлаб, “МеталлургU21”да якунлади. Бошқа футболчиларга нисбатан майдонга камроқ тушишига қарамасдан 13 та голи билан Ўзбекистон U21 чемпионатининг тўпурарига айланди.

Шуҳрат Юлдашев мураббийлигидаги “Металлург U-19” эса 2023 йилги мавсум қаҳрамонлари бўлишди, дейиш мумкин. Мамлакатимизнинг энг кучли футбол академиялари тарбияланувчиларини ортда қолдириб, Ўзбекистон U19 чемпионатида биринчи ўринни эгаллади. Чемпионатнинг олтин медаллари ва Кубогини Бекободга олиб келишди. Жамоанинг аксарият ўйинчилари Ўзбекистон U-17, U-18, U-20 терма жамоаларига жалб этилган.

Шунингдек, “Металлург” футбол академиясининг барча ёш тоифасидаги жамоалари Тошкент шаҳар биринчилиги – Премьер лигада муваффақиятли қатнашмоқда. “Металлург U13” ЎФА Кубогининг финалига қадар етиб борди. Акмал Холматов шогирдлари “Пахтакор” жамоасига қарши ҳал қилувчи ўйинни фақатгина пенальтилар сериясида бой беришди холос. Мурод Тўйчиев бошчилик қилаётган “Металлург U16” эса ЎФА Кубогининг ярим финалигача етиб борди. Фақатгина омадсизлик боис ўсмирлар шоҳсупага кўтарила олишмади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!