Миллий олимпия қўмитасида ўсмирларимизни Олимпия ўйинларига кузатиш маросими ўтказилди

Хабарингиз бор, 6-18 октябрь кунлари Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон делегацияси таркибида 37 нафар ёшларимиз спортнинг 16 тури бўйича баҳсларда иштирок этади.

2 октябрь куни Миллий олимпия қўмитаси биносида ўсмирлар Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчиларимизни расмий кузатиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Ахматджанов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев иштирок этишди.

Тадбир давомида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчиларимизга омад тилади.

- Яқиндагина Жакартада бўлиб ўтган Осиё ўйинларида муваффақиятли қатнашган спортчиларимизни катта тантаналар билан кутиб олгандик. Энди эса навбат сизга келди. Ўсмирлар Олимпия ўйинлари спортчи ва мураббийлар учун ўз имкониятини намойиш этиб, Токио 2020 Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш учун ажойиб имкониятдир. Аввалги Олимпия ўйинларида ўсмирларимиз 10 та медаль қўлга киритишганди. Сизлар ушбу натижани яхшилашнинг уддасидан чиқа оласизлар. Яқинлашиб келаётган мусобақада спортчиларимизга муваффақиятлар тилаймиз. Умид қиламизки, сизларни медаллар шодаси ва янги рекордлар билан кутиб оламиз, – деди Бош вазир ўринбосари.

Сўнгра, Азиз Абдуҳакимов III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида делегациямиз байроқдори вазифасини бажарадиган эркин курашчимиз Муҳаммадрасул Раҳимовга давлатимиз байроғини топширди.

Делегациямизнинг асосий қисми 4 октябрь куни тунда пойтахтимиздан Буэнос-Айресга жўнаб кетади.

Миллий олимпия қўмитаси ушбу нуфузли мусобақада иштирок этадиган спортчиларимизга омад ва муваффакиятлар тилайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!