Миржалол Қосимов: Ачинишга ачинаман, аммо..."

Суперлиганинг 17-туридан ўрин олган “Бунёдкор” – ОКМК учрашувида меҳмонлар ягона гол эвазига ғалаба қозонди. Ўйиндан ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов фикрлари билан ўртоқлашди.

- Авваламбор, фурсатдан фойдаланиб бутун халқимизни Мустақиллигимизни 33 йиллик байрами билан муборакбод этаман. Ўйинга келадиган бўлсак, жуда ҳам қийин бўлди. Шунга қарамай, муҳими уч очкога эга бўлдик ва кичик таътилга чиқдик. Бу ёғига ишлашда давом этамиз. Ўйин давомида иккала жамоа ҳам “страховка” билан ҳаракат қилди. “Бунёдкор” қуйи поғонада, гол ўтказиб юбормаслик учун эҳтиёткорлик билан ўйнади. Бизда ҳам худди шунақа бўлди. Охир-оқибат стандартдан урган голимиз бизга уч очко тақдим этди. Албатта, натижадан қониқдим. Аммо ўйиндан қониққаним йўқ. Кейинги учрашувларда “Бунёдкор” жамоасига омад тилаймиз ва қуйи поғонадан чиқиб кетишига умид қиламан.

- Жамоангиз ўтган турда охирги дақиқада гол ўтказиб юборганди ва бу сафар охирги дақиқада гол урди. Олдинги учрашувларда ҳам сўнгги дақиқаларда темпни ошириш ҳисобига ғалабани ўзига оғдириб олганди. Бу режангиз билан боғлиқми ва ўйиннинг 80-дақиқасидан кейин қандайдир кўрсатма берасизми?

- Ҳар доим битта нарса айтаман: футбол биринчи ўринда бўлиши керак. Майдонга чиққанда ҳаёл бузилиши керак эмас. Бошқа нарсаларни ўйламаслик лозим. Инсонда ҳар хил нарсалар бўлиши мумкин. 80-дақиқадан кейин эмас, 1-дақиқадан то охиригача бир хил балансда ўйнаш муҳим. Самарқандда ҳам учрашув бошида гол урдик, 20-дақиқадан сўнг фақат ҳимояландик. Иккинчи голни урдик. Яна ҳисобни сақлаб қолиш учун ҳимояда ҳаракат қилдик. Бу руҳий ҳолат билан боғлиқ, деб ўйлайман. Ўзимиз имкониятлардан фойдалана олмадик. Қарши ҳужумга чиққанимизда “Динамо” охирида гол уриб ғалаба қозониб кетдик. Футбол шуниси билан қизиқ. Гол ургандан кейин янада қўшиб натижани муҳрлаш керак. Ана шунда бу нормал футбол бўлади.

- Суперлигада жамоалар даражаси тенглашди. Кутилмаган натижалар бўляпти. Нима деб ўйлайсиз, чиндан клублар кучайдиларми ёки кучсизланиб, маълум бир темпга тушиб қолишдими?

- Ҳар хил нарса дейиш мумкин. Ташқаридан ҳамма турлича гапириши мумкин. Бироқ оддий ўйинлар йўқ. Ҳар бир учрашув қийин. Турнир жадвали ҳеч нимани англатмайди. Қаршилик, рақобат бўлганидан кейин ўсиш бўлади. Агар 5 та ўйин қийин ўтиб, 5 та учрашув шунчаки ўтганида унда пастга қараб кетяпти, деб айтиш мумкин эди. Жадвалда 1-ўрин бўладими ёки 14-ўринми, ким ютишини ҳеч ким билмайди.

- “Бунёдкор”га тамал тошини қўйишда ҳисса қўшгансиз. Бу жамоани бугунги кунда инқироздалиги ёки жон сақлаш учун курашаётгани сизга қандай туюляпти?

- Ачинишга ачинаман. Аммо бир нарса дейиш қийин. Бундай ҳолатга ҳар бир жамоа тушиб қолиши мумкин. Жамоа ёмон эмас, академияси бор. Нимадир етишмаяпти шекилли-да. Ташқаридан бир нарса дейиш қийин. “Бунёдкор”га қайғураман. Ҳозир Илёсга ҳам айтдим, бу ёғига омад, вазифани уддалай оласизлар, дедим.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!