Миржалол Қосимов: Иккинчи бўлимдаги тезкор гол бизни руҳан чўктириб қўйди
Ўзбекистон Coca Cola Кубоги финалидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этиб, беллашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
"Футболни алдаб бўлмайди: "Пахтакор" - кучли жамоа. Кеча матбуот анжуманида айтгандим, йигитларга ҳам тайинлаганман - бу каби катта ўйинларда кичик хатолар учрашув тақдирини ўзгартириб юборади. Яратилган имкониятлардан фойдалана олиш зарур. Биринчи таймда кўрдингиз, биз яхши ўйнадик, имкониятларга эга бўлдик. Бироқ, "Пахтакор" яхши шаклланган клуб ва ўз голларини бехато урди.
Иккинчи таймдаги тезкор гол бизни руҳан чўктирди. "Пахтакор"ни кубок ғолиблиги билан табриклайман.
Ҳа, Тошматов ўз даражасида тўп сура олмади. Унинг жароҳати барибир бизга панд берди. Халқимизда ажойиб бир мақол бор: йиқилишимни билганимда ерга кўрпача ёзиб олардим. У ҳам қўлидан келганича ҳаракат қилди.
Футбол эмоция билан қизиқ, уни бир киши ўйнамайди. Йигитлар ҳаракат қилди, аммо йил давомидаги чарчоқлар ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Оғир шароитда ўтган мавсумда кичик бўлса ҳам, тарихий натижага эриша олдик.
Биринчи галда озгина дам олмасак бўлмайди. ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш учун босқичма-босқич тайёрланиб борамиз. Олмалиқлик мухлисларни бугун бронза медаль қониқтиргандир, эртага бундай бўлмайди", - деди мураббий.
Фикрлар