Моуриньо машҳур футболчининг "Реал"дан кетишини тақиқлади
«Реал» ярим ҳимоячиси Орельен Тчуамени ёзда жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар тобора кучаймоқда. Франция терма жамоаси аъзоси номи сўнгги кунларда айниқса «Манчестер Юнайтед» билан жиддий тарзда боғланмоқда.
Indykaila News нашри маълумотича, «Реал»нинг янги бош мураббийи Жозе Моуриньо Тчуамени масаласини муҳокама қилиш учун клуб раҳбарияти билан шошилинч йиғилиш ўтказган.
Португалиялик мутахассис франциялик ярим ҳимоячининг кетиши мадридликлар учун катта йўқотиш бўлишини таъкидлаган.
Манбага кўра, Моуриньо Тчуамени жамоада қолиши учун клуб раҳбариятини ишонтиришга қатъий бел боғлаган. У футболчини ўз тактик режалари ва келгуси мавсумдаги лойиҳаларида ҳал қилувчи фигура сифатида кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Орельен Тчуамени 2022 йили «Монако»дан «Реал»га 80 миллион евро эвазига ўтган эди. Унинг мадридликлар билан тузган шартномаси 2028 йил 30 июнига қадар амал қилади.
2025/26 йилги мавсумда Тчуамени «Реал» сафида барча мусобақалар доирасида 49 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 2 та голли узатма муаллифи бўлди.

Фикрлар