Моуриньо: "Бу фаолиятимдаги энг ёмон старт эканидан хабарим бор. Бироқ яхшилаб эсланг, "Рома" тарихда илк бор кетма-кет икки еврокубок финалида ўйнади"
Кеча Италия А Серияси 6-тури доирасида "Рома" сафарда "Женоа"га 4:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Учрашувдан сўнг римликлар бош мураббийи Жозе Моуриньо фикрларини батафсил билдириб ўтди.
"Ҳозир журналистлар билан гаплашишни истамайман. Мен йигитлар билан гаплашмадим. Шундай экан, ҳеч нарсани муҳокама қила олмайман ва саволларга жавоб бера олмайман.
Ўйинни ёмон бошладик, буниси аниқ. Даҳшатли голлар ўтказиб юбордик, "Верона" билан ўйинда ҳам шундай бўлганди. Биринчи голга жавоб қайтара олдик, аммо кейин яна рақиб гол урди. Льорентенинг жароҳати ҳам кўп нарсани ўзгартириб юборди.
Манчини сариқ карточка олди ва биз ҳакам Даниэле Орсатонинг "қобилиятларини" инобатга олган ҳолда, футболчини алмаштиришга мажбур бўлдик. Бу эса яна режаларимизнинг ўзгаришига сабаб бўлди.
Тўғри, ҳимояда ўтган мавсумдагидек ишончли ҳаракат қилмаяпмиз. Биз мудофаада муҳим вакилларимизни йўқотдик. Шу сабаб кўп гол ўтказиб юборишимизни ҳам тушунса бўлади.
Аммо ҳамма нарсани айбдор қилиб кўрсатиш - инсофсизлик бўлади. Биз жамоа сифатида ёмон ҳаракат қиляпмиз. Бунга ҳар биримиз жавобгармиз ва мағлубиятларга ҳам барча бирдек масъулдир.
Бу фаолиятимдаги энг ёмон старт эканидан хабарим бор. Бироқ яхшилаб эсланг, "Рома" тарихда илк бор кетма-кет икки еврокубок финалида ўйнади.
Йиғлаб ўтиришга вақтимиз йўқ. Эртага яна ишга қайтамиз. Навбатдаги очколар биз учун ўта муҳим!", - деди португалиялик мутахассис.
Фикрлар