Моуриньо кутмаган вазият: “Рома”нинг легионер ҳужумчиси январда кетади!
“Рома” мавсумнинг муҳим палласида турибди. Янги йилдан кейин Жозе Моуриньо шогирдларида Европа Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи кучли тўртликка кириб олиш имкони туғилди. Жозе Моуриньо январд ва февралдаги учрашувларда ўзи кашф қилган ҳужумчи Феликс Афена-Гьян хизматидан фойдалана олмайди.
Маълумотларга қараганда, истеъдодли ҳужумчи Гана терма жамоасидан чақирув олди. Ганаликлар 9 январь -16 февраль кунлари Камерунда ташкил этиладиган Африка Миллатлари кубоги турнирида иштирок этади.
Феликснинг кетиши “Рома” ҳужум чизиғидаги футболчилар фаолиятига таъсир қилиши мумкин. Хусусан, “Реал”дан ижарага олинган Борха Майораль қишки трансферлар вақтида “Фиорентина”га ўтиши кутилаётган эди. Агар Афена-Гьян терма жамоага жўнаб кетса, Моуриньо испан ҳужумчисининг кетишига изн бермайди. Чунки таркибда марказий ҳужумда ўйнай оладиган фақат икки ҳужумчи – Тэмми Абрахам ва Элдор Шомуродов қолади. Табиийки, ҳужумчилар тақчиллиги юқори мақсадлар сари юриш имкониятини пасайтириб юборади.
Яна бир футболчи – Амаду Диавара ҳам Африка чемпионатида қатнашиш учун Гвинея терма жамоасига чақиртирилди. Бироқ, бу ярим ҳимоячининг йўқлиги “Рома”га муаммо туғдирмайди.
Шунингдек, америкалик ҳимоячи Брайан Рейнольдс ҳам қишки трансферлар вақтида Римни тарк этиши кутилмоқда. Қанот футболчисига Бельгия чемпионати етакчиларидан “Брюгге” оғиз солмоқда. Бельгияликлар Брайанни ўз юртида “Даллас”да ўйнаб юрганидан бери нишонда ушлаб турибди. Қолаверса, Рейнольдсга Англия Чемпионшипида ўйнаётган “Халл Сити” ҳам харидор бўлмоқда.
Футболчининг ўзи етарли ўйин амалиётига эга бўлиш учун “Рома”дан кетишга тайёр. У жорий мавсумда атиги уч марта майдонга тушиб, жами 91 дақиқа ҳаракат қилди. Албатта, бу истеъдодли ўйинчига маъқул келгани йўқ.
Шу билан бирга, “Рома”га таклиф этиладиган футболчилар рўйхати ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Булар асосан майдон маркази ва ҳимоя чизиғи вакилларидир. Моуриньо биринчилардан бўлиб, “Хоффенхайм” ярим ҳимоячиси Флориан Гриллични олиб келмоқчи. Бу ўйинчи мавсум охирида эркин агентга айланади. Римликлар уни январь ойида 6 миллион еврога сотиб олишни мўлжаллаяпти. Чунки спорт директори Тьяго Пинто ёзда “Аталанта” ярим ҳимоячиси Ремо Фройлер трансфери бўйича иш олиб боради.
Майдон марказини кучайтириши мумкин бўлган яна икки ўйинчи ҳам римликлар эътиборини тортди. Улардан бири “Герта” вакили Лукас Тусардир. Берлинликлар франциялик ўйинчини “Лион”дан 21 миллион еврога харид қилганди. Бироқ, у жамоанинг ўйин услубига мос тушмади. “Герта” футболчига сарфланган маблағни ярмига бўлса ҳам уни сотиб юборишга қарор қилган. Шунингдек, “Рома” мутасаддилари “Сассуоло” ярим ҳимоячиси Давиде Фреттезини кузатмоқда. 22 ёшли истеъдод эгаси жорий мавсумда 18 та учрашувда тўртта гол урди ва ярим ҳимоячилар ўртасида энг яхши кўрсаткични қайд этмоқда. Унга “Интер”дан ҳам қизиқиш бор.
Ҳозирча, “Рома”нинг энг заиф чизиғи ҳимоя ҳисобланади. Шу боис, бош мураббий рўйхатида мудофаа вакилларининг номи кўпроқ. Таниқли журналист Николо Скиранинг хабар беришича, пойтахт клуби қишда асосий эътиборни ўнг қанот ҳимоясини кучайтиришга қаратади. Бу ўринга номзодлар сифатида “Сампдория” ва Польша терма жамоаси аъзоси 29 ёшли Бартош Берешински, “Фейеноорд” ва Нигерия терма жамоасининг 31 ёшли ҳимоячиси Маркус Педерсен, “Зальцбург”даги даниялик 24 ёшли Расмус Кристенсен, “Бавария”нинг франциялик 29 ёшли вакили Буна Сарр қайд этилган.
Тьяго Пинтони қизиқтираётган яна бир ҳимоячи Беньямин Хенриксдир. “Лейпциг” шарафини ҳимоя қилаётган германиялик футболчи билан музокара бошланган. Унинг трансфери 10 миллион еврога баҳоланмоқда. Римликларни 24 ёшли ўйинчининг ҳимоянинг исталган нуқтасида ишончли ҳаракат қила олиш қобилияти қизиқтириб қўйган.
Жорий мавсумда Бундеслигада 9 та учрашувда биттадан гол ва ассист қайд этган универсал ҳимоячи ҳам Италия чемпионатига кўчиб ўтишга қарши эмас.
Хулоса қилиб айтганда, “Рома”да катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Жозе Моуриньо эса ўзи истаган футболчиларни ўйнатадиган мураббий ҳисобланади.
Фикрлар