Ўзбек легионери катта суммага трансфер қилинади!
Беларусь чемпионатининг 2021 йилги мавсуми ўз ниҳоясига етди. Ушбу чемпионат олий лигасини кўпроқ узоқ ва яқиндан келган легионерлар безаб туради. Хусусан, бу йил Беларусь олий лигасида Ўзбекистондан тўрт нафар футболчи иштирок этди.
Чемпионлик учун курашда БАТЭ шарафини Шаҳбоз Умаров ҳимоя қилди. Шаҳзодбек Убайдуллаев мавсумни чемпион жамоа – “Шахтёр-Солигорск”да бошлади ва бош мураббий билан чиқиша олмагани учун иккинчи даврда “Энергетик-БГУ”га ижарага ўтишига тўғри келди. Бобур Абдухолиқов “Энергетик-БГУ”да ўйнаб, ўзини кўрсата олган бўлса, ушбу жамоадаги яна бир ҳужумкор футболчимиз Дониёр Абдуманнопов жароҳат туфайли атиги бир бор майдонда кўриниш берди холос.
Беларусь олий лигаси таҳлили билан шуғулланаётган мутахассислар мавсумда ўзини кўрсатган легионер ўйинчиларнинг рамзий терма жамоасини тузиб чиқди. Ундан Ўзбекистон миллий терма жамоаси вакили ҳам жой олди.
Демак, легионерлар рамзий терма жамоаси билан танишамиз.
Дарвозабон
Владимир Русанов (“Энергетик-БГУ”)
Беларусь чемпионатида жуда кам жамоалар хорижлик дарвозабонга ишонч билдиради. Шу боис, минсклик “талабалар” шарафини ҳимоя қилган россиялик Владимир Русанов рамзий терма жамоага киришда ҳеч қандай рақобатни сезгани йўқ. Жами 13 та учрашувда дарвоза қўриқлаган посбон жамоасининг олий лигада қолишига муносиб ҳисса қўшди.
Ҳимоячилар
Александар Филипович (БАТЭ)
Ўнг қанот ҳимоячилар орасида сербиялик Александар Филиповичга рақобат кўрсата оладигани йўқ. Борисовликлар жамоасида алмаштириб бўлмас ўйинчи даражасига кўтарилган серб йигити жами 27 та учрашувда қатнашди, ўз вазифасини уддалашдан ташқари, рақиб дарвозасини бир бор ишғол қилишга ҳам эришди.
Яков Филипович (БАТЭ)
БАТЭдаги иккинчи Филипович Хорватиядан. Фамилиядошидан фарқли равишда Яков ҳимоя марказида тўп тепади. У жамоа ҳимоячилари орасида энг кўп – 28 та учрашувда ҳаракат қилди. Ҳар икки Филипович БАТЭдаги ўйинлари орқали Болқон мамлакатларида яхши ижрочилар борлигини кўрсата олди.
Андрей Бацула (“Динамо-Минск”)
“Динамо”да маҳоратини намойиш этган украиналик легионер омадини бошқа клубларда синаб кўришга қарор қилди. У қайд натижа ва кўрсатган ўйин бу футболчининг ишсиз қолмаслигини кафолатлайди. Чап қанот ҳимоячиси ўз вазифаларини бажариш билан бирга ҳужумга тез-тез ўтиб турди. Бацула иккита гол уришдан ташқари, жамоадошларининг 12 та голига ассистентлик қилди. Голли паслари билан олий лига ҳимоячилари рекордчисига айланди.
Ярим ҳимоячилар
Юлиус Сзоке (“Шахтёр”)
Солигорскликларнинг чемпионлик даврида энг кўзга кўринган легионерларидан бири айнан Юлиус Сзокедир. Словакиялик футболчи ҳам олий лигадаги ўйинлари орқали бошқа лигалардаги кучли клублар эътиборига тушди. 23 та учрашувда битта гол урган легионерни “Шахтёр” хайрлашув маросими орқали кузатиб қўйди.
Владислав Васильев (“Энергетик-БГУ”)
Қоғозистонлик легионер чемпионатнинг биринчи ярмидаги ёрқин ўйинлари орқали рамзий терма жамоадан жой олди. Васильев “Энергетик-БГУ” сафида жами 16 та беллашувда қатнашиб, бешта гол урди ва жамоадошларига саккиз марта голли пас узатди. Унинг мавсум ўртасида кетиб қолгани жамоани анча қийнаб қўйди.
Фрэнсис Нар (“Славия”)
“Славия” олий лигадаги ўрнини базўр сақлаб қолди. Бу жамоа раҳбарияти асосан легионерларга суяниб қолгани учун кўп танқид қилинди. Мавсум давомида Россия, Бельгия, Аргентина, Гана, Молдова, Украина ва Габондан 17 нафар легионер “Славия” сафида ўйнади. Улар орасида энг зўр натижани ганалик Фрэнсис Нар қайд этди. Тажрибали футболчи ярим ҳимоя маркази, ҳужумчи ортида ва форвард вазифасида тўп тепиб, саккизта гол билан жамоа тўпурари бўлди.
Шаҳбоз Умаров (БАТЭ)
Ўзбекистонлик легионер сермаҳсул ўйин кўрсатди. Қанот ҳужумчиси, ярим ҳимоячи, ҳужумкор футболчи ва форвард сифатида турли позицияларда тўп тепган ҳамюртимиз рақиблар дарвозасини олти маротаба ишғол қилди ва жамоадошларига саккизта голли пас оширди.
Чемпионлик учун курашда “Шахтёр”га имкониятни бой берган БАТЭ асосий рақобатчисини бир марта мағлуб эта олди холос. Ўша учрашувда ҳам ягона голни суперзарба билан Умаров киритди. Энг муҳими, Умаров гол урган беллашувларнинг барчасида борисовликлар уч очко эгаси бўлди.
Шаҳбоз Беларусь чемпионати кумуш медали билан бирга мамлакат кубогини ҳам боши узра кўтарди.
Бундан ташқари, истеъдодли футболчимиз Ўзбекистон миллий терма жамоасидан мунтазам чақирув ола бошлади.
Беларуслик мутахассислар “Умаровдек легионер фақат катта сумма эвазига қўйиб юборилади”, демоқда. Маълумотларга қараганда, ҳамюртимизга кучли лигалардан қизиқиш бўлмоқда.
Ҳужумчилар
Стивен Альфред (“Слуцк”)
Мавсум бошида бу жамоа қуйи лигага тушиб кетиши кутилганди. Бироқ, “Слуцк” мавсумни тўққизинчи поғонада якунлади. Бунда нигериялик ҳужумчининг тўққизта голи ва бешта ассисти муҳим аҳамият касб этди.
Жан-Морель По (“Динамо-Минск”)
“Динамо-Минск” бош мураббийи Артем Челядинский гол урадиган ҳужумчисига эҳтиёж сеза бошлади. У ҳимояланишга кўниккан ивуарлик футболчини ҳужумчи ортида ўйнатишга қарор қилди. Натижада Понинг янги қирралари очилди. Айрим учрашувларда марказий ҳужумчи вазифасини ҳам бажарган Жан-Морель еттита гол билан жамоасининг бронза медаль олишига катта ҳисса қўшди.
Дембо Дарбо (“Шахтер”)
“Шахтёр” ҳужумчисига етадигани топилмади. Индивидуал маҳорати яхши шаклланган гамбиялик футболчи 29 та учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига 19 та гол ёзиб қўйди ва саккизта ассистни амалга оширди. Анчадан бери Беларусь чемпионатида бунақа ҳужумчи бўлмаган. У ҳақли равишда чемпионат тўпурари совринини қўлга киритди.
Шомуродов ва Абрахам. Моуриньо қудратли “Рома”ни яна кимлар билан қурмоқчи?
Тўпурар легионеримиз: Мен тезкормасман, техникам ҳам зўр эмас демайман, лекин...
Европа Чемпионлар лигасида қатнашадиган клуб “Навбаҳор” кўзлаган легионеримизга шартнома таклиф қилди
Шомуродов шошилмаса бўлмайди!
Бирорта нашр Шомуродовни асосий таркибга лойиқ кўрмади, Моуриньо эса...
Ана холос! “Рома” Шомуродовдан камроқ югуришни талаб қиляпти!
Шомуродовнинг ҳисоби бўш...
Фикрлар