Россия клуби Ўруновни трансфер қилишга ўйланиб қолди!
Россия футболида жуда тез ном қозонган Остон Ўруновнинг келажаги яна мавҳум бўлиб қолди. Яхши хабарингиз бор, 2020 йил бошида Тошкентнинг “Локомотив”идан Россия чемпионатига йўл олган истеъдодли ярим ҳимоячимиз “Уфа”да зўр ўйнаган эди.
Кейин “Спартак” билан беш йиллик шартнома имзоладию, фаолиятида омадсиз босқич бошланди. Москва клуби раҳбарияти ҳам, мураббийлар штаби ҳам Ўруновга умуман ишонч билдирмади ва ўзини кўрсатиши учун имкон ҳам бермади. Аслида “Спартак” клуби ўз муаммоларини ҳал қила олмайдиган даражага келиб қолган.
Россияда энг кўп мухлисга эга бўлган бу клуб чемпионлик учун курашишни мақсад қилган бўлса-да, хориждан бир неча мураббий олиб келганига қарамай, тобора чўкиб бормоқда. Ҳозир аввалги қудратли “Спартак”нинг номидан бошқа ҳеч нарсаси қолмаган.
Остон Ўрунов жорий мавсум бошида ижара асосида “Уфа”га ўтганидан кейин бу клуб мавсум охирида ўзбек футболчисини сотиб олишга қарор қилгани ҳақида ахборотлар тарқатилган эди. Хусусан, уфаликлар бош директори доим Ўруновнинг истеъдодини юқори баҳолаб, ўйинчини қадрлаб келган.
Бироқ, “Уфа” клубининг ҳозирги аҳволи Ўруновнинг келажагини яна мавҳумлаштириб қўйди. Жамоада молиявий инқироз кузатилмоқда. Пули йўқ клубнинг Россия премьер-лигасида жон сақлаб қолиши амри маҳол. “Уфа” сифатли ўйин кўрсатишга ҳарчанд уринмасин, мусобақа жадвалида ҳавфли зонадан чиқиб кета олгани йўқ. Улар 18-турдан сўнг 16 очко билан 15-ўринда бормоқда.
Бир қарашда, жамоа таркиби у қадар заиф эмас. Ҳамид Агаларов 13 та гол билан мусобақада тўпурарлик қилмоқда, Остон Ўрунов, Артём Голубев, Боян Йокич, Владислав Камилов, Тимур Жамалетдинов каби ўйинчиларнинг қўлидан кўп иш келади. Лекин пули йўқ жамоанинг натижаси юқори бўлмаслиги аччиқ ҳақиқат.
Яқинда клуб бош директори Шамиль Газизов Бошқирдистон раҳбари Радий Хабиров билан учрашиб, “Уфа” тақдирини гаплашди. Россия матбуоти тарқатган хабарларга қараганда, раҳбарият “Уфа”нинг премьер-лигада қолишидан манфаатдор. Радий Хабиров Газизовга “Уфа” учун пул ажратилиши, бироқ ҳозир улар премьер-лигада қолишни уддалашлари лозимигини уқтирган.
Ўз навбатида, молиявий муаммолар бевосита Остон Ўруновнинг келажагига ҳам таъсир қилади. Чунки бу ўйинчини сотиб олиш учун мавсум охирида “Спартак”га бир миллион евро атрофида пул тўлаш талаб этилади.
Шамиль Газизов бу масалага ўз муносабатини билдирди.
- Биз молиявий аҳволимиздан келиб чиқиб, шунга мос футболчиларни танлашга мажбурмиз. Бюджет масаласида ҳали бирор аниқлик йўқ. Хусусан, Остон Ўруновнинг трансфери бўйича “Спартак” билан музокараларни бошлашга ҳам ҳали эрта, - деди Шамил Газизов.
21 ёшли ўзбек футболчиси фаолияти давомида “Уфа”га учинчи марта қўшилди. Мавсум бошидан бери барча турнирларда еттита учрашувда майдонга тушди. Ўзи тўп тепган ўйинларда ҳамюртимиз маҳоратини намойиш қилмоқда. Бироқ, кўп жароҳат олаётгани фаолиятининг бир текис давом этишига халақит қилаётгани ҳам бор гап.
“Уфа” футболчилари қатори Остон Ўрунов ҳам қишки таътилни бошлаб юборди. Жамоа келаси йилнинг 8 январида Москвада йиғилади. Тиббий кўрикдан кейин жамоа қишқи ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш учун 9 январда Туркияга учиб кетади.
Россия клуби Одил Аҳмедовга мурожаат қилди!
Абрахам Шомуродовнинг “иши”ни такрорлади!
Абрахам – чақмоқ, Дзаньоло – довул, Шомуродов қандай баҳоланди?
Шомуродов шошилмаса бўлмайди!
Шомуродовнинг ҳисоби бўш...
Фикрлар