Моуриньо Шомуродовни жаҳон чемпионатида ўйнаган футболчига алмаштиради

“Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо Қатардаги жаҳон чемпионатида тўп тепаётган футболчилар орасидан ўзига мосини топди.

Португалиялик мутахассис Сербия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Саша Лукични қўлга киритмоқчи. Бу футболчи “Торино” клуби шарафини ҳимоя қилади.

Лукич ва Турин клуби раҳбарияти ўртасида келишмовчилик юзага келган.  Римликлар вазиятдан унумли фойдаланиб қолмоқчи.

Трансфер бўйича экспертларнинг таъкидлашича, “Рома” Лукични олиш учун “Торино”га икки нафар футболчини таклиф қиляпти. 

Жозе Моуриньо ўйин амалиётини бермаётган Элдор Шомуродов Туринга йўл олиши мумкин. Рим клуби мутасаддилари Лукич трансферида ўзбекистонлик ҳужумчидан фойдаланмоқчи.

Шомуродовнинг ўзи ҳам "Торино"га ўтишга мойиллигини билдирмоқда. Ҳамюртимиз яқинда "Кремонезе" чорловини қабул қилмади ва фаолиятини жиддийроқ клубда давом эттиришини шу тариқа кўрсатиб қўйди.

Лукич билан рокировка қилиниши мумкин бўлган яна бир ўйинчи Мараш Кубулладир. Албаниялик марказий ҳимоячи ҳам худди Шомуродов каби етарли даражада ўйин амалиётига эга бўлмаяпти.

Саша Лукичнинг ўзи ҳам пойтахт клубига кўчиб ўтишга мойиллик билдирган. Сербия терма жамоаси жаҳон чемпионатини тарк этди. Энди Лукич қишки трансферлар вақтида клубдаги фаолиятини режалаштиришга вақт ажратиши мумкин. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!