Моуриньо собиқ шогирдини “Рома”га чорламоқда
"Тоттенхэм" ярим ҳимоячиси Танги Ндомбеле фаолиятини А Серияда давом эттириши мумкин. Футболчига "Рома" жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Танги ўтган мавсумни "Лион"да ижара асосида ўтказди. Лига 1 якунига етгандан кейин эса у яна Лондонга қайтди. Бироқ, “Тоттенхэм” бош мураббийи Антонио Конте уни ўз режаларига киритмаган. Шу боис, футболчи “шпорлар” сафини тарк этиши мумкин.
“Romagiallorossa” нашри хабарига кўра, ўтган йиллар давомида Ндомбеле билан бирга ишлаган “Рома” устози Жозе Моуриньо ярим ҳимоячини сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
“Шпорлар” футболчини ижара асосида эмас, балки тўлиқ трансфер қилиш борасида музокара ўтказмоқда. Чунки улар Ндомбеленинг нархи йил давомида сезиларли даражада пасайиб кетишидан хавотирга тушмоқда.
Футболчи ўтган мавсум Франция чемпионати доирасидаги 11 ўйинда майдонга тушиб, 2 та голли узатмани амалга оширган.
Фикрлар