Мундиал сари. Танишинг - Испания терма жамоаси
Ads

Саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришни бошлайди. Бу сафар мусобақа фаворитларидан бири сифатида эътироф этилаётган Испания терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Тарихга назар

Испания – дунёнинг энг кучли жамоалари тўп сурадиган лигага эга мамлакат. Мухлису-мутахассислар “қизил фурия” деб аташади ушбу мамлакат терма жамоасини. Испания футболига эса расман 1909 йилда асос солинган. Испаниялик футболчилар 1920 йил ўтказилган ёзги олимпиада ўйинларида иштирок этишди ва кумуш медалларни қўлга киритишди. Бу улар қатнашган илк расмий мусобақа сифатида тарихга кирди.

Испания терма жамоаси ўзининг илк учрашувини 1920 йил 28 августда Данияга қарши ўтказди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Илк расмий ўйин эса 1921 йилга тўғри келади. Ўшанда испанлар бельгиялик футболчиларга қарши ўйнашган ва 2:0 ҳисобида зафар қучишган.

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

Испания терма жамоаси гарчи Уругвайда (1930) ўтказилган илк мундиалда иштирок этмаган бўлсада, орадан тўрт йил ўтиб Италия яшил майдонлари мезбонлигида ўтган жаҳон чемпионатида қатнашди ва чорак финалга қадар етиб бора олди. Шундан сўнг улар 1938 йил Францияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам қатнашишмади. Иккинчи жаҳон уришидан сўнг ўтказилган (1950 йил) илк мундиалда испанияликлар иштирок этишди. Бу сафар Бразилия майдонлари уларга омад келтирди ва Испания ярим финалга қадар етиб борди.

Бироқ, “қизил фурия” кейинги 1954 (Швейцария) ва 1958 (Швеция) йилларда ўтказилган жаҳон чемпионатлари саралашидан ўта олмади. 1962 йил Чили ва 1966 йил Англия мезбонлигида ўтган мундиалда Испания терма жамоаси гуруҳда қолиб кетди. 1970 (Мексика) ва 1974 (Германия) йилги жаҳон чемпионатлари саралашлари ҳам испанияликлар учун омадсиз кечди.

Ниҳоят Испания терма жамоаси учун ҳам ёруғ кунлар келди. Гарчи 1978 йил Аргентинада бўлиб ўтган мундиалда улар гуруҳ босқичида қолиб кетишган бўлсаларди, орадан 4 йил ўтиб ўз юртида ўтказилган жаҳон чемпионатида иккинчи босқичга қадар етиб бора олишди. Шундан сўнг Испания терма жамоаси ҳозиргача барча жаҳон чемпионатларида мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Испанияликлар ўз уйларида ўтказилган жаҳон чемпионатидан сўнг 1986 йил Мексикага ташриф буюришди. Ўз гуруҳларида Бразилиядан сўнг иккинчи ўринни қўлга киритган испанияликлар нимчорак финалда Данияни 5:1 ҳисобида таслим этишди. Аммо, уларнинг бу шашдини чорак финалда бельгиялик футболчилар синдиришди. Шу тариқа Испания учун Мексикадаги мундиал ўз ниҳоясига етди.

Орадан яна тўрт йил ўтди ва бу сафар жаҳон чемпионатига Италия мезбонлик қилди. Уругвай, Бельгия ва Жанубий Корея жой олган гуруҳда испаниялик футболчилар биринчи ўринни қўлга киритишди ва плей-офф йўлланмасига эга чиқишди. Бироқ, бу босқичда улар кутилмаганда собиқ Югославия терма жамоасига 2:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди ва мусобақадаги иштирокларини тўхтатишди.

1994 йил АҚШ сайёрамизнинг энг йирик турнирини ўзида қабул қилди. Мусобақанинг “C” гуруҳида Испания, Германия, Боливия ҳамда Жанубий Корея терма жамоалари жой олди. Илк турда Жанубий Корея терма жамоаси Испанияга жиддий қаршилик кўрсатди – 2:2. “Қизил фурия” гуруҳнинг иккинчи баҳсини Германияга қарши ўтказди ва яна дуранг қайд этди – 1:1. Улар сўнгги турдагина Боливия устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Шу тариқа гуруҳда 2-ўринни қўлга киритган испанияликлар нимчорак финалда Швейцарияга тўқнаш келишди. Ушбу ўйинда 3:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришган Испанияга чорак финалда Италия қаршилигига дуч келди ва якунда 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, мусобақани тарк этди.

1998 йил Францияда бўлиб ўтган мундиалда Испания “D” гуруҳида Нигерия, парагвай ҳамда Болгария терма жамоаларига қарши баҳс олиб борди. Нисбатан кучсиз дея эътироф эътилган ушбу гуруҳда кутилмаганда испанлар қолиб кетишди. Улар дастлаб Нигерияга (1:2) имкониятни бой бериб қўйишди, иккинчи турда эса Парагвай билан ҳисоб очилмади – 0:0. Улар ушбу ўйинлардаги бор аламларини Болгария терма жамоасидан олишди. Испания – Болгария 6:1.

2002 йилги жаҳон чемпионатига 2та Осиё мамлакати мезбонлик қилди. Испания Жанубий Корея ва Япония яшил майдонларида ўтказилган мусобақада “B” гуруҳида Жанубий Африка, Парагвай ҳамда Словения терма жамоаларига қарши кураш олиб борди. Анчайин номдор футболчилар билан ташриф буюрган “қизил фурия” гуруҳда барча рақибларини мағлубиятга учратди ва 100% натижа билан плей-оффга йўл олди. Бироқ, кейинги босқичларда испанияликларга осон бўлмади. Улар нимчорак финалда Ирландияни пенальтилар ҳисобига кўра мағлуб этишди. Чорак финалда эса майдон эгалари ҳисобланган Жанубия Корея терма жамоасига қарши ўйнашга тўғри келди. Бу ўйинда ҳам ғолиб футбол лотореясида аниқланди. Омад ҳар доим ҳам келавермайди деганларидек, бу сафар омад испанлардан юз ўгирди ва улар мусобақани шу босқичда тўхтатишди.

Орадан тўрт йил ўтгач Испания яна катта умидлар билан Германия томон йўл олди. Улар Тунис, Саудия Арабистони ҳамда Украина терма жамоалари билан мусобақанинг “H” гуруҳидан жой олишди. Бу сафар ҳам барча рақибларини тор-мор келтирган испанлар 9 очко билан нимчорак финалга йўл олишди. Дастлаб Украина 4:0 ҳисобида таслим этилди. Кейинроқ Тунис (3:1) ва Саудия Арабистони (1:0) ҳам мағлубиятга учратилди. Бироқ, шу босқичнинг ўзида улар бўлажак финалчи – Франция терма жамоасига 3:1 ҳисобида ютқазиб қўйишди.

Ниҳоят “қизил фурия” Жанубий Африкада ўтказилган мундиалда ўз тарихига зарҳал битиклар битди. Дастлаб гуруҳ босқичида уларга Чили, Швейцария ва Гондурас терма жамоалари рақиблик қилишди. Қизиғи, бўлажак чемпионлар илк турда Швейцарияга 1:0 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Аммо гуруҳнинг қолган Гондурас (2:0) ва Чилига (1:2)  қарши ўйинларида ғалаба қозонишиб, плей-оффга йўлланмани қўлга киритишди. Бу босқичда уларга ён қўшни Португалия рақиблик қилди. Ўйиннинг 63-дақиқасида Давид Вилья томонидан киритилган ягона гол испанларни чорак финалга олиб чиқди. Чорак финалда ҳам ҳудди шу ҳисобда Парагвай таслим этилгач, Испания терма жамоаси ярим финалга йўлланмани қўлга киритди. Бу босқичда “қизил фурия” “немис машинаси”га тўқнаш келди. Шиддатли кечган ўйин тақдирини яна ўша битта гол ҳал қилди. Испанларни финалга олиб чиққан “олтин гол”га Карлес Пуёль муаллифлик қилди. 11 июль 2010 йил. Ушбу сана Испания футболи тарихида янги саҳифа очди. Шу куни финалда Голландия терма жамоасига қарши ўйнаган испанлар 116-дақиқада Иньеста томонидан киритилган “олмос гол” эвазига ўз тарихларида биринчи марта жаҳон чемпиони деган номга сазовор бўлишди.

Бироқ, орадан тўрт йил ўтиб Бразилия майдонларида бўлиб ўтган мундиал Испания терма жамоаси учун шармандали кечди. Аниқроғи улар мусобақанинг гуруҳ босқичида кетма-кет мағлубиятга учраб, ўз юришларини тўхтатишди. Дастлаб Голландия бундан тўрт йил олдинги аламини ортиғи билан чиқариб олди - 1:5. Ушбу мағлубиятдан ўзига келиб улгурмаган испанларни бу сафар Чили ер тишлатди – 2:0. Гуруҳнинг сўнгги баҳсида Испания мухлислари учун далда вазифасини бажарди ва амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайдиган ўйинда Австралияни 3:0 ҳисобида енгди.

Қитъа биринчилигидаги натижалари

Испания терма жамоаси қитъа чемпионатларида нисбатан яхшироқ иштирок этади. Улар ушбу мусобақада 1960 йилдан (Франция) буён қатнашишни бошлашган. Испания терма жамоаси 1964 йил ўз майдонида ўтказилган қитъа биринчилигида шохсупанинг энг юқори қисмидан жой олишга муваффақ бўлди ва тарихда илк марта ушбу совринга эга чиқди.

Шундан сўнг кетма-кет 3 марта саралаш босқичида қолиб кетди. 1980 йилги мусобақада эса улар гуруҳ босқичидан нарига ўта олишмади. Аммо, орадан тўрт йил ўтиб, аниқроғи 1984 йил Францияда бўлиб ўтган Европа чемпионатида финалга қадар етиб бора олди. Шундан кейин 1988 йил яна гуруҳ босқичи, 1992 йил яна саралашда қолиб кетди. 1996 ва 2000 йилги қитъа чемпионатида уларнинг юриши чорак финаллардаёқ тўхтади. 2004 йил эса яна гуруҳда қолиб кетди.

Бироқ, кейинги иккита Европа чемпионатида Испания терма жамоаси бутун қитъага футболни қандай ўйнаш кераклигини кўрсатиб қўйди. Дастлаб 2008 йил Австрия ва Швейцария мезбонлигида ўтган мусобақада зафар қучган испанлар 2012 йил Польша ва Украинада ўтказилган  мусобақада ҳам бош совринни ўзлари билан бирга олиб кетишди. Аммо, кетма-кет чемпионликдан сўнг улар 2016 йил Францияда бўлиб ўтган мусобақада чорак финалда тўхташди.

Испания терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Илк учрашуви: 1920 йил 28 август, Испания – Дания 1:0.

Энг йирик ғалабаси: 1933 йил 21 май, Испания – Болгария 13:0.

Энг йирик мағлубияти: 1928 йил 4 июнь, Италия – Испания 7:1.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Икер Касильяс (167).

Энг яхши тўпурар: Давид Вилья (59).

Испания терма жамоа бош мураббийи Хулен Лопетеги ЖЧ-2018 учун терма жамоанинг якуний таркибини яқин кунларда эълон қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Испания мундиалнинг “Б” гуруҳида Эрон, Португалия ва Марокаш терма жамоаларига қарши кураш олиб боради.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.