Мундиал сари. Танишинг - Хорватия терма жамоаси
Ads

Барчамизга маълумки саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти сиз азиз мухлисларни мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар ўтган асрнинг 90-йилларидан сўнг мустақилликка эришган ва шундан буён дунё футболига кўплаб юлдузларни тарбиялаб чиқараётган Хорватия  терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Хорватия терма жамоасига 1990 йил асос солинди. Улар 1992 йил йил ФИФА ва УЕФА аъзолигига қабул қилинишди. Ушбу терма жамоа ўзининг илк учрашувини 1990 йил 17 октябрь куни Загребда АҚШ терма жамоасига қарши ўтказган ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

Хорватия терма жамоаси 1990 йилга қадар жаҳон чемпионатларида собиқ Югославиянинг бир қисми сифатида ушбу юрт номидан иштирок этиб келди. 1994 йил эса саралашда ўта олишмади.
Ушбу мамлакатнинг мундиаллардаги илк иштироки 1998 йил Францияда ўтказилган мусобақага тўғри келади. Эътиборлиси, Хорватия ўзининг дебют иштирокидаёқ бронза медалларини қўлга киритди. Улар мусобақанинг “H” гуруҳида Аргентина, Ямайка ва Япония терма жамоаларига қарши тўп суришди. Дастлабки икки турда Япония (1:0) ва Ямайка (3:1) таслим этилди. Аммо, сўнгги турда Аргентинага 1:0 ҳисобида имконият бой берилди. Лекин шунга қарамай хорватияликлар 6 очко билан гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритишди ва нимчорак финалга йўл олишди. Бу босқичда уларга Руминия рақиблик қилди. Хорватия эса Шукернинг 45-дақиқада пенальтидан киритган ягона голи эвазига чорак финалда иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди. Чорак финалда эса улар Германия терма жамоасини 3:0 ҳисобида енгиб, ўзига ҳос сенсация билан ярим финалга йўл олишди. Бироқ, улар бу босқичда бўлажак чемпион Франция терма жамоасига тўқнаш келишди ва 2:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди. Аммо, шунга қарамай хорватиялик футболчилар мусобақанинг бронза медаллари учун кечган ўйинда Голландияни ҳудди шу ҳисобда енгишди ва жаҳон чемпионатининг учинчи ўрнини эгаллашди.

Орадан тўрт йил ўтиб мундиалга Япония ва Жанубий Корея терма жамоалари мезбонлик қилди. Хорватия эса бу сафар “G” гуруҳида Италия, Эквадор ҳамда Мексика терма жамоасига қарши кураш олиб борди. Дастлаби турда Мексикага (1:0) имконият бой берилган бўлсада, иккинчи баҳсда Италия 2:1 ҳисобида таслим этилди. Бироқ,  улар сўнгги турда кутилмаганда 1:0 ҳисобида Эквадорга ютқазиб қўйишди ва плей-офф йўлланмасини қўлдан бой беришди. Шу тариқа Хорватия терма жамоасининг мундиаллардаги иккинчи иштироки ўз якунига етди.

Навбат 2006 йилги Германия мундиалига етиб келди. Бу сафар улар мусобақанинг “F” гуруҳида Бразилия, Австралия ва Япония терма жамоаларига қарши кураш олиб боришди. Дастлаб Бразилияга (1:0) имкониятни бой берган Хорватия кейинги икки турда Япония (0:0) ва Австралия (2:2) билан дуранг қайд этди. Ҳисобида 2 очко бўлган хорватияликлар бу сафар ҳам ўз юришларини гуруҳ босқичида якунлашга мажбур бўлишди.

Улар 2010 йилги Жанубий Африка мундиали саралашидан ўта олишмади. Аммо, хорватияликлар орадан тўрт йил ўтиб Бразилия яшил майдонларида ўтказилган жаҳон чемпионатида иштирок этишди. “А” гуруҳида улардан ташқари мезбон Бразилия, Мексика ва Камерун терма жамоалари ҳам жой олишган эди. Улар илк турда Бразилияга 3:1 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Аммо, иккинчи турда Камерун 4:0 ҳисобида доғда қолдирилди. Бироқ, сўнгги турда Мексикага 1:3 ҳисобида имкониятни бой берган хорватлар яна гуруҳда қолиб кетишди.

Қитъа биринчиликларидаги иштироки

Хорватия 1992 йилга қадар собиқ Югославиянинг бир қисми сифатида Европа чемпионатларида қатнаша олмади. Аммо, кейинчалик мустақилликка эришган Хорватия учун 1996 йилги Англияда ўтказилган қитъа биринчилиги бу борада илк иштирок бўлди. Ўшанда улар мусобақанинг “D” гуруҳида Португалия, Дания ва Туркия терма жамоалари билан баҳс юритишган эди. Якунда олти очко тўплаган хорватиялик футболчилар чорак финал йўлланмасини қўлга киритишди. Улар бу босқичда Германияга тўқнаш келишди ва якунда 2:1 ҳисобида имкониятни бой бериб, муосбақани тарк этишди.

Кейинги тўрт йилликнинг кўҳна қитъадаги энг нуфузли мусобаси Бельгия ва Голландияда ўтказилди. Аммо, саралашдан ўта олишмаган хорватияликлар ушбу мусобақада иштирок этишмади. Орадан тўрт йил ўтиб эса Португалия Евро-2004га мезбонлик қилди. Бироқ, улар бу сафар ўз иштирокларини гуруҳ босқичидаёқ тўхтатишга мажбур бўлишди.

2008 йил Европа чемпионатига Австрия ва Швейцария майдонлари мезбонлик қилди. Хорватияликлар бу сафар гуруҳдан чиқишни уддалашди. Аммо, кейинги босқичда Туркияга қўшимча таймларда ўтказиб юборилган голлар эвазига 3:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Орадан тўрт йил ўтиб Европа чемпионати Польша ва Украина мамлакатида бўлиб ўтди. Аммо, Хорватия терма жамоаси бу сафар ҳам гуруҳда қолиб кетди.

Францияда ўтказилган охирги Европа чемпионатида хорватияликлар бироз ўзларига келиб олишни уддалашди. Мусобақанинг “D” гуруҳида уларга Испания, Чехия ва Туркия терма жаомоалари тўқнаш келишди. Гуруҳда Туркия (1:0) ва Испания (2:1) мағлуб этилди, Чехия билан эса 2:2 ҳисобида жанговор дуранг қайд этилди. Шу тариқа гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритган Хорватия навбатдаги босқичда бўлажак чемпион Португалия терма жамоасига қарши майдонга тушди ва 1:0 ҳисобида имкониятни бой берди.

Хорватия терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Энг йирик ғалабаси: 2016 йил 4 июнь, Хорватия – Сан-Марино 10:0.

Энг йирик мағлубияити: 2009 йил 9 сентябрь, Англия – Хорватия 5:1.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Дарио Срна (134).

Энг яхши тўпурар: Давор Шукер (45).

ФИФА рейтингидаги энг юқори ўрни: 3-ўрин (1999).

ФИФА рейтингидаги энг паст ўрни: 125-ўрин (1994).

Хорватия терма жамоаси бош мураббийи Златко Далич бундан бир неча кун олдин ЖЧ-2018да иштирок этадиган 23 нафар футболчи номини маълум қилди.

Қуйида ушбу футболчилар рўйхати билан танишиб олишингиз мумкин:

Дарвозабонлар: Даниэль Субашич («Монако»), Ловре Калинич («Гент»), Доминик Ливакович («Динамо», Загреб).

Ҳимоячилар: Ведран Чорлука («Локомотив»), Домагой Вида («Бешикташ»), Иван Стринич («Сампдория»), Деян Ловрен («Ливерпуль»), Шиме Врсалько («Атлетико»), Йосип Пиварич («Динамо», Киев), Тин Едвай («Байер»), Матей Митрович («Брюгге»), Дуйе Чалета-Цар («Зальцбург»).

Ярим ҳимоячилар: Лука Модрич, Матео Ковачич (иккаласи — «Реал»), Иван Ракитич («Барселона»), Милан Бадель («Фиорентина»), Марсело Брозович («Интер»), Филип Брадарич («Риека»);

Ҳужумчилар: Марио Манджукич («Ювентус»), Иван Перишич («Интер»), Никола Калинич («Милан»), Андрей Крамарич («Хоффенхайм»), Марко Пьяца («Шальке»), Анте Ребич («Айнтрахт»).

Эслатиб ўтамиз, Хорватия ЖЧ-2018нинг “D” гуруҳида Франция, Исландия ва Нигерия терма жамоаларига қарши кураш олиб боради.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.