Мундиаль стартига 28 кун қолди. Футбол ватани бўлган ва таркибида даҳшатли юлдузлари бўлган Англия терма жамоаси ҳақида

"ЖЧ-2022" стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.

Қайси терма жамоалар "ЖЧ-2022"да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир  бор эслатиб ўтиб кетамиз.

Мундиаль стартига 28 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, “ B” гуруҳининг вакили Англия орқали ўзига хос “челленж”имизни давом эттирамиз.

Олдинроқ, биз “А” гуруҳининг Қатар, Эквадор, Сенегал ва Нидерландия каби терма жамоалари билан танишиб чиққан эдик. Энди навбат “B” гуруҳининг биринчи иштирокчиси, футбол ватани ҳисобланган Англия ҳақида маълумот берамиз.

Жамоа ҳақида

Англия футбол ассоциация (FA). Лақаби — “уч шерлар”.

Ташкил топган йил: 1863 йил, 26 октябрь (ФИФА’га 1905 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Гарет Саутгейт
Жамоа сардори: Харри Кейн

Илк расмий учрашуви: Шотландия – Англия 0:0 (1872)
Энг йирик ғалаба: Ирландия – Англия 0:13 (1882)
Энг йирик мағлубият: Венгрия – Англия 7:1 (1954)

Англия терма жамоаси айни пайтда ФИФА рейтингида 5-ўринни эгаллаб турибди. Уларнинг энг ёмон натижаси эса 15-поғона бўлиб, 2008 йилги Европа чемпионатига йўлланмани қўлга кирита олмагач, ўша йилнинг сентябрь ойида кучли ўнликдан тушиб кетган.

Инглизлар 1950 йилгача жаҳон чемпионатларида қатнашмаган, аммо кейинги 18 турнирнинг деярли барчасида иштирок этиб келади. Англия уч марта ЖЧдан қуруқ қолган: 1974 (Ғарбий Германия), 1978 (Аргентина) ва 1994 (АҚШ), шунингдек, уч марта гуруҳ босқичидан кейин мусобақа билан хайрлашган; 1950, 1958 ва 2014 йилларда. Англия терма жамоасининг энг яхши кўрсаткичи 1966 йилда кузатилган. Ўшанда “уч шерлар” ўз майдонида ўтказилган мундиалда бош совринга эга чиққан. Қолаверса, улар 1990 йилда Италияда ва 2018 йилда Россияда ўтказилган ЖЧда тўртинчи ўринни эгаллади.

Турниргача босиб ўтган йўли

Англия терма жамоаси Қатардаги жаҳон чемпионати чиптасини мағлубиятларсиз қўлга киритди. Улар саралашнинг деярли барча учрашувларида ғалаба қозонди. Фақатгина, Венгрия ва Польшага қарши ўйинларда дуранг ўйнади. Қолган 8 баҳсда эса ғалабани тантана қилди. “Уч шерлар” саралашда “I” гуруҳидан жой олди ва 26 очко тўплаган ҳолда мундиалга йўлланма олди.

Англия саралашда жуда ҳам сермаҳсул ўйин намойиш этди. Буни 10 та беллашувда 39 та гол уриб, ўз дарвозасидан атиги 3 та тўп ўтказиб юборганидан ҳам сезиш мумкин. Хусусан, Гарет Саутгейт шогирдлари Сан-Марино терма жамоасига қарши икки ўйинда жами 15 та гол киритишни уддалади. Шунингдек, Андоррани умумий 9:0 (4:0, 5:0), Албанияни икки ўйин натижасига кўра 7:0 (2:0, 5:0, Венгрияни 5:1 (4:0, 1:1) ва Польшани 3:1 (2:1, 1:1) ҳисобида мағлубиятга учратди.

Англия терма жамоаси сўнгги учрашувини Европа Миллатлар лигаси доирасида Германияга қарши ўтказган бўлиб, жанговор 3:3 ҳисобида дуранг ўйнди.

Таркиб

Англия терма жамоаси 2018 йил Россия майдонларида ўтказилган жаҳон чемпионатида 4-ўринни эгаллади. Қатардаги мундиалда ҳам инглизлар фаворитлар қаторида эътироф этилмоқда. Буни “уч шерлар”нинг юлдузли таркибидан ҳам билиш мумкин. Айни пайтда Англия терма жамоасида Жуд Беллингем, Харри Кейн, Харри Магуайр, Рахим Стерлинг, Жон Стоунз, Фил Фоден, Тэмми Абрахам, Рис Жеймс, Эрик Дайер, Мейсон Маунт ва Кайл Уокер каби кўплаб топ-даражадаги футболчилар тўп тепади. Ушбу чарм тўп усталари ўз клубларининг етакчилари ҳисобланади. Шу боис, инглизларни ЖЧ фаворитлари қаторига қўшиш мумкин.

Хусусан, Харри Кейн айни пайтда дунёдаги энг яхши ҳужумчилардан бири ҳисобланади. У ҳозирда Англия терма жамоаси тарихидаги энг яхши иккинчи тўпурар бўлиб турибди. “Тоттенхэм” ҳужумчиси кейинги баҳсларда яна иккита гол урса, “уч шерлар”нинг энг яхши тўпурари Уэйн Рунига етиб олади. Ҳозир МЮ собиқ ҳужумчиси ҳисобида 53 та гол бор.

"ЖЧ-2022"даги тақвими

Англия Қатардаги жаҳон чемпионатининг “B” гуруҳида, тартиб бўйича 1-жамоа саналади. Уларнинг тақвими қуйидагича:

21 ноябрь. Англия – Эрон
26 ноябрь. Англия – АҚШ
30 ноябрь. Уэльс – Англия

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!