Мураббий ўзи хоҳламаган муаммо билан тўқнаш келди ёхуд "Нефтчи" қаддини ростлайдими?

Ўтган йили про лигада муваффақиятли қатнашиб Суперлигага қайтган “Нефтчи” бу йил кучлилар орасида муносиб иштирок этиш учун “катта гапирди”. Ёдингизда бўлса, бош мураббий Илҳом Мўминжонов жамоа олдига совринли ўринлардан бирини эгаллаш вазифаси қўйилгани ҳақида айтди. Таркибга ҳам ўзи хоҳлаган ўйинчиларни чақирди. Эшитишимизча, маблағ масаласида муаммо йўқ.

“Нефтчи” аввалги мавқеини тиклаш учун чемпионатга киришди. Лекин ўша мавқени қайтариш жуда ва жуда қийинлигини вақтни ўзи кўрсатиб қўймоқда. Юрий Саркисяндан кейинги “Нефтчи” нима аҳволга тушганини яна қайтаришимиз шарт эмас, буни ҳамма билади. Ўша Саркисян давридаги “Нефтчи”га қайтиш учун яна қанча вақт керак, очиғи билмадик.

нефтчи4_1

Илҳом Мўминжонов Суперлигада “Нефтчи”даги дебютини ғалаба билан бошлади. 2 март куни Яйпанда “Қўқон-1912”ни кичик – 1:0 ҳисобида енгди. Гўёки, фарғоналиклар шу билан совринли ўринлар учун курашни бошлагандек тасаввур уйғотганди. Йўқ, улар шунчаки мавсумни ғалаба билан бошлаган бўлиб чиқди, холос. Вазият шундай тус ола бошладики, “Нефтчи” эринмасдан кетма-кет очколарни бой беришга “киришиб” кетди. Мағлубиятлар ва дуранглар эпидемияси сабабли фарғоналиклар ғалабадан анча узоқлашиб кетишди. Бу ёқда эса мухлислар яна қаттиқ азият чекишни бошладилар. Эндигина “Нефтчи”нинг элитага қайтганидан шод бўлишган ишқибозлар севимли жамоасининг юта олмаётганини кўриб ғамга ботди. Клубни танлаган йўли бўйича шубҳалар орта бошлади. Таркиб бўйича нолишга ҳожат йўқ. Яхши футболчилар. Аммо натижа йўқ. Бош мураббий ҳам бизнингча ўйланиб қолди ҳамда вазиятдан чиқиб кетиш йўлларини қидиришга тушди. Яқинда сербиялик мутахассисни ўзига ёрдамчи сифатида таклиф қилди. Шунингдек, охирги пайтларда матбуот анжуманларида таркибдаги ўйинчилар, айниқса легионерлардан қониқмаётганини очиқ айтди. Нима қилса ҳам таркибни ўзи тўплаган.

нефтчи3

Ниҳоят, “Нефтчи” узоқ муддатли ғалабасиз сериядан кейин “кўзини очгандек” бўлди. 2 март куни илк ғалабасига эришган жамоа 22 май оқшомида “Металлург”ни қабул қилиб 3:0 ҳисобида муваффақият қозонди. Бу пайтга келиб Суперлиганинг 10-турига ҳам етиб келгандик. Бўларкан-у, деди кўпчилик ушбу ғалабадан кейин. Бу ғалаба жамоани “уйғотса” керак деганлар ҳам кўп бўлди, шекилли. Лекин кейинги турдаёқ жамоа яна аввалги ҳолига қайтди. 11-тур, АГМК – “Нефтчи” – 3:0! Демак, “Металлург” устидан қозонилган йирик ғалаба жамоани руҳлантирмабди (ҳар холда шундай фикр келди, хаёлимизга). Ҳозирда клуб 11 беллашувда 2 ғалаба, 3 дуранг ва 6 мағлубият қайд этди. Шу сабабли 9 очко билан 11-поғонани банд этган.

илхом1_4

Бизнингча, чемпионатимиздаги танаффус ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ “Нефтчи”га жуда зарур эди. Мўминжонов жамоасининг ўйинидаги камчиликларни бартараф этиш учун яхши фурсат. Дарвоқе, мураббий яна бир жиддий муаммо билан тўқнашди. Кутилмаганда “Нефтчи”нинг асосий ўйинчиларида бирин-кетин жароҳатлар кузатила бошлади. Оқибатда бир қанча ўйинчилари бир неча муддатга сафдан чиқди. Бундай ҳолатда ҳар қандай мураббийнинг режасига ўзгартиришлар киритиб юборади. Фарғоналиклар устози ҳам ўзи хоҳламаган равишда шундай муаммо билан тўқнаш келди. 22 июнь куни 12-тур доирасида “Насаф” билан учрашувгача жароҳатдагилар сафга қайтишса ажаб эмас.

Бир сўз билан айтганда, “Нефтчи”ни қайта оёққа турғазиш керак. Бу борада яхши ният билан ҳаракат бошланган-у, лекин бу ҳаракатда баракат кўринмаяпти. Юқорида бежизга Саркисян пайтидаги совриндор жамоа ҳақида тўхталмадик. Балки ўша “Нефтчи”ни қайтаришар, балки...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!