"Мураббийлар фақат гол уришинг қолди дейишарди" - Йўлдошев "Спартак"ка қарши ўйин, клубидаги ҳолат ва нега миллий эмас, балки U-23 термасига жалб қилингани тўғрисида

Россия премьер-лигасининг навбатдаги турида ҳамюртимиз тўп сураётган “Нижний Новгород” клуби ўз майида “Спартак”ни қабул қилди. Бу учрашув легионеримиз – Иброҳимхалил Йўлдошев учун унутилмас бўлиб қолди.

Боиси, жамоаси мағлубиятга учраётган маҳалда Йўлдошев “Спартак” дарвозасига гол урди ва “Нижний Новгород”ни мағлубиятдан сақлаб қолишида ҳисса қўшди.

Шунингдек, Иброҳимхалил Россия чемпионатидаги илк голини ҳам киритишга муваффақ бўлди. Ушбу ўйиндан кейин ҳамюртимиз мақтовларга сазовор бўлди. Sports.uz мухбири эса Йўлдошев билан алоқага чиқди.

“Спартак”ка қарши беллашув тўғрисида

- “Спартак”ка қарши ўйинимиз жуда яхши ўтди. Ушбу даврадан бошлаб ажойиб ўйин кўрсатяпмиз. Машғулотларда ҳам астойдил тайёргарлик кўряпмиз. Мураббийимиз ҳам бизни ҳаракатларимиз, ишга бўлган муносабатимиздан қониқиш ҳосил қилмоқда. Албатта, гол урганимдан жуда хурсанд бўлдим. Охирги учрашувларда гол уришимни сезиб тургандим ва жуда хоҳлаётгандим. Бунда биргина менинг эмас, бутун жамоамизнинг ҳиссаси бор. Жамоамга бироз бўлса ҳам фойдам текканидан мамнунман.

иброхим4_1

Кержаков нима деди?

- Ҳар сафар мураббийимиз ғалаба учун ўйнашимиз кераклигини таъкидлаб келади. Кержаков ҳар учрашувдан аввал менга гол ур, деб айтарди. Яъни, менга битта гол уришинг қолди, деб таъкидларди. Мураббийлар штаби ҳар учрашувдан сўнг, яхши ўйнадинг, фақат биргина гол уришинг қолди дейишарди. “Спартак” билан ўтган учрашувдан кейин менга ниҳоят уддаладинг, деди.

Йўлдошев ўйиндан тўлиқ қониқдими?

- Албатта, қониқиш ҳосил қилдим. Чунки жамоамиз ютқазаётган пайтда гол уриб кетдим. Тўғри, бу билан биз ютолмадик. Аммо, барибир қониқиш ҳосил қилдим. Нимадандир қониқмаган нарсам бўлмади. Масалан, “Спартак” пенальтидан гол уриб кетиши ҳам мумкин эди. Нима бўлганда ҳам жамоамга фойдам тегди, деб ўйлайман.

иброхим_1

Нега миллий терма сафидан жой олмагани тўғрисида

- Мени дастлаб миллий терма жамоага чақиришганди. Сречко Катанецнинг таркибида бор эдим. 3-4 кун олдин Тимур Кападзе билан телефонда гаплашгандим. Катанецдан мени, Норчаев ва Эркинов учаламизни сўраган экан, фақат мен билан Норчаевга рухсат берибди. Хожиматни позициясида рақобатчилар камроқ бўлгани учун уни таркибда олиб қолган. Шундай қилиб, биз U-23 терма жамоаси йиғинига борадиган бўлдик.

иброхим1_1

Легионеримизга қайси жамоада тўп суриш қулай?

- Иккала терма жамоада тўп суриш ҳам менга қулай, деб ҳисоблайман. Масалан, ёшлар термасидаги барча ўйинчилар танишим. Академияда бирга тўп сурганмиз. Миллий термада эса кўпроқ ўйнадим. Шу боис бош жамоамизда ўйнаш бўйича бироз бўлса ҳам тажриба бор. Бу сафар Кападзе жамоасига керак бўлганим учун ўша жамоага чақиришди.

Клубида ўзини қандай ҳис қиляпти?

- “Нижний Новгород” клубига тўлиқ мослашиб кетдим. Бошида келганимда кўникиш жараёнини ўтказгандим. У пайтда жамоадошларим ва мураббий билан алоқам ҳозиргидек бўлмаган. Энди бўлса, бутун жамоа билан муносабатим жуда зўр.

иброхим2_1

“Нижний Новгород”даги дўсти

- Клубимда мени барча ибра деб атайди. Баъзида мураббийлар Йўлдошев дейишади. Жамоадошим Альберт Шарипов билан қўшнимиз. У билан доим машинасида машғулотга бирга кетамиз. Тимур Сулаймоов билан ҳам алоқам яхши. Бўш вақтларимизда жамоадошларим билан кечки овқатга бориб турамиз.

Тўғри, айрим жамоалардан қизиқишлар билдирилиши мумкин. Лекин агентларим билан ҳали бу масалада гаплашмадим ва бошқа клублар ҳақида ўйлаб кўрганим йўқ. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ал-химик
21/03/2022 22:03
Омадинг берсин ука, астойдил бўл!