"Мураккаб чорловни қабул қилдим" - "Металлург"нинг испаниялик мураббийи Намангандаги ўйин ҳақида нима деди?

Coca Cola Суперлига 24-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Металлург” (1:0) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Луисма Эрнандез қатнашиб, ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди.

- Наманганда ўйин қийин кечишини билгандик. “Навбаҳор”нинг мухлислари кўп, жамоаларини қўллаб-қувватлаш орқали доимо рақиб жамоага босим қилиб туришади. Шунга қарамай, бугун яхши ўйнадик, жуда кўплаб вазиятлар яратдик, лекин охирги паллада имкониятлардан фойдаланишда бизга омад етишмаяпти, - деди Луисма Эрнандез.

- Сизни академиядаги ишингиз орқали яхши биламиз. “Металлург”ни мураккаб вазиятда қабул қилиб, қисқа муддатда яхши ишларни амалга оширибсиз, буни бугунги ўйинда кўрдик. Жамоада қандай камчиликлар бор ва нималарни ўзгартириш керак?

- Гарчи Ўзбекистонга дастлаб академияда ишлаш учун келган бўлсам ҳам, бундан аввал Жанубий Корея ва Кувайтдаги профессионал жамоаларда бош мураббий бўлиб ишлаганман. “Металлург”га келсак, қисқа муддатда жамоани ўйинга тайёрлашга тўғри келди. Жамоада интенсивликни, шиддатни ошириш керак. Камчиликларни тўғрилаган ҳолда, кейинги икки турда ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз.

- Бугун шундай натижа қайд этилишини кутганмидингиз? “Металлург”га жорий мавсум юқори ўринларни эгаллаш учун нима етишмади, деб ўйлайсиз?

- Биз бу ерга ғалаба қозониш учун келгандик, шу боис, натижа биз учун кутилмаган бўлди. Майдонда рўй берган воқеаларни кўрдингиз, уларга алоҳида тўхталмоқчи эмасман. Мен “Металлург”да иш бошлаганимда, жамоада нимадир ўхшамаётганди, қийин вазиятга тушиб қолганди. Шунга қарамай, мураккаб чорловни қабул қилдим. Қисқа вақт ичида астойдил меҳнат қилдик, ишлашда давом этамиз. Тушунаман, жамоамиз қийин аҳволда, лекин футбол – жасур инсонлар учун, фақат қийин чақирувларни қабул қилганларгина футболда муваффақият қозонади.

- Шартномангиз жорий мавсумга мўлжалланганми ёки кейинги йил ҳам “Металлург”даги ишингизни давом эттирасизми?

- Мақсадим – “Металлург”га ёрдам бериш, қаттиқ меҳнат қилиш. Клубдаги келажагим борасида мавсум тугагандан сўнг раҳбарият билан гаплашамиз.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!