Мусобақага кичик жароҳат билан боргани, кетма-кет олтин медаль ва энг қийин жанги ҳақида Феруза Садикова билан интервью
SPORTS.uz эксклюзив интервьюларни давом эттиради. Бизнинг навбатдаги суҳбатдошимиз бир неча кун олдин таэквондо бўйича клублар ўртасидаги Осиё чемпионати ғолибасига айланган истеъдодли спортчи Феруза Садикова.
Авваламбор олтин медаль билан табриклайман. Чемпионлик ҳиссиётлари билан бўлишсангиз...
Тўғриси, уларни сўз билан ифодалаб бера олмайман. Чунки эмоциялар жуда аъло даражада. Чемпионликка эришиш осон кечмади, ҳеч қачон бундай бўлмайди. Бир-биридан қийин жанглар ўтказдим. Мураббийлар берган кўрсатмалар якунда қўл келди ва биринчи ўринни эгалладим. Ўзбекистонда туриб мени қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдираман.
Биздаги маълумотларга кўра, турнир олдидан бироз бетоблигингиз туфайли машғулотларни тўлиқ ўтказа олмадингиз. Бу муаммо туғдирмадими?
Тўғри, февраль сўнгида бир неча кун жамоа билан бирга шуғуллана олмадим. Аммо ўша пайтда ҳам тинч ўтирганим йўқ. Ҳаёлан бўлажак жангларга тайёргарлик кўрдим. Ҳайрият, жароҳатим у қадар жиддий бўлиб чиқмади ва менга панд бермади. Бу спорт, унда кўнгилсиз ҳолатлар бўлиб туради. Ҳаммаси яхшиликка, деб ўйладим ҳамда ҳаракатдан бир зумга ҳам тўхтамадим.
Турнир давомида ўтказган энг қийин жангингиз қайси бўлди? Шу ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтсангиз
Албатта финал. Боиси, бу босқичга қадар кучлилар сараланиб боради. Яна бир жиҳати, финалда спортчининг йўқотадиган бошқа нарсаси қолмайди, куч тежашнинг ҳам кераги бўлмайди. Шунинг учун, иккаламиз ҳам даянда боримизни ташладик.
2022 йилда иккинчи бор халқаро мусобақа олтин медалини қўлга киритдингиз. Бу даражани ушлаб туриш осон бўлмайди, албатта. Энди янаям кўпроқ вақтингизни машғулотга сарфлашга тайёрмисиз?
Йилни яхши кайфиятда бошлаганимиз қўл келяпти чоғи, кетма-кет иккинчи турнирда муваффақиятли иштирок этяпмиз. Бу нафақат мен, балки бутун жамоага тааллуқли. Чунки "Fujairah Open" ва "Turkish Open" турнирларида ҳам медаллар шодаси билан ортга қайтган эдик. Бевосита саволга тўхталадиган бўлсам, тўғри, энди кўпроқ машғулот ўташим, яхшироқ ҳаракат қилишим, кучлироқ бўлишим шарт. Негаки, рақибларимиз бизни ўрганишни бошлайди. Мақсадим Париж Олимпиадаси йўлланмаси бўлганидан кейин шунга яраша тер тўкишим шарт!
SPORTS.uz YouTube канага берган видео интервьюингизда бироз эринчоқлигим панд бериб қўяди деган эдингиз. Хўш, бу салбий одатдан қандай қутулдингиз?
Мураббийларим берган кўрсатмаларга амал қилганим, камчиликларим устида ишлаганим ёрдам берди. Шу нарсага амин бўлдимки, астойдил ҳаракат қилсам, барчасини уддалай олар эканман. Худога шукур, имкониятимиз бор. Энди улардан фойдаланишгина қолмоқда, холос.
Эндиги режалар қандай? Эрондаги қолган иккита халқаро турнирда ҳам иштирок этасизми?
Афсуски, "Fajr Open"ни ўтказиб юборишимга тўғри келди. Боиси, тикланиш жараёни бироз кўпроқ вақт талаб этди. Ҳозир олдинги мусобақадаги кичик жароҳатларни тузатиш ва энг муҳими, вазн сақлаш билан шуғулланяпман. Чунки Эрондаги учинчи мусобақа - Осиё таэквондо федерацияси Президенти кубогида қатнашаман. Бугун вазн ўлчаш маросимидан муваффақиятли ўтиб олсам, Худо хоҳласа, бу турнирда ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ваъда бераман!
Фикрлар