"Мутахассислар Асадхўжанинг тоза ғалабасини рақибга бериб юборди" - Тўлқин Қиличев ҳакамлар қарорига эътироз билдирди

  • 10 ноябрь, 2022, 18:08
  • 0
  • Бокс

Иорданиянинг Амман шаҳрида бокс бўйича Осиё чемпионати ўтказилмоқда.

Бугун бўлиб ўтаётган ярим финал жанглари баъзи баҳсли вазиятларни юзага келтирди. Хусусан, 67 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳакамлар қарорига кўра мағлуб деб топилди ва ўз юришини ярим финалда тўхтатишга мажбур бўлди.

Жангдан сўнг Ўзбекистон бокс жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев ўз норозилигини яшириб тура олмади:

"Ўзингиз кўрдингиз, мутахассислар Асадхўжанинг тоза ғалабасини рақибга бериб юборди. Ҳеч қандай саволга ўрин йўқ эди. Менинг ўзим ҳам очколарни ҳисоблаб бордим. Афсуски қозоғистонлик спортчининг қўли баланд кўтарилди ва бунга бўйсунишга мажбурмиз.

Демак, рақибни етарлича ура олмабмиз. Ўйлайманки, келаси сафар мана шундай воқеалар бўлмаслиги учун янада кўпроқ зарба беришга ҳаракат қиламиз. Яна бир шогирдим Адҳамжон Муҳиддинов ҳам 3 раунд фаоллик кўрсатган эди. Тўғриси тушунмай қолдим.

Шогирдларимиздан кўнглимиз тўқ, биз улар ғалаба қозонди деб ҳисоблаймиз. Вақти келганда бизнинг боксчиларнинг қўли ҳам баланд кўтарилади".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!