Мухлис Португалия ва Нигерия ўйини олдидан трибунада вафот этди
Португалия терма жамоасининг жаҳон чемпионати олдидан ўтказган сўнгги назорат учрашуви арафасида стадионда фожеали ҳодиса рўй берди.
Diario de Leiria нашри ёзишича, Португалия ва Нигерия терма жамоалари ўртасидаги ўйин бошланишидан бир неча дақиқа олдин трибунада ўтирган 77 ёшли мухлиснинг юраги тўхтаб қолган.
Ҳодиса Лейрия шаҳридаги стадионда содир бўлган. Тез тиббий ёрдам ходимлари жабрланувчини шошилинч равишда маҳаллий касалхонага етказган. Шифокорлар бир неча бор реанимация тадбирларини ўтказишган, аммо уларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, эркакнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган. Касалхонада унинг ўлими расман қайд этилган.
Шу куни Португалия терма жамоаси жаҳон чемпионати олдидан ўтказган сўнгги ўртоқлик ўйинида Нигерия устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Жаҳон чемпионатида Роберто Мартинес бошқарувидаги Португалия терма жамоаси K гуруҳида Колумбия, Ўзбекистон ва ДР Конго терма жамоаларига қарши майдонга тушади.

Фикрлар